Гулнора га оид жиноят иши Швейцариядаги маҳкамада кўриб чиқилади

Bugun 08:554 daqiqa

Жорий йилнинг 27 апрел куни Беллинзонадаги Федерал жиноят судида халқаро коррупция иши бўйича кўпдан бери кутилаётган маҳкама жараёни бошланади. Мазкур ишнинг бош фигуранти Ўзбекистон собиқ президентининг қизи Гулнора Каримова бўлиб, унда Швейцария банклари ҳам иштирокчи сифатида қайд этилган. Салкам икки ўн йиллик тарихга эга ушбу иш ўзининг ғайриодатий тергов усуллари ва якуни ноаниқ эканлиги билан бошқа жараёнлардан кескин ажралиб туради.

Гулнора га оид жиноят иши Швейцариядаги маҳкамада кўриб чиқилади

Каримова иши нима ҳақида?

Мазкур воқеаларнинг илдизи қарийб йигирма йил олдинга бориб тақалади. Иш диққат марказида Ўзбекистон собиқ президентининг қизи Гулнора Каримова турибди. Федерал прокуратура (OAG) талқинига кўра, у Ўзбекистон алоқа бозорига киришни истаган компаниялардан пора ундириш билан шуғулланган «Офис» номли кенг қамровли жиноий тармоқни тузган. Ушбу тизим кўп йиллар давомида фаол ишлаган.

2012 йилда Федерал прокуратура Каримова ва унинг бизнес шеригига нисбатан жиноий иш очган. Улар коррупция, жиноий уюшма тузиш ва пул ювишда айбланмоқда.

2015 йилда Женевадаги «Lombard Odier» хусусий банкининг собиқ ходими терговга тортилди. У 2008–2012 йиллар давомида «Офис»га алоқадор шахслар учун банк ҳисоб рақамларини очиш ва бошқариш орқали маблағларнинг асл манбасини яширишга шароит яратиб берганликда гумон қилинмоқда.

«Lombard Odier» банкининг ўзи пул ювишда бевосита айбланмаяпти. Асосий савол шундаки, банк ўз ходимининг жиноий ҳаракатларига йўл қўймаслик учун барча зарур назорат чораларини кўрганми? Бу юридик тилда «корпоратив жиноий жавобгарлик» деб аталади. Аввалроқ Швейцариянинг бир қатор банклари, жумладан «Banque Pictet & Cie», «Credit Suisse» ва «Bank J. Safra Sarasin» айнан шундай асос билан жазоланган. Банк 2012 йилда бу ҳолат ҳақида Швейцариянинг пул ювишга қарши кураш идорасига (MROS) ўзи хабар берган ва тергов жараёнида расмий идоралар билан тўлиқ ҳамкорлик қилган.

Нима учун иш бунчалик узоқ давом этмоқда?

Фактик ҳолатлар қанчалик мураккаб бўлса, жараённинг бориши ҳам шунчалик ғайриодатий кечди. Ишнинг бу қадар чўзилиб кетгани алоҳида эътиборга молик: асосий воқеалар 2008 йилга бориб тақалади.

Швейцария жиноий одил судлови тарихида илк бор Федерал жиноят суди сўроқ ўтказиш мақсадида чет элга сафар қилди.

Узоқ йиллар давомида мазкур ишнинг икки йўналиши турли прокурорлар томонидан бир-биридан мустақил равишда олиб борилди. Фақат 2025 йил май ойига келиб — тергов бошланганидан ўн йилдан ошиқ вақт ўтгач — Федерал жиноят суди Федерал прокуратуранинг позициясига зид равишда иккала ишни бирлаштиришга қарор қилди. Бунга ҳар икки йўналишнинг бир хил воқеа ва фактларга асослангани сабаб бўлди. Якуний суд мажлиси 27 апрел кунига белгиланган.

Маҳкама жараёни одатий суд ишларидан нимаси билан фарқ қилади?

Иш нафақат чўзилиб кетгани, балки ўзининг нотекис бориши билан ҳам ажралиб туради. Жумладан, Каримова ва унинг бизнес шеригига нисбатан «жиноий ташкилотда иштирок этиш» айблови тергов бошланганидан фақат ўн йил ўтиб қўшилган.

