IMEI тизимидан мақсад тўлов ундириш эмас — Божхона қўмитаси
Фарҳод Олимжонов мазкур тизимнинг асл вазифаси ғазнани тўлдириш эмас, аксинча, мамлакатда смартфонларнинг қонуний айланмаси ва истеъмолчилар хавфсизлигини таъминлаш эканини айтди.

Ўзбекистонда мобил қурилмаларни IMEI коди орқали рўйхатдан ўтказишнинг асосий мақсади аҳолидан тўлов ундириш ёки одамларга ортиқча оворагарчилик туғдириш эмас, балки телефонларнинг қонуний айланмаси ва хавфсизлигини таъминлаш ҳисобланади. Бу ҳақда 11 ноябрь куни ўтказилган матбуот анжуманида Божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи Фарҳод Олимжонов маълум қилди.
Масъулнинг таъкидлашича, IMEI мобил телефонлардан хавфсиз ва қонуний фойдаланишни таъминлаш учун яратилган жаҳон тажрибасидаги тизимдир. Унинг биринчи мақсади — телефонни аниқлаш. Тизим йўқолган ёки ўғирланган қурилмаларни тармоқда блоклаш ва жиноятчиликнинг олдини олиш имконини беради. Шунингдек, банк карталари орқали содир этиладиган электрон фирибгарликларни аниқлашда ҳам мазкур тизимнинг ўрни катта.
«Телефонингизни ўғирлаб кетишса, кимга мурожаат қиласиз? IMEI марказига айтсангиз, рақамига қараб, қурилмани блоклаб қўяди. Шу билан у телефон Ўзбекистонда ишламайди. Уни ўғирлашдан фойда қолмайди. Яъни бу ўғриликнинг олдини олади. Бугунги кунда сизга карта рақамингизни айтиб юборинг, фалон рақамни айтиб юборинг, сизга SMS келди, шу каби нарсалар ҳозир блокланяпти ва унинг ортида ҳам IMEI рақами турибди. IMEI рақам керак эмас десангиз, бўлди, унда фирибгарликларга дарвозани катта қилиб очиб берайлик», — деди Фарҳод Олимжонов.
Матбуот анжуманида бож ставкаларини белгилаш Божхона қўмитасининг ваколатига кирмаслиги, идора фақат қонунчиликда тасдиқланган тўловларни ундириш билан шуғулланувчи ижрочи орган экани айтилди.
«Асосий хулосага келадиган бўлсак, IMEI рўйхатдан ўтказишнинг мақсади аҳолига ортиқча оворагарчилик туғдириш ёки тўлов ундириш эмас, балки телефонларнинг қонуний айланмаси ва хавфсизлигини таъминлаш ҳисобланади. Божхона шу мақсаддаги бир дона механизм ҳисобланади. Таклиф киритиш керак, божхона божи 5 фоиз бўлса, шуни олиб ташлаш керак. Божхона қўмитаси ундирувчи идора, биз 5 фоиз дейилса 5 фоиз, 10 фоиз қўйиб берилса, 10 фоиз ундиришимиз керак. Бу Божхона идораси ваколатига кирадиган масала эмас», — дея қўшимча қилди Божхона қўмитаси вакили.





