Logo

Тошкентда онлайн қимор ва фирибгарлик билан шуғулланган 72 киши ушланди

Бугун 18:532 дақиқа

Пойтахтда яширин фаолият юритган иккита колл-марказ фош этилди. Текширувларда 576 минг долларлик криптоактивлар айланмаси аниқланган.

Тошкентда онлайн қимор ва фирибгарлик билан шуғулланган 72 киши ушланди © Videodan kadr

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари иккита яширин колл-марказ фаолиятига чек қўйди. Тезкор тадбирлар давомида жами 72 нафар фуқаро қўлга олинган.

Биринчи ҳолат Миробод тумани Фарғона йўли 1-тор кўчасидаги хонадонда аниқланган. Маълум бўлишича, 52 нафар фуқаро бинони ойига 9 минг долларга ижарага олиб, яширин фаолият юритган.

Улар ноқонуний онлайн қимор ва букмекерлик ўйинлари учун пул маблағларини қабул қилиш, шунингдек, транзакцияларни банк карталари орқали ўтказиш билан шуғулланган.

Хонадонни кўздан кечириш давомида 110 минг доллар нақд пул, 71 та ноутбук, 278 та телефон ва учта Starlink сунъий йўлдош интернет қурилмаси мусодара қилинган.

Яна бир яширин колл-марказ фош этилди

Тезкор тадбирлар Катта Миробод кўчасидаги бошқа манзилда давом эттирилиб, яна бир яширин колл-марказ аниқланган. Бу ерда ойига 2 минг доллар эвазига ижарада яшаб келган 20 нафар фуқаро ушланган.

Мазкур гуруҳ интернет орқали сохта ишқий муносабатларни таклиф қилиш билан шуғулланган. Улар ўзларини аёл киши сифатида таништириб, фуқаролар билан ишончли муносабат ўрнатган ва уларни алдаш орқали пулларини ўзлаштирган.

Ушбу манзилдан 24 та ноутбук, битта планшет, 52 та телефон ва тўртта Wi-Fi қурилмаси олиб қўйилган.

Иккала гуруҳда ҳам вазифалар ўзаро тақсимланган бўлиб, улар раҳбарлар, иш бошқарувчилар, операторлар ва қўриқчилардан иборат бўлган.

Ички ишлар органлари маълумотига кўра, ушбу гуруҳлар фаолиятида жами 576 минг АҚШ доллари миқдоридаги криптоактивлар айланмаси аниқланган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид