Logo

Марказий Осиё сунъий интеллект марказига айланмоқчи: катта режалар ҳамда электр ва сув муаммоси

Минтақа давлатлари сунъий интеллект учун йирик маълумотлар марказларини қуришга киришди. Бироқ бу лойиҳаларнинг ишлаши учун зарур электр энергияси ва сув таъминоти жиддий синовга айланиши мумкин.

Марказий Осиё сунъий интеллект марказига айланмоқчи: катта режалар ҳамда электр ва сув муаммоси © Foto: google

Сунъий интеллектнинг (СИ) ривожланиши энди фақат дастурий таъминот ёки технологик компаниялар ўртасидаги рақобатдан иборат эмас. Бу жараён ортида улкан ҳисоблаш қувватлари, йирик серверлар, маълумотлар марказлари ва, энг муҳими, барқарор электр таъминотига бўлган эҳтиёж турибди.

 

Шу сабабли дунё мамлакатлари СИ технологияларини ривожлантириш билан чекланиб қолмаяпти. Улар бу тизимларни ишлатиш учун зарур инфратузилмани яратишга ҳам жиддий киришган. Марказий Осиё давлатлари эса бу жараёндан четда қолмоқчи эмас.

 

Масалан, Қозоғистон йирик маълумотлар марказлари мажмуасини қурмоқчи. Ўзбекистон эса Қорақалпоғистонда сунъий интеллект инфратузилмаси учун махсус инвестиция шароитларини яратмоқда. Тожикистон «NVIDIA» компанияси кўмагида СИ инновация марказини ташкил этишга киришди. Қирғизистон ҳам қараб тургани йўқ: яқинда Норин вилоятида маълумотларни қайта ишлаш марказлари ва СИ ҳисоблаш қувватларини ўз ичига олувчи саноат паркини қуриш бўйича келишув имзоланди.

 

Бу лойиҳаларнинг ўхшаш жиҳати шундаки, уларнинг барчаси жуда кўп электр энергияси ва кучли технологик инфратузилмани талаб қилади. Қолаверса, минтақада сув ресурсларининг чеклангани ҳам дата-марказлар қурилишидаги энг долзарб масалалардан бирига айланмоқда.

 

Қозоғистонда 1 ГВт қувватли маълумотлар марказлари мажмуаси

 

Марказий Осиёдаги энг йирик СИ инфратузилмаси лойиҳаларидан бири Қозоғистоннинг Павлодар вилояти, Экибастуз шаҳрида амалга оширилмоқда. «Data Center Valley» деб номланган ушбу лойиҳа мамлакатни минтақавий ҳисоблаш қувватлари марказига айлантиришни мақсад қилган.

 

2026 йил 30 апрел куни Қозоғистон Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлиги, «Kazakhtelecom» ҳамда Абу-Дабининг «Aleria» компанияси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Расмий маълумотларга кўра, мажмуанинг режалаштирилган энергия қуввати 1 ГВт.гача етиши кўзда тутилган.

 

Кейинчалик лойиҳага бошқа инвесторлар ҳам қизиқиш билдира бошлади. Масалан, 2026 йилнинг август ойида «KAZAKH INVEST» Сингапурнинг «Energy Capital Global» компанияси билан Экибастузда СИ маълумотлар марказини қуриш масаласини муҳокама қилди. Сингапурликлар лойиҳанинг биринчи босқичида тахминан 100 МВт IT юкламасини таъминлашни режалаштирмоқда. Келажакда эса бу қувватни 1 ГВт.гача ошириш имконияти кўриб чиқиляпти.

 

Лойиҳанинг қурилиш босқичлари қандай?

 

Қозоғистон ҳукумати 6 ноябр куни «Data Center Valley» лойиҳасининг ҳолати ҳақида янги маълумотларни эълон қилди. Унга кўра, биринчи босқичда умумий қуввати 304 МВт бўлган учта маълумотлар маркази қурилади.

 

Маълумотлар маркази

Режалаштирилган қувват

Ишга тушириш муддати

Биринчи марказ

68 МВт

2027 йил II чорак

«Firebird AI»

164 МВт

2027 йил III чорак

Учинчи марказ

72 МВт

2027 йил IV чорак

Жами

304 МВт

2027 йил

Ҳукумат хабарига кўра, 68 МВт қувватли дастлабки марказ қурилишида тайёргарлик ишлари якунланган. Ҳозирда пойдевор ва инфратузилма объектларини қуриш бошланди. «Firebird AI» марказида эса пойдевор учун чуқур (котлован) қазиш ишларининг 70 фоизи бажарилган.