Шунингдек, маҳкамада истисновий тергов ҳаракатлари амалга оширилди: Швейцария жиноят одил судлови тарихида биринчи марта Федерал жиноят суди сўроқ ўтказиш учун хорижга сафар қилди. 2026 йил бошида суд ҳайати Тошкентда Каримовани иккинчи бор сўроқ қилган. Каримова 2014 йилдан буён Ўзбекистонда қамоқда сақланмоқда. Унинг ҳибс шароити маҳкама тафсилотларидан ташқари, алоҳида хавотирларга ҳам сабаб бўлмоқда. БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича ишчи гуруҳи унинг ҳибсга олинишини асоссиз деб баҳолаб, халқаро процессуал меёрларнинг бир қатор бузилишларини қайд этган. Шу боис, ҳуқуқшунослар бу ҳолат Швейцариядаги жараёнда далилларнинг мақбуллиги ва уларга бериладиган баҳога қандай таъсир қилишини муҳокама қилмоқдалар.

Сўроқ жараёнлари ҳам қаттиқ чекловлар остида ўтди: Швейцария судялари саволларни тўғридан-тўғри бера олмади, улар фақат Ўзбекистон Бош прокуратураси орқали йўлланди. Бундан ташқари, иштирокчилар олдига жиноий жавобгарлик таҳдиди билан ғайриодатий махфийлик талаблари қўйилгани сабабли ҳимоячи адвокатлар сўроқда қатнашишдан бош тортишган. Бу эса олинган кўрсатмаларнинг Швейцария далил тўплаш стандартларига мослиги ва судда ҳуқуқий кучга эга бўлиши борасида шубҳа уйғотмоқда.

Ҳозирда асосий айбланувчиларнинг Беллинзонадаги маҳкамада қатнашиш-қатнашмаслиги номалумлигича қолмоқда. Қамоқ жазосини ўтаётгани сабабли Каримованинг шахсан иштирок этиши эҳтимолдан йироқ. Унинг шеригининг қаердалиги эса умуман номалум. Бу вазият суд олдида муҳим процессуал саволларни кўндаланг қилмоқда: маҳкамани сиртдан давом эттириш мумкинми ёки ишнинг айрим қисмларини яна алоҳида ажратиш керакми?

Нима учун иш судга оширилмоқда?

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, Швейцарияда бу турдаги ишлар одатда судгача етиб бормайди. Ўхшаш ҳолатларда, жумладан Каримовага алоқадор бошқа шахслар ишида айбланувчилар Федерал прокуратура томонидан чиқарилган жазо буйруқлари асосида тўғридан-тўғри ҳукм қилинган. Бундай тартиб фақат далиллар рад этиб бўлмайдиган даражада аниқ ва фактлар баҳссиз бўлгандагина қўлланилади.

Бироқ мазкур ҳолатда вазият бошқача. Шу сабабли Федерал прокуратура ишни судга ошириш орқали айбловлар ва шу пайтгача ўтказилган терговни очиқ кўриб чиқишга қарор қилган. Бу эса терговнинг қай даражада холис олиб борилганига ҳам жамоатчилик эътиборини қаратади.

Суддан нимани кутиш мумкин?

Юқоридаги омилларни инобатга олсак, маҳкама жараёни қандай кечишини олдиндан тахмин қилиш жуда мушкул. Жуда кўп ҳолатлар ноаниқ бўлиб қолмоқда ва кўп йиллик тергов давомида қатор номувофиқликлар тўпланиб қолган.

Судда ким иштирок этишидан ташқари, қайси далиллар қабул қилиниши ва уларга қанчалик аҳамият берилиши ҳам катта жумбоқ бўлиб қолмоқда. Шунингдек, жараённинг ҳаддан ташқари чўзилиб кетгани ва кўплаб процессуал босқичлар якуний ҳуқуқий баҳога қандай таъсир қилиши ҳам энг муҳим саволлардан биридир.

Teglar

Mavzuga oid