Logo

Эрон орқали денгизга йўл: Тошкент ва Теҳрон келишувга эришди

Бугун 08:104 дақиқа

«Tasnim» ахборот агентлигининг хабар беришича, Эрон ва Ўзбекистон транзит тўсиқларини олиб ташлашга келишиб олган.

Эрон орқали денгизга йўл: Тошкент ва Теҳрон келишувга эришди

Ўзбекистон халқаро савдо йўналишларини диверсификация қилиш ва очиқ денгизга чиқиш мақсадида Эрон билан транспорт-транзит ҳамкорлигини фаол ривожлантирмоқда. Тошкентда Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ҳамда Эрон йўллар ва шаҳарсозлик вазири Фарзона Содиқ ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Музокаралар чоғида икки давлат ўртасида юк ташиш жараёнидаги тўсиқларни олиб ташлаш, автомобил ва темирйўл транспорти соҳасидаги алоқаларни кенгайтириш ҳамда минтақавий транспорт коридорларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган.

Томонлар экспорт-импорт жараёнидаги муаммоларни ҳал этиш, ҳайдовчилар дуч келаётган қийинчиликларни ўрганиш ҳамда автомобил ва темирйўл орқали юк ташиш тартибини енгиллаштиришга келишиб олган.

Эришилган келишувларнинг амалий ижросини таъминлаш мақсадида икки давлат транспорт вазирлари ўринбосарлари бошчилигида қўшма ишчи гуруҳ ташкил этишга келишилган.

Қайд этилишича, мазкур ишчи гуруҳ халқаро юк ташувлари билан боғлиқ масалаларни тезкор ҳал этиш, мавжуд тўсиқларни бартараф қилиш ва келишилган ташаббусларни амалга ошириш бўйича амалий чораларни мувофиқлаштириб боради.

Ўзбекистон Эрон орқали қайси портларга чиқиши мумкин?

Ўзбекистоннинг Эрон билан транспорт ҳамкорлигида иккита йирик порт алоҳида аҳамият касб этади. Булар — Бандар-Аббос ва Чобаҳор портларидир.

Бандар-Аббос Форс кўрфази соҳилида жойлашган бўлиб, у орқали юкларни Бирлашган Араб Амирликлари, Уммон, Ҳиндистон, Покистон ва бошқа йирик денгиз бозорларига йўналтириш мумкин.

Чобаҳор эса Эроннинг жануби-шарқида, Уммон денгизи ва Ҳинд океани соҳилида қад ростлаган. Бу портнинг энг муҳим хусусияти — очиқ океанга тўғридан-тўғри чиқиш имконияти мавжудлигида.

«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти маълумотларига кўра, Чобаҳор порти «Шаҳид Калантарий» ва «Шаҳид Беҳештий» номли иккита йирик мажмуадан иборат. У Эроннинг Бандар-Аббосдан кейинги энг муҳим портларидан бири саналади ва халқаро «Шимол–Жануб» транспорт йўлагининг ажралмас қисми ҳисобланади.

Иккала портдан самарали фойдаланиш Ўзбекистонга денгиз савдосида турли йўналишларни ривожлантириш имконини беради. Бандар-Аббос Форс кўрфази орқали, Чобаҳор эса Уммон денгизи ва Ҳинд океани орқали жаҳон денгиз йўлларига туташади.

Бандар-Аббосгача бўлган йўналиш 13 кун вақт олади

Ўзбекистоннинг Эрон орқали денгиз портларига чиқиши янгилик эмас. Мамлакатнинг халқаро транспорт йўлаклари рўйхатида Туркманистон орқали Эроннинг Бандар-Аббос портига олиб борувчи темирйўл йўналиши аллақачон шаклланган.

Транспорт вазирлигининг расмий маълумотларига қараганда, ушбу йўналишнинг умумий масофаси 2 827 километрни ташкил этади. Юкларни Бандар-Аббос портига етказиб беришнинг ўртача муддати 13 кун этиб белгиланган.

Йўналиш Ўзбекистондан бошланиб, Туркманистон ҳудуди орқали Эронга, ундан кейин эса Бандар-Аббос портигача давом этади. Вазирлик ушбу транспорт йўлагини иқтисодий жиҳатдан энг самарали ва кам харажатли йўналишлардан бири сифатида эътироф этган.

Чобаҳор портидан фойдаланиш ташаббуси қачон пайдо бўлган?

Ўзбекистоннинг Чобаҳор портига бўлган қизиқиши ҳам бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ. Хусусан, 2022 йилнинг январ ойидаёқ «Ўзбекистон темир йўллари» ва Чобаҳор порти маъмурияти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди.

2022 йил 25 январда тузилган мазкур ҳужжат мавжуд халқаро мултимодал транспорт йўлакларидан самарали фойдаланиш, транзит, логистика ва юк ташиш масалаларида ўзаро ахборот алмашиш ҳамда маслаҳатлашувларни кўзда тутади.

Кейинчалик, 2023 йил 18 июн куни Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ва Эрон йўллар ва шаҳарсозлик вазири Меҳрдод Базрпаш ўртасида бўлиб ўтган учрашувда ҳам ушбу йўналишни ривожлантириш масаласи диққат марказида бўлганди.

Ўзбекистон ҳукуматининг расмий хабарига кўра, ўшанда томонлар «Ўзбекистон–Туркманистон–Эрон» мултимодал транспорт коридорини ривожлантириш, Эронда ўзбекистонлик тадбиркорлар иштирокида йирик логистика маркази ташкил этиш, шунингдек, Чобаҳор ва Бандар-Аббос портларида терминал ҳамда омборлар қуриш бўйича келишувга эришган. Бу режалардан кўзланган асосий мақсад — юкларни нафақат Эрон бозорига, балки унинг портлари орқали жаҳоннинг бошқа мамлакатларига ҳам етказиб бериш имкониятларини кенгайтиришдан иборат бўлган.

Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми ўсмоқда

Транспорт йўлакларини кенгайтиришга бўлган бундай жиддий қизиқиш, ўз навбатида, икки мамлакат ўртасидаги савдо алоқаларининг жадал ўсиши билан ҳам бевосита боғлиқдир.

Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг 2026 йил 14 августдаги хабарига кўра, жорий йилнинг январ–июн ойларида Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 305 миллион долларга етган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 37,5 фоизга кўп.

Шунингдек, ҳамкорлик доирасида 29 та қўшма лойиҳани амалга ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Вазирлик маълумотларига қараганда, 2026 йилнинг 26–27 ноябр кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг 17-йиғилиши ҳамда йирик бизнес-форум ўтказилиши режалаштирилган. Ушбу тадбирларда икки мамлакат ўртасидаги савдо, инвестиция ва иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид