1 долларлик компания ва аразлаган йўловчи
Қирғизистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш масаласини собиқ СССР давлатлари орасида биринчи бўлиб 1998-йилдаёқ ҳал қилган. Ўзбекистон эса ҳали ҳам қўшилиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Элчи нега буни эслади? Банк президентни «ишдан олди», собиқ бош вазирнинг тадбиркор укаси ушланди. Собиқ президент мақомини йўқотадими? Шу ва бошқа воқеалар ҳақида батафсил тўхталамиз.
Собиқ президентни экс-президент мақомидан маҳрум қилишмоқчи эди, аммо Америкадаги элчи бу қарорга қарши чиқди. Қирғизистон президенти агар «Газпром» шартларни бажармаса, «Қумтор» сценарийсини қайта такрорлашини айтди. Қозоғистонни «руслар давлати»га чиқаришди. Банк инқирози ортидан президент курсисидан айрилди, унинг уйидан яширин ертўла топилди. Шу ва бошқа воқеалар ҳақида батафсил гаплашамиз.
Аразлаган йўловчи
Бу россиялик йигит яқинда Ўзбекистонда 7 суткага қамалди. Малайзиядан Тошкентга учиб келган самолётда бўлган Россиянинг бу фуқароси маст ҳолда жанжал кўтариб, борт кузатувчилар ва йўловчиларни ҳақоратлаган. Уни тинчлантиришга уринишган, аммо самара бермаган ва у яна ҳақоратлашда давом этаверган. Самолёт Тошкент халқаро аэропортига қўнганидан кейин ички ишлар ходимлари ундан самолётдан тинч ҳолда тушишни ва ҳолат юзасидан тушунтириш бериш учун маъмурий бинога боришни талаб қилган. Бироқ у қулоқ солмаган, ҳеч кимга бўйсунмаган, ҳақоратли сўзлар ишлатишда давом этган. У ўзига тегишли қўл юкини самолёт трапидан ерга улоқтириб, уни тепиб юборган.
Судда у нега жанжал кўтарганини айтиб берди. Ўзининг айтишича, парвоз вақтида у борт кузатувчисидан спиртли ичимлик беришни сўраган, аммо мастлиги сабабли рад жавобини олган. Шундан кейин тортишув келиб чиққан. Суд уни 7 суткага қамаб, 440 минг сўм тўлатди.
Жапаров «Газпром»ни огоҳлантирди
Қирғизистон президенти Садир Жапаров, агар Россиянинг «Газпром» компанияси мамлакатни тўлиқ газлаштириш бўйича олган мажбуриятини бажармаса, Қирғизистон ҳукумати газ тизимини давлат тасарруфига қайтариб олиши ҳақида огоҳлантирди. Давлат раҳбари маҳаллий аҳоли вакилининг газ масаласидаги саволига жавоб бераркан, ҳозирги вақтда Қирғизистон газ тизимини мустақил бошқара олмаслиги, барча ишлар «Газпром» билан келишилган ҳолда амалга оширилишини таъкидлаб, «биз ўз газ тизимимизга ўзимиз хўжайин эмасмиз», деди.
У бу борада «Газпром» хўжайин эканини урғулаб, «Қирғизгаз»нинг 1 долларга сотиб юборилганини эслатди.
«2039-йилгача деб, бир долларга сотиб юборганмиз. 2013-йилда бизга “Қирғизгаз” керак эмас, бизга газ керак, деб сотганмиз. Шунинг учун биз газни ўзимиз билганимизча кирита олмаймиз. Қирғизистонда газга боғлиқ ишларни фақат “Газпром” билан келишиб қиламиз», — деди президент.
Унинг айтишича, «Қирғизгаз»ни сотиш шартномасида бутун республикани газлаштириш учун маблағ ажратиш мажбурияти кўрсатилган бўлса-да, бу ҳалигача тўлиқ бажарилмаяпти. Жапаров «Газпром» шартларни бажармаса, худди «Қумтор» олтин конини давлатга қайтариб олганидек, газ тизимини ҳам тортиб олиб, бу ишни қирғизистонликларнинг ўзлари ҳал қилишини айтди.
