2026-йилда давлат қарзи кўп мамлакатлар қайси?
Дунё мамлакатларининг давлат қарзи тарихий жиҳатдан энг юқори даражага етди. Қарзни тўлаш учун кетаётган харажатлар ва бюджетга бўлган эҳтиёжнинг ортиши давлат молиясига тобора катта босим ўтказмоқда. Дунё бўйича жами давлат қарзининг катта қисми энг йирик иқтисодиётлар ҳиссасига тўғри келади. Бироқ қарз мамлакат иқтисодиёти ҳажмига нисбатан ҳисобланса, манзара бутунлай бошқача кўринади.
© Sun'iy intelektХалқаро валюта жамғармасининг (ХВЖ) 2026-йил октябр ойида эълон қилинган «Жаҳон иқтисодиёти истиқболлари» (World Economic Outlook) ҳисоботида 2026-йилда турли мамлакатларнинг давлат қарзи қанча бўлиши прогноз қилинган.
Ҳисоб-китобларда давлат бошқаруви секторининг ялпи қарзи инобатга олинган. Бунга марказий ва маҳаллий ҳокимият органларининг барча қарз мажбуриятлари киради.
Биринчи ўринда АҚШ туради. Мамлакатнинг давлат қарзи 41,4 триллион долларга етиши кутилмоқда. Бу дунёдаги жами давлат қарзининг қарийб учдан бир қисмига тенг.
Сўнгги ўн йилда АҚШ давлат қарзининг мамлакат ялпи ички маҳсулотига (ЯИМ) нисбати 2016-йилдаги 107,5 фоиздан 2026-йилда 126,8 фоизгача ошди. Яъни мамлакат иқтисодиёти ўсганидан кўра давлат қарзи тезроқ кўпайган. Шу билан бирга, қарзни тўлаш учун кетадиган харажатлар ҳам ортмоқда. 2026-молия йилида АҚШ федерал ҳукумати қарз фоизларини тўлаш учун 1,1 триллион доллар сарфлаган. Бу мудофаа харажатларидан 225 миллиард долларга кўп.
Иккинчи ўринда Хитой туради. Унинг давлат қарзи 22,5 триллион долларга етиши кутилмоқда. Прогнозларга кўра, 2026-йилда Хитойнинг давлат қарзи илк бор ЯИМ ҳажмининг 100 фоизидан ошади.
АҚШдан фарқли равишда, Хитойдаги бюджет муаммоларининг асосий сабабларидан бири маҳаллий ҳокимият органларини молиялаштириш тизими билан боғлиқ. Кўп йиллар давомида ҳудудий маъмуриятлар инфратузилма лойиҳалари ва ҳудудларни ривожлантириш учун қарз олган, шунингдек, ер сотишдан тушган маблағлардан фойдаланган.

Бироқ кўчмас мулк бозори инқирозга юз тутиши натижасида ер сотишдан тушадиган даромад камайди. Бу эса маҳаллий бюджетларга босимни кучайтириб, давлат молиясидаги муаммоларни янада оғирлаштирди.
Бюджет муаммоларининг сабаблари турлича бўлса-да, АҚШ ва Хитой мисолида давлат қарзининг ортиши дунёдаги энг йирик икки иқтисодиётнинг молиявий аҳволига қандай таъсир қилаётганини кўриш мумкин.
Давлат қарзи энг катта бўлган мамлакатлар ҳар доим ҳам қарз юкининг энг юқори даражасига эга эмас.
Агар қарзни мамлакат иқтисодиёти ҳажмига нисбатан солиштирсак, 2026-йилда 20 та давлатнинг давлат қарзи ЯИМ ҳажмидан ошиши кутилмоқда. Улар орасида йирик саноатлашган давлатлар ҳам, иқтисодиёти кичик ривожланаётган мамлакатлар ҳам бор.
Давлат қарзининг ЯИМга нисбати бўйича дунёда биринчи ўринда Судан туриши кутилмоқда. Бу кўрсаткич мамлакатда 334,4 фоизга етади. Иккинчи ўринда эса 199,4 фоиз билан Япония турибди.
Францияда давлат қарзи ЯИМнинг 118,5 фоизини, Канадада эса 115,6 фоизини ташкил этиши кутилмоқда. Боливияда бу кўрсаткич 100,2 фоизни ташкил қилиб, 100 фоизлик чегарадан бироз ошади. Россияда эса давлат қарзининг ЯИМга нисбати атиги 19,3 фоиз ёки 552 миллиард долларни ташкил этади.
Бироқ давлат қарзи ЯИМнинг 100 фоизидан кам бўлган мамлакатларда ҳам жиддий молиявий муаммолар юзага келиши мумкин. Ривожланаётган 51 та давлатда давлат қарзига хизмат кўрсатиш, яъни унинг фоизлари ва бошқа тўловларини амалга ошириш учун сарфланадиган маблағ соғлиқни сақлаш ёки таълимга ажратиладиган бюджет харажатларидан ҳам кўп. Бу мамлакатларда жами 3,7 миллиард киши истиқомат қилади.
ХВЖ прогнозига кўра, 2030-йилга бориб дунё давлатларининг жами қарзи глобал ЯИМ ҳажмининг 100 фоизидан ошади. Бундай юқори кўрсаткич охирги марта Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврда кузатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистоннинг ташқи қарзи ошгани, Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида аҳвол қандайлиги ҳақида ёзган эдик.