 

Лойиҳанинг иккинчи босқичи доирасида ҳам муҳим қадамлар ташланган. Хусусан, «Gaw Capital», «Boosteroid» ва «Firebird» компаниялари билан 480 МВт ҳисоблаш қувватларини жойлаштириш бўйича дастлабки келишувларга эришилган. Келажакда бу қувватни 620 МВт.гача кенгайтириш имконияти ҳам ўрганилмоқда. Бундан ташқари, «Aleria», «Energy Capital Global» ва «China Energy» билан яна 240 МВт қувват бўйича музокаралар олиб бориляпти.

 

Ҳукумат режасига кўра, 2029 йилга бориб «Data Center Valley» мажмуасининг умумий қуввати 1 ГВт.га етказилиши шарт.

 

Ушбу лойиҳада «NVIDIA» технологиялари ҳам жуда муҳим ўрин тутади. Компаниянинг 22 октябрдаги расмий блогида ёзилишича, «Firebird»нинг Қозоғистондаги лойиҳаси учун 45 мингта «NVIDIA Grace Blackwell» график процессорига АҚШ экспорт лицензияси олинган. Марказнинг биринчи босқичи «Kazakhtelecom» билан ҳамкорликда қурилмоқда. Уни 2027 йилнинг учинчи чорагида тижорий фойдаланишга топшириш мақсад қилинган.

 

«NVIDIA» асосчиси Женсен Хуангнинг 2026 йил октябр ойида Остонага қилган ташрифи ҳам мамлакатнинг СИ инфратузилмасини ривожлантириш режалари билан узвий боғлиқ. Хуанг ўз нутқида Қозоғистон улкан табиий ва энергетик ресурсларга эга эканини таъкидлади. Шунингдек, у мамлакат шунчаки электр энергиясини эмас, балки тайёр ҳисоблаш қувватларини экспорт қилиш имкониятига эгалигини алоҳида қайд этди.

 

Лойиҳа Қозоғистонга қанча даромад келтириши мумкин?

 

Қозоғистон ҳукуматининг маълум қилишича, «KPMG» халқаро консалтинг компанияси ушбу лойиҳанинг иқтисодий самарадорлигини ҳисоблаб чиққан. Унга кўра, «Data Center Valley» лойиҳаси келажакда йилига 3,1 млрд доллар экспорт тушумини келтириши мумкин.

 

Бундан ташқари, маълумотлар марказларининг 20 йиллик фаолияти давомида мамлакат иқтисодиётига жами 115 млрд долларлик инвестиция кириши кутилмоқда.

 

Қорақалпоғистонда СИ инфратузилмаси учун махсус шароит

 

Марказий Осиёдаги технологик инфратузилма пойгасида Ўзбекистон ҳам ўз ўрнини эгаллашга қаттиқ киришган. Мамлакат 2030 йилгача сунъий интеллект инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида 1 млрд доллардан ортиқ хорижий инвестиция жалб қилишни режалаштирмоқда.

 

Президентнинг 2025 йил 22 октябрдаги ПФ-189-сон фармони бу борадаги муҳим қадам бўлди. Ушбу ҳужжат билан Қорақалпоғистонда қиймати 100 млн доллардан ошадиган СИ инфратузилмаси лойиҳалари учун махсус имтиёзлар пакети тасдиқланган.

 

Фармонга мувофиқ, бундай йирик лойиҳалар учун бир қатор қулайликлар яратилади. Хусусан, қурилиш-монтаж ишларини тезлаштирилган тартибда амалга оширишга рухсат берилади. Қолаверса, хорижий пудратчилар ва ускуна етказиб берувчиларга тўловларни тўғридан-тўғри, Ўзбекистондаги банк ҳисобрақамларини аралаштирмасдан ўтказиш имконияти пайдо бўлади.

 

Шунингдек, 2030 йил 1 январгача сервер ва ҳисоблаш қурилмалари ҳамда совутиш ускуналарини импорт қилишда божхона божидан озод этиш назарда тутилган. Дата-марказлар учун эса электр энергияси тарифи ҚҚСсиз 1 кВт/соат учун 5 цент этиб белгиланди.

