
Ҳар чоракда ҳаммага 200 доллардан: Дунёда илк бор шартсиз даромад жорий этилди
Маршалл ороллари мамлакатнинг ҳар бир фуқаросига ҳеч қандай шартларсиз йилнинг ҳар чорагида 200 доллар миқдорида молиявий ёрдам берадиган бўлди.

Маршалл ороллари мамлакат миқёсида шартсиз базавий даромад дастурини ишга туширди. Унга кўра, мамлакатнинг ҳар бир резиденти йилнинг ҳар чорагида 200 АҚШ доллари миқдорида ёрдам олади. Бу ҳақда The Guardian нашри хабар бермоқда.
Экспертларнинг таъкидлашича, орол давлат бундай тизимни жорий қилган дунёдаги биринчи давлат бўлди. Қайд этилишича, тўловлар ҳар бир резидентга ҳеч қандай шартларсиз берилади. Аҳоли пулларни миллий валютада ёки АҚШ долларига боғланган стейблкоин (рақамли валюта) кўринишида олиши мумкин. Маблағлар банк ҳисоб рақамига, чек орқали ёки рақамли ҳамёнга ўтказиб берилади.
«Биз, ҳукумат сифатида, ҳеч ким эътибордан четда қолмаслигини таъминламоқчимиз. Ҳар чоракда киши бошига 200 доллар ёки йилига 800 доллар сизни ишдан бўшашга мажбур қилмайди, балки маънавий қўллаб-қувватлаш вазифасини ўтайди», — деди мамлакат молия вазири Девид Пол.
Вазирнинг сўзларига кўра, шартсиз базавий даромад дастури нархлар кўтарилиши ва аҳолининг мамлакатни тарк этиши фонида ижтимоий ҳимоя чораси сифатида ишлаб чиқилган. Лойиҳа АҚШ билан тузилган келишув доирасида ташкил этилган махсус фонд ҳисобидан молиялаштирилади.
Ушбу ҳужжат, жумладан, АҚШнинг Маршалл ороллари ҳудудида кўп йиллар давомида ўтказган ядровий синовлари учун товон пули тўлашни ҳам назарда тутади. Фонд ҳажми 1,3 миллиард АҚШ долларидан ошади, шунингдек, Вашингтон 2027 йилгача яна 500 миллион доллар инвестиция киритиши керак бўлади.
Илк тўловлар ноябр ойи охирида амалга оширилди. Дастурни амалга оширишга кўмаклашаётган молия менежери Анели Сарананинг сўзларига кўра, кўпчилик аҳоли олинган пулларни дарҳол асосий эҳтиёжлар — озиқ-овқат ва бирламчи маҳсулотлар сотиб олишга сарфлаган.