«Уч йилдан бери “Газпром” олдига шу масалани қўйиб келяпман: “Агар шартларни бажармасанглар, худди Қумтор олтин конини давлатга қайтариб олганимиздек, газ тизимини ҳам тортиб олиб, бу ишни ўзимиз қиламиз”. Шу боис, токи газ тизими тўлиқ ўзимизнинг ихтиёримизга ўтмас экан, газлаштириш бўйича сизларга аниқ ваъда бера олмайман», — дея қўшимча қилди Садир Жапаров.
Хўш, ўтган 12 йил ичида «Газпром» Қирғизистонда нималар қилди? 2014-йилда Қирғизистон ҳукумати ва «Газпром» ўртасида тузилган шартномага асосан «Қирғизгаз» корхонасининг 100 фоиз акцияси Россия компаниясига бир долларга берилган. 25 йилга мўлжалланган ушбу келишувга кўра, «Газпром» газ тармоғини таъмирлаш ва ривожлантириш учун камида 20 миллиард рубль сармоя киритиш ҳамда «Қирғизгаз»нинг 40 миллион доллардан ортиқ қарзини тўлашни ўз зиммасига олган эди.
Компания маълумотларига кўра, мамлакатнинг газлаштириш даражаси 2014-йилдаги 22 фоиздан 2026-йилга келиб 44 фоизга ўсган, ҳозирда Қирғизистонда 450 мингга яқин газ абоненти мавжуд. Бундан ташқари, компания ижтимоий лойиҳаларни ҳам амалга ошириб келяпти. Аммо газлаштириш ишларига иқтисодий ва инфратузилмавий чекловлар таъсир ўтказиб келяпти. Қирғизистонда газга бўлган талаб ўсиб бораётган бўлса-да, газни ташиб келиш имконияти ҳозирча чекланган.
Жапаров тилга олган «Қумтор» кони Қирғизистондаги энг йирик ва Марказий Осиёдаги асосий олтин конларидан бири ҳисобланади. Узоқ йиллар давомида ушбу улкан кон Канаданинг «Centerra Gold» инвестор компанияси томонидан бошқариб келинган. Аммо 2021-йилда Садир Жапаров ҳокимиятга келгач, экологик ва иқтисодий қоидабузарликларни важ қилиб, кон фаолиятини давлат назоратига олди.
Узоқ давом этган халқаро судлашувлар ва мураккаб музокаралардан сўнг, 2022-йилда Қирғизистон ҳукумати конни тўлиқ миллийлаштирди ва у 100 фоиз давлат мулкига айланди.
Элчи биринчи президентнинг мақомидан маҳрум этилишига қарши
Қирғизистоннинг АҚШдаги элчиси Эдил Байсалов Қирғизистоннинг биринчи президенти Асқар Акаевни туғилган куни билан табриклаб, уни экс-президент мақомидан маҳрум қилиш тўғрисидаги қарорни танқид қилди. 10-ноябр куни Акаев 82 ёшни қарши олди. Байсалов Асқар Акаевнинг энг муросасиз танқидчиларидан бири бўлгани ва аввалги қарашларидан воз кечмаганини ёзаркан, ҳар доим президент билан у ҳокимият тепасида бўлганида, у қарор қабул қилганда ва мамлакат тақдири унга боғлиқ бўлгандагина курашиш керак, деб ҳисоблашини урғулаган.
«21 йилдан бери лавозимидан кетган одам билан урушни давом эттиришнинг нима кераги бор? Бу аллақачон тарих. Уни қандай бўлса, шундайлигича қабул қилишни ўрганиш керак», — дейди сиёсатчи.
Эдил Байсаловга кўра, Асқар Акаев замонавий Қирғизистоннинг асосчиларидан бири ва бу фактни ҳеч ким бекор қила олмайди.
1998-йил 20-декабрда Қирғизистон Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи бўлиб Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлди. Мисол учун, Қозоғистон фақат 2015-йилда, Тожикистон 2013-йилда аъзо бўлган, Ўзбекистон эса ҳали ҳам қўшилиш бўйича музокаралар олиб бормоқда.
