Logo

Хитой Ўзбекистонда ахборот таъсирини кучайтиряпти — «Eurasianet»

Хитойнинг CGTN телеканали бир неча ҳафта ичида Ўзбекистон ҳақида ўзбек ва рус тилларида 70 га яқин материал эълон қилди. Бу жараён АҚШнинг Марказий Осиёдаги фаоллашуви билан айни бир вақтга тўғри келди.

Хитой Ўзбекистонда ахборот таъсирини кучайтиряпти — «Eurasianet» © CGTN videosidan skrinshot

Хитой Ўзбекистон билан иқтисодий ва сиёсий ҳамкорликни кенгайтириш баробарида, ахборот майдонидаги фаоллигини ҳам оширмоқда. «Eurasianet» нашрининг таҳлилига кўра, Хитойнинг халқаро CGTN телеканали 2026 йил октябр охири ва ноябр бошларида Ўзбекистонга оид ўзбек ва рус тилларида 70 га яқин мақола ҳамда видеолавҳалар эълон қилган.

Ушбу материалларда икки мамлакат ўртасидаги сиёсий муносабатлар, савдо, инвестиция, таълим, маданият ва ижтимоий алоқалар кенг ёритилган. Шунингдек, уларда ўзбекистонлик ва хитойлик расмийлар, тадбиркорлар, олимлар, санъаткорлар ҳамда турли соҳа вакилларининг фикр-мулоҳазалари келтирилган.

«Eurasianet» бу ҳолатни Хитойнинг Ўзбекистон жамоатчилиги орасида ўзининг ижобий имижини мустаҳкамлашга қаратилган ахборот кампанияси сифатида баҳолаган. Нашр тахминига кўра, ушбу жараён АҚШ Давлат котиби Марко Рубионинг октябр ойидаги Самарқандга ташрифи ва америкалик компаниялар билан эришилган келишувлардан сўнг фаоллашган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

70 та материалда асосан нималар ёритилди?

«Eurasianet» кўра, CGTN материалларида Хитой ўзбекистонликлар учун бизнес, иш, таълим ва саёҳат имкониятлари кенг очилган мамлакат сифатида тақдим этилган.

Масалан, Пекинда Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистоннинг барқарор тараққиёт ва фаровонлик йўлида» номли китобининг хитой тилидаги нашри тақдимоти кенг ёритилган. 4 ноябр куни Тошкент билан биродарлашган шаҳарлар ўртасидаги муносабатлар, икки мамлакат шаҳарларининг маданий ўхшашликларига доир материаллар эълон қилинган бўлса, 6 ноябрда Хитой–Ўзбекистон муносабатлари мисли кўрилмаган даражага етгани ҳақида мақола чоп этилган.

Бу каби мисоллар CGTN ўз материалларида нафақат сиёсий ҳамкорликка, балки маданий яқинлик ва халқлар ўртасидаги алоқаларга ҳам алоҳида эътибор қаратганини кўрсатади.

АҚШ билан иқтисодий келишувлар фонидаги ахборот рақобати

Хитойнинг ахборот майдонидаги фаоллиги кучайган бир пайтда Ўзбекистон АҚШ билан ҳам иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга ҳаракат қилаётган эди. Хусусан, 2026 йил 19 октябр куни АҚШ Давлат котиби Марко Рубио бошчилигидаги, таркибида 100 дан ортиқ йирик компания вакиллари бўлган делегация Самарқандга ташриф буюрди.

Ўзбекистон–АҚШ ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг иккинчи йиғилиши доирасида умумий қиймати 12 миллиард долларлик 54 та келишув ва бизнес-ташаббуслар эълон қилинди. Ҳамкорликнинг асосий йўналишлари қаторидан муҳим минераллар, энергетика, транспорт, молия, маълумотлар марказлари, сунъий интеллект ва рақамлаштириш каби соҳалар ўрин олган.

«Eurasianet» нашрининг таъкидлашича, Хитойнинг ахборот фаоллиги айнан мана шу ташрифдан сўнг сезиларли даражада кучайган. Муаллиф буни Пекиннинг АҚШ минтақадаги иқтисодий таъсирини кенгайтираётганига нисбатан юзага келган муносабати сифатида баҳолайди.

Хитой бош вазири Ли Цян ҳам 18 октябр куни Тошкентга ташриф буюриб, Шавкат Мирзиёев билан учрашган эди. Музокараларда савдо, инвестиция, сунъий интеллект, яшил иқтисодиёт ва инфратузилма соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинган.

Хитой Ўзбекистон иқтисодиётида қандай ўрин тутмоқда?

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январ–сентябр ойларида Ўзбекистон ташқи савдо айланмасининг 23,2 фоизи айнан Хитой ҳиссасига тўғри келган ва у мамлакатнинг энг йирик савдо ҳамкори бўлган. 2025 йил якунларига кўра ҳам Хитой ташқи савдо айланмада 21,2 фоизлик улуш билан биринчи ўринни банд этган эди.

Хитой Бош вазири Ли Цяннинг октябр ойидаги ташрифи чоғида расмий Пекин Ўзбекистонда хитойлик сармоядорлар иштирокида 6 мингдан ортиқ қўшма корхона фаолият юритаётганини маълум қилди. Бундан ташқари, икки давлат нафақат савдо, балки транспорт, қайта тикланувчи энергетика, электромобиллар, таълим ва рақамли технологиялар соҳасида ҳам яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Ўзбекистон ОАВларида Хитой қандай тасвирланмоқда?

2026 йилнинг апрел ойида «Central Asian Survey» илмий журналида Ўзбекистон интернет ОАВларида Хитой образи қандай шаклланаётганига доир махсус тадқиқот эълон қилинди. Муҳаммадсодиқ Донаев ва Хонг Чжан муаллифлигидаги ушбу ишда 2023–2024 йиллар давомида ЎзА ҳамда Kun.uz нашрларида чоп этилган жами 1 501 та мақола таҳлил қилинган.

Тадқиқот натижаларига кўра, давлатга қарашли ЎзА нашрида Хитой кўпроқ ижобий ракурсда ёритилгани, хусусан, сиёсий ҳамкорлик, иқтисодий лойиҳалар ва маданий дипломатияга катта урғу берилгани маълум бўлган. Хусусий Kun.uz нашрида эса Хитойга оид материаллар кўлами кенгроқ бўлиб, унда хавфсизлик, технология, таълим ва жамоатчилик фикрига доир танқидий нуқтаи назарлар ҳам тез-тез учраб турган.

Теглар

Мавзуга оид