Россия ва Хитой қарамлигидан қутулиш йўли: Марказий Осиё нефт-газини Ғарбга қандай олиб чиқиш мумкин?
Марказий Осиё ўзининг улкан нефт ва газ захиралари билан глобал энергетика бозорини ўзгартириб юбориши мумкин. Аммо ҳозирча минтақа ресурслари кўринмас кишанлар билан боғланган: Қозоғистон қазиб олаётган ҳар беш баррел нефтнинг тўрттаси ҳамон Россия орқали экспорт қилинмоқда, Туркманистон газининг қарийб 80 фоизи эса фақатгина Хитойга кетяпти.
© Ijtimoiy tarmoqlar«The National Interest» журнали 22 сентябр куни Марказий Осиёнинг «Ўрта йўлак» лойиҳаси ва Каспий орқали энергия экспорти масаласига бағишланган мақола эълон қилди. Муаллифлар Кауш Арҳа ва С. Фредерик Старр Қозоғистон ҳамда Туркманистон улкан нефт ва газ захираларига эга бўлса-да, уларни Ғарб бозорларига етказиб бериш имкониятлари чекланганини таъкидлаган.
Европа Марказий Осиё энергиясига қизиқиш билдирмоқда
Мақолада Европа Иттифоқи Марказий Осиё билан транспорт, энергетика ва бошқа соҳалардаги алоқаларни кучайтиришга интилаётгани қайд этилган. Хусусан, 2025 йилнинг апрел ойида Самарқандда бўлиб ўтган «Европа Иттифоқи — Марказий Осиё» биринчи саммитида Европа Комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен минтақани «Евроосиёнинг юраги» ва «глобал дарвоза» деб атаган эди. Шунингдек, у мазкур саммитда инфратузилма, муҳим минераллар, энергетика, рақамли алоқа ва сув лойиҳалари учун 12 миллиард евролик «Global Gateway» инвестиция пакетини эълон қилган.
Таҳлилчиларнинг фикрича, бу инвестиция ва ташаббуслар ҳали тўлақонли транспорт-энергетика архитектурасига айланиб улгурмаган. Улар Каспий — Қора денгиз йўлагини ягона стратегик тизим сифатида ривожлантириш учун АҚШ ва Европа Иттифоқининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари зарурлигини таъкидламоқда.
Қозоғистон нефтининг асосий қисми Россия орқали экспорт қилинмоқда
Мақолада келтирилган маълумотларга қараганда, Қозоғистон йирик ҳажмда нефт қазиб олса-да, ҳар беш баррелдан тўрттаси Ғарбга Россия ҳудуди орқали — Қора денгиздаги терминалга йўналтирилмоқда. Муаллифлар бу ҳолат Қозоғистон нефтини муқобил йўналишлар орқали жаҳон бозорларига олиб чиқиш масаласини янада долзарблаштираётганини таъкидлайди.
Туркманистон бўйича ҳам шунга ўхшаш вазият кузатилмоқда. Нашрнинг ёзишича, мамлакат Евроосиёдаги энг йирик газ захираларидан бирига эга, аммо экспортнинг қарийб 80 фоизи Шарққа — Хитойга йўналтирилган. Муаллифлар ушбу экспорт йўналиши Хитой билан тузилган тизимга ўта қарам бўлиб қолганини қайд этади.
Каспий денгизидаги асосий муаммо нимада?
«The National Interest» мақоласида Озарбойжоннинг Боку порти ҳамда Жанубий Кавказ орқали Ғарбга чиқувчи инфратузилма қўшимча юкларни қабул қилиш салоҳиятига эга экани айтилган. Муаллифлар «Боку – Тбилиси – Жайҳон» нефт қувури тўлиқ қувват билан ишламаётганини, «Боку – Супса» йўналиши эса деярли фаолиятсиз қолаётганини ёзган. Уларнинг фикрича, бу тизимда етишмаётган асосий бўғин — бевосита Каспий денгизи орқали ўтувчи инфратузилмадир.
Шунингдек, «Боку – Тбилиси – Жайҳон» қувурининг йиллик қуввати 60 миллион тонна экани келтирилган. Муаллифларга кўра, ҳозирда қувур бу имкониятнинг тахминан ярмидан фойдаланмоқда ва бу ҳолат Каспийнинг шарқий соҳилидан мазкур қувурга тўғридан-тўғри уланиш йўқлиги билан изоҳланади.
Таҳлилчилар Транскаспий қувурларини қуришни таклиф қилмоқда
Мақоланинг асосий ғояси Қозоғистон нефти ва Туркманистон газини Каспий денгизи орқали Озарбойжонга етказувчи янги қувурларни барпо этиш зарурлигига асосланган. Таҳлилчиларнинг ҳисоблашича, бундай инфратузилма Марказий Осиё ресурсларининг Ғарбга чиқиш имкониятларини сезиларли даражада кенгайтиради.
Шу нуқтайи назардан, мақолада 1990 йиллар охири ва 2000 йиллар бошида Каспий нефтини Ғарбга олиб чиқиш мақсадида «Боку – Тбилиси – Жайҳон» йўлаги барпо этилгани мисол қилиб келтирилган. Муаллифлар ўша даврда АҚШ мазкур лойиҳани махсус дипломатик ва молиявий механизмлар орқали фаол қўллаб-қувватлаганини эслатиб ўтган.
Транскаспий йўлагининг йўқлиги қандай оқибатларга олиб келади?
Таҳлилчилар агар Транскаспий қувурлари қурилмаса, Россия ва Эрон Қозоғистон нефти ҳамда Туркманистон газининг Ғарбга чиқишида ўз таъсирини сақлаб қолишидан огоҳлантиради. Шунингдек, улар Хитойнинг Марказий Осиё ресурсларини ўзлаштириш ҳажми янада ошиши, минтақа давлатларининг Каспий орқали интеграциялашув жараёни секинлашиши ва АҚШнинг минтақадаги ишончли ҳамкор мақоми сўроқ остида қолиши мумкинлигини ёзган.
Муаллифлар Транскаспий транспорт ва энергетика инфратузилмасини ривожлантиришни АҚШ президенти Доналд Трамп ва Европа Комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйеннинг ўзаро ҳамкорлиги билан боғлайди. Улар Кавказдаги «Trump Route for International Peace and Prosperity» (Халқаро тинчлик ва фаровонлик учун Трамп йўли) лойиҳаси ҳам Марказий Осиё билан қўшимча боғланишларсиз ўз салоҳиятини тўлиқ намоён қила олмаслигини таъкидламоқда.
Хулоса қилиб айтганда, муаллифларнинг асосий таклифи Қозоғистон нефти ва Туркманистон газини Каспий орқали Ғарбга олиб чиқувчи янги қувур инфратузилмасини яратишдан иборатдир. Улар буни Марказий Осиёнинг «Ўрта йўлак» лойиҳасини кучайтириш ва Европа билан энергетик алоқаларни кенгайтиришнинг энг муҳим шарти сифатида кўрсатган.