Бугун Қозоғистон ва Ўзбекистон Вашингтонда Жексон-Веник тузатиши таъсиридан бутунлай халос бўлиш учун катта куч сарфламоқда. Ҳукуматлар, дипломатлар, конгрессменлар ишлайди, катта сиёсий ресурслар жалб қилинади. Қирғизистон эса собиқ СССР давлатлари орасида биринчи бўлиб бу масалани 2000-йилдаёқ ҳал қилган. Президент Асқар Акаев даврида! Арманистон ва Молдова фақат 2005-йилда шунга ўхшаш қарорга эришди. Байсалов Асқар Акаевнинг Қирғизистоннинг биринчи президенти сифатидаги ютуқлари ҳақида гапирар экан, «қўшниларимиз эса ҳали ҳам бу масала устида ишлашда давом этмоқда», деди.
Шунингдек, у муваққат ҳукуматнинг 2010-йилдаги Асқар Акаевни экс-президент мақомидан маҳрум қилиш тўғрисидаги декретини юридик жиҳатдан ўз-ўзидан ҳақиқий эмас деб ҳисоблашини айтди. У 2024-йилда Жогорку Кенешнинг депутатлари унинг мақомини тиклаш масаласини кўриб чиқиш учун комиссия тузишдан бош тортган қарорига ҳам қўшилмаслигини билдирди.
Байсалов 2005-йилнинг апрел ойида Асқар Акаев билан музокаралар ўтказиш учун Москвага борган Жогорку Кенеш делегацияси унинг лавозимидан кетганидан кейин хавфсизлиги ва ҳуқуқий ҳолатини кафолатлаганини эслатди. АҚШдаги элчи ўша музокаралар иштирокчилари, жумладан, ўша пайтда парламент депутати сифатида делегацияда бўлган амалдаги президент Садир Жапаров ҳам ўша пайтда эришилган келишувларга риоя қилиш учун тарихий масъулиятни ўз зиммасига олишини таъкидлади.
Қирғизистоннинг биринчи президенти Асқар Акаев июнь ойида республикага келиб, Иссиқкўл халқаро форумида иштирок этганди. Илгари эълон қилинган расмий иштирокчилар рўйхатида унинг исми бўлмаган. Акаев 2005-йил 24-мартда «Лола инқилоби» пайтида мамлакатдан қочиб кетган ва ўша йилнинг 3-апрелида расман истеъфога чиққан. Ўша воқеалардан сўнг у Қирғизистонга фақат 2021-йилда «Қумтор» иши бўйича кўрсатма бериш учун келган.
Қозоғистонни «руслар давлати»га чиқаришди
Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида жойлашган савдо марказидаги қўриқчи ва бошқалар билан жанжаллашган 40 ёшли эркак мамлакатни «руслар давлати» деб атади. Қўриқчи супермаркет чиқишида энергетик ичимлик ушлаб турган эркакдан харид чекини кўрсатишни сўради. Шундан сўнг, харидор дўкон ходими билан тортишиб кетган. Суҳбатга бошқалар ҳам қўшилиб, эркакни қўриқчига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишга чақирди. Тортишув вақтида эркак «бу руслар давлати», деди. Бунга жавобан атрофдагилардан бири Қозоғистон «қозоқлар давлати» эканини эслатиб, ундан қўриқчининг талабини бажаришни сўради. Кейинчалик қўриқчи чекни текширган ва энергетик ичимлик учун ҳақ тўланганига ишонч ҳосил қилган. Ҳолат юзасидан текширув ўтказилиб, эркакнинг шахси аниқланди ва у Қозоғистон фуқароси экани маълум бўлди. Суд уни 20 суткага қамади.
Сарсон бўлаётган халқ
Қиш кириб келишига ҳам унча кўп вақт қолмади. Ҳадемай совуқ кунлар кишини кўчага чиқишга бироз ўйлантиради. Аммо Ғазода аҳоли ана шундай совуқда ҳам кўчада кун кўришга мажбур қилинмоқда. Ёғингарчилик ва совуқ об-ҳаво шароити кучаяр экан, бу Исроил ҳужумлари сабабли уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган фаластинликларнинг аҳволини янада оғирлаштирди. Кўраётганингиз айнан биз яшаётган замонда юз беряпти. Ғазо секторида яқинда ёққан кучли ёмғир оқибатида уйларини тарк этишга мажбур бўлган фаластинликлар яшаётган 70 мингта чодирни сув босди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, етказилган моддий зарар тахминан 3 миллион долларга баҳоланмоқда.