 

2026 йил 17 июнда бўлиб ўтган Тошкент халқаро инвестиция форумида Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистондаги махсус зона учун қўшимча шароитларни эълон қилди. Унга кўра, ушбу ҳудуддаги инвесторлар 2040 йилгача барча турдаги солиқлар ва божхона тўловларидан озод қилинади. Энг муҳими, йўл, электр энергияси ва сув инфратузилмаси тўлиқ давлат ҳисобидан қуриб берилади.

 

Президент ўз нутқида маълумотлар марказлари учун 1 кВт/соат электр энергиясига 5 центлик имтиёзли тариф белгиланганини яна бир бор таъкидлади. Бу тартибнинг алоҳида техник ва молиявий шартлари эса юқорида тилга олинган ПФ-189-сон фармон иловасида батафсил кўрсатилган.

 

Тошкентда ҳам йирик дата-марказ қурилмоқда

 

Ўзбекистондаги яна бир йирик лойиҳа Саудия Арабистонининг «DataVolt» компанияси номи билан боғлиқ. Ушбу компания Тошкентдаги «IT Park» ҳудудида сунъий интеллект ҳисоблашларига мўлжалланган «TAS-1» маълумотлар марказини қурмоқда.

 

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Хорижий инвестицияларни жалб қилиш агентлиги бу бўйича маълумот берди. Унга кўра, лойиҳанинг биринчи босқичи 12 МВт IТ юкламасини таъминлашга мўлжалланган. «DataVolt» бу марказни қуриш ва ундан узоқ муддат фойдаланиш мақсадида тараққиёт молия институтларидан 150 млн долларгача маблағ жалб қилган.

 

Мазкур лойиҳа булутли ҳисоблаш, сунъий интеллект, маълумотларни маҳаллийлаштириш ва юқори зичликдаги рақамли хизматларни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Агентлик хабарида марказда энергия ва сув сарфини кескин тежайдиган замонавий совутиш технологияларидан фойдаланилиши алоҳида қайд этилган.

 

Тожикистон ва Қирғизистон ҳам пойгага қўшилмоқда

 

Минтақада СИ технологияларини жорий қилиш фақат Қозоғистон ёки Ўзбекистон билан чекланиб қолмаяпти.

 

Тожикистон 2026 йил 21 октябрда Душанбе шаҳрида «Area AI» платформаси негизида СИ инновация маркази ташкил этилишини эълон қилди. Бу ташаббус бевосита «NVIDIA» кўмагида амалга оширилмоқда. Марказнинг расмий тақдимоти Берлинда бўлиб ўтган «NVIDIA GTC Berlin 2026» конференцияси доирасида ўтказилди.

 

Мазкур тадбирда «NVIDIA»нинг «Global AI Nations» дастури директори Шилпа Колхаткар ҳамда бир қатор халқаро технологик гигантлар вакиллари иштирок этди. Улар орасида «Armada», «VEON», «DataVolt», «Perplexity» ва «Supermicro» каби компаниялар бор эди.

 

Тожикистон элчихонаси ушбу ташаббусни Марказий Осиёдаги биринчи СИ инновация маркази сифатида тақдим этди. Бироқ эълон қилинган расмий релизларда лойиҳанинг ҳисоблаш қуввати ёки инвестиция қиймати очиқланмаган.

 

Қирғизистон эса 7 ноябр куни «StarOcean Investment» компанияси билан инвестиция келишувини имзолади. Унга кўра, Норин вилоятида энергияни кўп талаб қиладиган, аммо паст углеродли саноат парки ташкил этилади.

 

Қирғизистон Миллий инвестиция агентлиги маълумотларига қараганда, лойиҳа «Норин» эркин иқтисодий зонасидаги 200 гектар майдонни эгаллайди. Саноат паркида юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Шу билан бирга, трансчегаравий энергетика инфратузилмаси, маълумотларни қайта ишлаш марказлари ва СИ учун ҳисоблаш қувватларини жойлаштириш кўзда тутилган.

 

Лойиҳа ҳудудида бевосита давлат эҳтиёжлари учун хизмат қиладиган алоҳида маълумотларни қайта ишлаш марказини қуриш ҳам режалаштирилган. Бу марказ давлат ахборот ресурсларини хавфсиз сақлаш, рақамли хизматларни ривожлантириш ва юқори самарали ҳисоблаш тизимларидан фойдаланишга хизмат қилади.

