Logo

Жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноий одил судлов бўйича конгресс 2031-йилда Ўзбекистонда ўтказилади

Бугун 14:531 дақиқа

Абу-Дабидаги конгрессда трансмиллий жиноятчилик, терроризм, наркотрафик, коррупция ва экологик ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, болаларни ҳимоя қилиш ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш чоралари кўриб чиқилди.

Жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноий одил судлов бўйича конгресс 2031-йилда Ўзбекистонда ўтказилади © Saida Mirziyoyeva Telegram kanali

Абу-Дабида ўтказилаётган Жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноий одил судлов бўйича 15-конгресс иштирокчилари навбатдаги анжуманни 2031-йилда Ўзбекистонда ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева маълум қилди.

Унинг ёзишича, мазкур ташаббус барча иштирокчи давлатлар томонидан маъқулланган ва конгресснинг якуний декларациясида ўз аксини топган. Конгрессда трансмиллий жиноятчилик, терроризм, наркотрафик, коррупция ва экологик ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, болаларни ҳимоя қилиш ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш чоралари кўриб чиқилди.

Анжуман доирасида Саида Мирзиёева БМТ Бош котиби ўринбосари, БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ижрочи директори Моника Жума билан учрашди. У Ўзбекистон мазкур тузилма билан фаол ҳамкорлик қилиб, қатор қўшма лойиҳаларни амалга ошираётганини айтди.

Мирзиёева навбатдаги конгрессни Ўзбекистонда ўтказиш қарорини мамлакатга билдирилган юксак халқаро ишонч рамзи сифатида баҳолади.

«Олдинда беш йиллик тайёргарлик даври турибди. 2031 йилда мамлакатимиз бутун дунёдан келадиган делегатларга мезбонлик қилади», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент администрацияси раҳбари Намангандаги 5 ёшли қиз билан боғлиқ жиноят юзасидан қонунчиликни кучайтириш таклифи тайёрланаётганини билдирганди.

Теглар

Мавзуга оид