Logo

Зангиотадаги дўконларга ўт кетди. Ёнғин тафсилотлари

Бугун, 6 август куни Тошкент вилояти Зангиота тумани «Токзор» маҳалласида жойлашган дўконларнинг бирида ёнғин келиб чиқди. Ижтимоий тармоқларда буни акс эттирувчи тасвирлар ҳам тарқалди. Vaqt.uz мухбири воқеа жойида бўлиб, тафсилотларни ўрганди.

Ёнғин жойига Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, «Ўзсувтаъминот» ҳамда Тез тиббий ёрдам хизмати ходимлари етиб келишган. Мухбиримиз воқеа жойида ишлаётган ходимлардан изоҳ олишга ҳаракат қилди, аммо олов кучлилиги ва ўчириш ишлари фаол кечаётгани сабабли бунинг имкони бўлмади.

Ҳудуддаги дўкон сотувчиларининг аксарияти ўз товарларини олов тарқалгунича ташқарига олиб чиқишга муваффақ бўлишган. Маҳаллий тадбиркорлардан бирининг сўзларига кўра, 15 дан ортиқ дўкон ва улардаги маҳсулотларнинг деярли барчаси ёниб кул бўлган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маълум қилишича, ёнғин ҳақидаги хабар соат 12:29 да ФВБ навбатчилик қисмига тушган. Қутқарув экипажлари зудлик билан воқеа жойига етиб боришган.

Гувоҳларнинг айтишича, аланга жуда бoшқa дўконларга ҳам тез тарқалган, қора тутун эса шаҳарнинг турли ҳудудларидан кўринган.

Вазирлик ахборотига кўра, ёнғин соат 13:48 да қуршаб олиниб, 14:09 да тўлиқ бартараф этилган. Ҳодиса оқибатида жабрланганлар йўқ. Ёнғин натижасида дўконларнинг 400 квадрат метр майдони ёниб кетган.

Теглар

Озодбек Абдумўминов

Озодбек АбдумўминовМақолалар сони: 11

Барчаси

Мавзуга оид