Logo

Жаҳон банки Самарқандда тиббиётни ривожлантириш учун 100 млн доллар ажратди

Кеча 15:352 дақиқа

Ажратиладиган маблағ вилоятдаги 400 дан ортиқ оилавий поликлиникани янгилаш, тиббиёт ходимларини тайёрлаш ва сурункали касалликларни эрта аниқлашга йўналтирилади.

Жаҳон банки Самарқандда тиббиётни ривожлантириш учун 100 млн доллар ажратди © Ijtimoiy tarmoqlar

Жаҳон банки Ўзбекистонда бирламчи тиббий ёрдам сифатини яхшилаш учун 100 млн доллар имтиёзли кредит ажратилишини маъқуллади. Маблағ Самарқанд вилоятида амалга ошириладиган SHIFO-1 дастурига йўналтирилади. Бу ҳақда Жаҳон банки маълум қилди.

Лойиҳа вилоятдаги қарийб 4,3 млн аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, сурункали касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

400 дан ортиқ оилавий поликлиника янгиланади

Дастур доирасида вилоятдаги 400 дан ортиқ оилавий поликлиникани модернизация қилиш режалаштирилган. Шунингдек, 6,4 мингдан ортиқ тиббиёт ходими ўқитилиб, сертификатланади. Уларнинг 1 минг 250 нафари оилавий шифокор, 5 минг нафари ҳамширалардир.

Жаҳон банки маълумотига кўра, Ўзбекистондаги тиббиёт ходимларининг қарийб 80 фоизини аёллар ташкил қилади. Шу боис уларнинг малакасини ошириш ҳам лойиҳанинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.

Тиббиёт хизматларини рақамлаштириш учун D-MED миллий платформаси ҳам кенгайтирилади. Унга беморларнинг электрон реестри ва бирламчи тиббий ёрдам муассасаларида аҳоли саломатлигини бошқаришга ёрдам берадиган воситалар қўшилади. Натижада 330 минг нафар катта ёшли аҳоли юрак-қон томир касалликлари хавфи бўйича текширилади, 250 минг беморнинг даволаниш жараёни эса кузатиб борилади.

Лойиҳа 525 млн долларга баҳоланган

SHIFO-1 дастурининг умумий қиймати 525 млн доллар. Унинг 100 млн доллари Жаҳон банкининг имтиёзли кредити, қолган 425 млн доллари эса Ўзбекистон ҳукумати маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, дастур аҳоли саломатлигини яхшилаш, меҳнат унумдорлигини ошириш ва тиббиёт ходимлари малакасини кучайтириш орқали қўшимча 28 минг 800 та, иш ҳақи юқорироқ бўлган иш ўрни яратилишига ёрдам бериши мумкин.

Лойиҳани амалга ошириш учун масъул идора сифатида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги белгиланган. Дастур 2028-йил 31-декабргача давом этиши режалаштирилган.

Маълумот учун, SHIFO-1 лойиҳаси 2026-йил 5-март куни эълон қилинган. 17-ноябр куни эса банк директорлар кенгаши уни молиялаштиришни маъқуллаган. Ҳозир лойиҳа тайёргарлик босқичида турибди. Уни амалга ошириш бўйича музокаралар бошланиши белгиланган, бироқ кредит қачондан кучга кириши ҳозирча маълум эмас.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонда турли соҳаларни ривожлантириш учун бир қатор кредитлар ажратиши ҳақида хабар берилганди. Жумладан, банк яримўтказгич саноатини ривожлантириш учун 50 минг доллар, электр тақсимлаш тизимини модернизация қилиш учун эса 200 млн доллар кредит ажратади. Электр тармоқларини янгилаш дастурига Жаҳон банки ҳам 100 млн доллар йўналтиришни режалаштирган.

Шунингдек, ОТБ Ўзбекистонда чорвачиликни ривожлантириш учун 60 млн доллар имтиёзли кредит ажратади. Лойиҳа беш ҳудуддаги қарийб 29 мингта фермер хўжалигини қамраб олади. Унга қўшимча равишда 8 млн доллар грант ҳам жалб қилинади.

Теглар

Мавзуга оид