Намангандаги зўравонлик юзасидан Саида Мирзиёева муносабат билдирди
Президент администрацияси раҳбари Намангандаги 5 ёшли қиз билан боғлиқ жиноят юзасидан қонунчиликни кучайтириш таклифи тайёрланаётганини билдирди. Бепарволиги билан бу қабоҳатга йўл очган, норасида болани асрай олмаган барча масъуллар ҳам жазоланиши таъкидланди.
© Saida Mirziyoyeva Telegram kanaliСаида Мирзиёева Наманганда 5 ёшли қиз зўрланганига муносабат билдириб, бундай ваҳшиёна жиноятлар учун ўлим жазосини қўллаш кераклигини таъкидлади.
Президент администрацияси раҳбари бундай ваҳшиёна жиноятлар учун ўлим жазосини қўллаш кераклигини қайд этди.
«Наманганда юз берган фожиа ҳақида менга хабар беришди. Бўлган воқеани эшитиб, ғазабим ичимга сиғмай кетди. Назаримда, бундай ваҳшиёна жиноятлар учун ўлим жазосини қўллаш керак. Амалдаги қонунчиликда олий жазо кўзда тутилмаган, шу боис жавобгарликни максимал даражада кучайтириш учун қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритиш бўйича таклиф тайёрлаяпмиз», деди Саида Мирзиёева.
Унинг билдиришича, тегишли идораларга барча зарур кўрсатмалар берилди. Жиноятчи қонун доирасидаги энг оғир жазога тортилади. Шунингдек, бепарволиги билан бу қабоҳатга йўл очган, норасида болани асрай олмаган барча масъуллар ҳам жазоланади.
Гумонланувчи қамоқда
Болалар омбудсмани маълумотига кўра, ҳолат юзасидан Учқўрғон тумани ИИБ Тергов бўлинмаси томонидан 12 сентябрь куни Жиноят кодексининг 118-моддаси 4-қисми ҳамда 112-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят содир этганликда гумон қилинаётган К.М. шу куни процессуал тартибда ушланган. Суд унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чорасини қўллаган. Айни вақтда иш бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Барча давлат боғчаларида текширув
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги хабар беришича, таълим ташкилотининг воқеага дахлдор деб гумон қилинган ходимлари билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинган.
Шунингдек, бундай ҳолатларнинг бошқа мактабгача таълим ташкилотларида ҳам такрорланишининг олдини олиш мақсадида махсус ишчи гуруҳ аъзолари томонидан ҳозирда барча давлат мактабгача таълим ташкилотлари ходимлари текширилмоқда.