Ҳудуднинг турли жойларида ўнлаб деворлар қулаб тушган. Кўплаб одамлар жароҳат олган, айримларининг аҳволи эса оғирлиги айтилмоқда. Шунингдек, Исроил ҳужумлари оқибатида аввалдан шикастланган ўнлаб биноларнинг қулаб тушиш хавфи бор. Расмийларнинг айтишича, ёмон об-ҳаво ва кучли ёмғир бу биноларнинг бутунлай қулаши хавфини янада оширяпти.
Ҳукумат вакиллари гуманитар инқирознинг янада кучайишига сабаб сифатида Исроил томонидан чегара ўтиш пунктларининг ёпиқ сақланаётгани, шунингдек, аҳолини вақтинча жойлаштириш ва вайрон бўлган инфратузилмани тиклаш учун зарур материалларнинг Ғазо секторига олиб кирилишига тўсқинлик қилинаётганини таъкидлади. Ғазо ҳукумати халқаро ҳамжамият, БМТ ташкилотлари ва халқаро ёрдам ташкилотларини кўчирилган фаластинликларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, уларни бошпана ва зарур ҳимоя воситалари билан таъминлаш учун зудлик билан чоралар кўришга чақиряпти.
Маълумотларга кўра, Исроил армияси 2025-йил 10-октябрда кучга кирган ўт очишни тўхтатиш келишувига қарамай, қамал остидаги Ғазо секторига зарбалар беришда давом этмоқда.
Полшадаги теракт
7-ноябр куни Полшада теракт содир этилди. Уйида дастлаб ота-онаси ва синглисини отиб ўлдирган 24 ёшли поляклик Михал Оксинский шундан сўнг Краков шаҳри марказида кўчада кетаётган одамларга қарата ўқ узди. Оқибатда олти киши ҳалок бўлди, 15 киши жароҳатланди. Полиция ходимлари Оксинскийни отиб ярадор қилди, у кейинчалик шифохонада вафот этди.
Полша ҳукумати содир бўлган воқеани «террорчилик ҳаракати» деб атади. Бироқ жиноятчининг асл мақсади ҳозирча тўлиқ аниқланмаган. Оксинский нима сабабдан Полшанинг замонавий тарихидаги энг қонли оммавий қотилликлардан бирини содир этганини тушунтирувчи ҳеч қандай хат ёки баёнот қолдирмаган.
24 ёшли Михал Оксинский уста бўлган ва спорт отишмаларига қизиққан. Унда ҳам, отасида ҳам қурол сақлашга, ишлатишга рухсатнома бўлган. Краковдаги ҳужум вақтида Оксинскийдан иккита тўппонча, иккита AR-15 русумли милтиқ ва улар учун тахминан 500 дона ўқ-дори топилган. Бу унинг ҳужумга олдиндан тайёргарлик кўрганини кўрсатади. Тахминларга кўра, у ўзига тегишли қуроллар билан бирга отасининг қуролларидан ҳам фойдаланган.
У оила аъзоларини ўлдириш учун ҳар бирининг бошига икки мартадан ўқ узган. Тахминларга кўра, Оксинский отишма вақтида товушни пасайтирувчи мосламадан фойдаланган бўлиши мумкин. Шу сабабли қўшнилар ҳеч нарсани эшитмаган. Шундан сўнг у отасининг машинасини олиб, Краков шаҳрига йўл олган. Нима сабабдан айнан шу шаҳарни танлагани ҳозирча номаълум.
Оксинский жиноятининг асосий тахмин қилинаётган сабабларидан бири — ўта ўнгчи экстремистик қарашлар бўлиши мумкин. 10-ноябр куни Полша адлия вазири Валдемар Юрек Оксинский интернетда норвегиялик оммавий қотил Андерс Брейвик ҳақидаги сайтларга кириб турганини маълум қилди. Шунингдек, унинг уйида Гадсден байроғи, иш жойида эса ўта ўнгчи қарашларга ишора қилувчи рамзлар топилган.
Бу ҳолатлар Полша Ички ишлар вазирлиги дастлаб илгари сурган — жиноят ортида ўта ўнгчи экстремистик қарашлар турган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминни кучайтиради. Бироқ бу версия ҳозирча тўлиқ исботланган эмас.