 

СИ марказларининг энг катта муаммоси — электр энергияси

 

Маълумотлар марказини узлуксиз ишлатиш учун жуда катта ҳажмда электр энергияси талаб этилади. Айниқса, сунъий интеллект моделларини ўқитиш ва улардан фойдаланишга мўлжалланган серверлар оддий марказларга қараганда бир неча баробар кўпроқ қувват сарфлайди.

 

Халқаро энергетика агентлигининг 2025 йилда эълон қилинган «Energy and AI» ҳисоботида бунга доир қизиқарли рақамлар келтирилган. Унга кўра, дунёдаги дата-марказлар 2024 йилда жами 415 ТВт/соат электр энергияси истеъмол қилган. Бу бутун дунё бўйича глобал электр истеъмолининг тахминан 1,5 фоизини ташкил этади.

 

Агентликнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2030 йилга бориб маълумотлар марказларининг электрга бўлган талаби 945 ТВт/соатгача кўтарилиши мумкин. Бу эса 2024 йилдаги кўрсаткичдан икки баробар кўп деганидир.

 

Ҳисоботта таъкидланишича, СИ учун мўлжалланган одатий дата-марказнинг электр истеъмоли ўртача 100 мингта хонадоннинг истеъмолига тенг бўлади. Қурилаётган энг йирик гигант марказларда эса бу кўрсаткич яна 20 баробар юқори бўлиши кутилмоқда.

 

Бундай энергия тақчиллиги хавфи Қозоғистон мисолида айниқса долзарбдир. «KEGOC» миллий электр тармоқлари компаниясининг 2025 йил якунлари бўйича ҳисоботида мамлакатда 123,1 млрд кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилгани қайд этилган. Аммо шу даврдаги истеъмол 124,6 млрд кВт/соатни ташкил этган. Яъни, реал истеъмол ишлаб чиқариш ҳажмидан қарийб 1,5 млрд кВт/соатга ошиб кетган.

 

Сув ресурслари масаласи ҳам очиқ қолмоқда

 

Дата-марказларнинг совутиш тизимлари орқали жуда катта миқдорда сув ресурсларини ҳам талаб қилади. Ишлаб турган серверлар ўзидан катта ҳажмдаги иссиқлик чиқаради. Уларни белгиланган меъёрий ҳароратда ушлаб туриш учун эса узлуксиз совутиш технологиялари ишлатилиши шарт.

 

БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси (UNECE) Марказий Осиёда дата-марказларнинг ривожланиши ортидан келиб чиқадиган сув ва энергия сарфини махсус ўрганиб чиқди. Ташкилотнинг таъкидлашича, минтақада шундоқ ҳам сув танқислиги ва қуруқ иқлим шароити ҳукмрон. Бундай вазиятда янги қуриладиган маълумотлар марказлари қишлоқ хўжалиги, энергетика ва аҳолининг ичимлик суви эҳтиёжлари билан тўғридан-тўғри ресурслар рақобатига киришиб кетиши мумкин.

 

UNECE ҳисоб-китобларига кўра, анъанавий буғлатиш орқали совутиш тизимидан фойдаланадиган 1 МВт қувватли дата-марказ йилига ўртача 25,5 млн литр сув сарфлайди.

 

Шунингдек, ташкилот яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратмоқда. Маълумотлар марказининг сув сарфи фақатгина совутиш жараёнида ишлатилган сув билан чекланмайди. Электр энергиясини ишлаб чиқариш жараёнининг ўзида сарфланадиган сув ҳам умумий кўрсаткични ошириб юборади. UNECE маълумотларига қараганда, айрим ҳолатларда бундай билвосита истеъмол умумий сув сарфининг 60 фоизидан кўпроғини ташкил этиши ҳеч гап эмас.

 

Шу боис, ташкилот Марказий Осиё давлатларига дата-марказларнинг сув истеъмоли бўйича мажбурий ҳисобот тизимини жорий этишни тавсия қилмоқда. Шунингдек, бундай объектларни қуришда ҳудуднинг сув таъминоти имкониятларини олдиндан ҳисобга олиш ва сувни кам талаб қиладиган қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишга устуворлик бериш сўралган.

Теглар

Мавзуга оид