Оксинский мактабда ўқиб юрган пайтларидаёқ дафтарига турли ҳужумлар тасвирланган расмларни чизган. Унинг синфдошлари Оксинский камгап ва одамови бўлгани, баъзан дафтарига мактабга уюштириладиган ҳужумлар манзарасини чизиб ўтирганини айтган. Синфдошлари ўша пайтда бунга жиддий эътибор бермаган. Ҳатто ўзаро ҳазиллашиб, Михал бир кун келиб кимнидир ўлдириши мумкинлигини айтишган.
Банк президентни «ишдан олди»
Парагвай президенти Сантяго Пеня мамлакатдаги «Ueno Bank» фаолияти тўхтатилганидан кейин истеъфога чиқди. Президент видео мурожаатида унинг асосий мақсади банкка омонат қўйган фуқароларнинг хотиржамлигини таъминлаш эканини айтди. Шунингдек, у одамлар ўз пулларини тўлиқ қайтариб олиши кафолатланиши кераклигини таъкидлади.
Пеня банк билан боғлиқ муаммолардан икки кун ўтиб истеъфога чиқди. Аввалроқ Парагвай Марказий банки «Ueno Bank» тўловларни амалга оширишда жиддий муаммоларга дуч келгани сабабли унинг бошқарувини ўз назоратига олганди.
Бу қарордан кейин банкнинг қарийб 3 миллион мижозининг ҳисобларидаги маблағлар музлатилди. Бу Парагвай аҳолисининг деярли ярмига тенг. Мамлакатда жами 7 миллиондан ортиқ киши яшайди.
Банк инқирозидан кейин мамлакатда оммавий норозилик намойишлари бошланди. Намойишчилар президентнинг истеъфога чиқишини талаб қилди. Мухолифат эса Пеняга нисбатан импичмент эълон қилиш таклифини парламентга киритди.
5-ноябр куни ҳукмрон партия депутатлари ҳам президентни қўллаб-қувватлашдан бош тортгани маълум бўлди. Сал ўтиб, терговчилар собиқ президентнинг ёзги қароргоҳига бориб, у ердан сохта девор ортига яширилган ертўлани аниқлади. Бу хонага кириш учун камида иккита эшикдан ўтиш керак. Терговчилар биринчи эшикни очишга муваффақ бўлган, бироқ иккинчи эшикни оча олишмаган. Чунки у кўз қорачиғидаги рангли пардани аниқлаш орқали ишлайдиган хавфсизлик тизими билан жиҳозланган.
Ҳозирча расмийлар эшикни очиш учун собиқ президентнинг уйига олиб келишни режалаштирмаяпти. Айни пайтда улар хонага кириш имкониятини унинг рафиқаси ёрдамида қўлга киритиш вариантини кўриб чиқмоқда.
Собиқ бош вазирнинг укаси ушланди
Яқинда, аниқроғи апрел ойида бош вазирлик курсисидан айрилган Венгриянинг собиқ бош вазири Виктор Орбаннинг укаси Арон Орбан одам савдосида гумон қилиниб ҳибсга олингани айтилмоқда. Собиқ бош вазир ўзи асосий нишон ва укаси шунчаки ҳукумат босими воситаси эканини айтди. Тергов ишларини Активларни қайтариб олиш ва ахборотни ҳимоя қилиш бўйича миллий бошқарма ва Миллий тергов бюроси олиб бормоқда. Тадбиркорнинг компанияси гўёки Ветнам фуқароларини Венгрия университетида икки кунлик биринчи тиббий ёрдам курсига ёздирган, бу уларнинг Шенген визасига ариза бериш жараёнини осонлаштириши мумкин эди.
Арон Орбан шунингдек, тегишли органларга виза аризаларини кўриб чиқишни тезлаштиришни сўраб мурожаат қилган. 2024-йилнинг кузида собиқ бош вазирнинг укасига тегишли компанияси 50 нафар Ветнам фуқаросига курсни тугатишда ёрдам берган. Орбан ҳукуматни жавобгарликка тортишни талаб қилди ва «бу ифлос ўйиннинг мақсади сиёсий рақибни йўқ қилиш ва бир партиявий тизимни ўрнатишдир, мен нишонман, укам шунчаки восита», деди.





