Logo

Миллий карталарда иш бошлаган «Apple Pay», иловалардаги янги P2P чекловлари ва очилаётган янги чегара постлар — 17 ноябрь дайжести

Кеча 23:005 дақиқа

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Миллий карталарда иш бошлаган «Apple Pay», иловалардаги янги P2P чекловлари ва очилаётган янги чегара постлар — 17 ноябрь дайжести

«Ғишткўприк» ва «Довут ота» божхона постлари декабр ойида очилиши мумкин

Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасида жойлашган «Ғишткўприк» ҳамда «Довут ота» божхона постлари жорий йилнинг декабрь ойида тўлиқ ишга туширилиши режалаштирилмоқда. Божхона қўмитаси раиси ўринбосари Отабек Иброҳимовнинг таъкидлашича, 13 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда божхона инфратузилмаларини такомиллаштириш бўйича тегишли вазифалар белгилаб берилган. Шу билан бирга, Тожикистон билан чегарадаги «Ойбек», «Фарҳод» ва «Бекобод» чегара божхона постларида ҳам янги қурилиш ишлари бошланиши кўзда тутилган.

Маълумот ўрнида, халқ орасида «Черняевка» номи билан ҳам танилган «Ғишткўприк» чегара пости 2025 йилнинг 5 февралидан бошлаб таъмирлаш ва реконструкция ишлари сабабли вақтинча ёпилган эди. Дастлаб ушбу жараён тўрт ой давом этиши режалаштирилган бўлса-да, кенг кўламли қурилиш тадбирлари доирасида мазкур йирик чегара постларининг тўлақонли иш бошлаши жорий йилнинг декабрь ойига мўлжалланмоқда.

Ўзбекистон аҳолиси 16 йилда қарийб 10 миллионга кўпайди

Миллий статистика қўмитаси аҳолини рўйхатга олиш натижалари асосида 2010–2026 йиллардаги доимий аҳоли сонини қайта ҳисоблаб чиқди. Янгиланган маълумотларга кўра, 2026 йил 1 январь ҳолатида Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси 39 миллион 23,6 минг кишини ташкил этиб, бу кўрсаткич 2010 йил бошидаги (29 млн 215,9 минг) рақамларга нисбатан 9 миллион 807,7 минг кишига ёки 33,6 фоизга ошган. Сўнгги йиллардаги ўсиш динамикаси ҳам юқори бўлиб, энг катта йиллик кўпайиш 2024 йил бошида (792,4 минг кишилик ўсиш) қайд этилган бўлса, 2025 ва 2026 йил бошларида мос равишда 762,5 минг ва 702 минг кишилик ўсиш кузатилган.

Аҳоли сонини қайта ҳисоблаш жараёнида кейинги йил бошидаги кўрсаткичдан йил давомида туғилганлар ва мамлакатга кўчиб келганлар айрилиб, вафот этганлар ва хорижга кўчиб кетганлар қайта қўшилган. Шунингдек, маълумотлар жинс, ёш гуруҳлари, шаҳар ва қишлоқ аҳолиси таркиби ҳамда маъмурий-ҳудудий ўзгаришларни инобатга олган ҳолда алоҳида қайта тикланди ва бунинг натижасида 2026 йил бошидаги аҳоли сони аввалги кўрсаткичдан 786,9 минг кишига (2,1 фоизга) кўп чиққан. Қўмита маълумотларига кўра, жорий йилнинг 15 январь ҳолатига эркаклар сони аёллардан 485,1 минг нафарга кўпроқ бўлиб, мамлакат аҳолисининг 54,5 фоизи шаҳарларда, 45,5 фоизи эса қишлоқларда истиқомат қилмоқда.

«Эл-юрт умиди» жамғармаси айрим суд харажатларидан озод қилинди

Адлия вазирлиги маълумотига кўра, 2026 йил 13 ноябрда қабул қилинган янги қонун (ЎРҚ–1190-сон) билан «Эл-юрт умиди» жамғармаси айрим суд харажатларини тўлашдан озод этилди. Унга асосан, эндиликда жамғарма шартнома мажбуриятларини бузган стипендиатлардан хорижда ўқиш учун сарфланган маблағларни ундириш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича судларга мурожаат қилганда давлат божини тўламайди (эслатиб ўтамиз, аввалроқ жамғарма ва АҚШда таҳсил олаётган ўзбекистонлик стипендиат ўртасидаги низо судгача етиб боргани хабар қилинган эди).

Шунингдек, мазкур қонун билан вазирлик ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш тартибига ҳам ўзгартиришлар киритилди. Янги тартибга кўра, буйруқ ва қарорлар лойиҳалари тегишли порталда камида 10 кун муҳокамада туриши шарт қилиб белгиланди. Бироқ, агар дастлабки 5 кун ичида лойиҳа юзасидан ҳеч қандай фикр-мулоҳаза ёки таклиф келиб тушмаса, ҳужжатни муддатидан олдин ҳуқуқий экспертиза ва давлат рўйхатидан ўтказиш учун Адлия вазирлигига юборишга рухсат берилади. Ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Банк иловаларида P2P ўтказмалар ва биометрик идентификация тартиби ўзгарди

Марказий банкнинг 2026 йил 16 ноябрдан кучга кирган янги низомига кўра, банклар ва тўлов ташкилотлари эндиликда OTP-кодсиз амалга ошириладиган пул ўтказмалари учун энг юқори суммани мустақил белгилайди, агар ушбу чегарадан паст ўтказмаларда фирибгарлик содир бўлса, жавобгарлик банк ёки тўлов ташкилоти зиммасига тушади. Шунингдек, P2P ўтказмаларни веб-сайтлар орқали амалга ошириш тақиқланади. Банк иловаларида карта эгаси ва пул қабул қилувчининг исм-фамилиясининг бир қисми яширилган ҳолда кўрсатилади, фойдаланувчи телефон рақами эса унинг яқин қариндоши номида бўлган тақдирда ҳам, қариндошликни тасдиқлаш орқали иловадан фойдаланишга рухсат этилади.

Янги тартибга асосан, банк иловасида рўйхатдан ўтиш, паролни тиклаш ва аккаунтга бошқа қурилмадан киришда биометрик идентификациядан ўтиш мажбурий қилиб белгиланди, аммо банк картасини иловага бириктириш учун фақатгина SMS орқали юборилган OTP-код етарли бўлади. Агар мижоз аккаунтига бошқа телефондан кирса ёки паролини тикласа, барча бириктирилган карталар вақтинча нофаол ҳолатга ўтади. Бундан ташқари, агар илова мижознинг қурилмасида зарарли дастур борлигини ёки у масофадан бошқарилаётганини аниқласа, дарҳол SMS ёки PUSH-хабар орқали огоҳлантириш юборилиши ва ҳар бир ўтказма олдидан фирибгарлик хавфи ҳақида мижоз хабардор қилиниши шарт.

«Apple Pay» «Uzcard» ва «Humo» билан ишлашни бошлади

Жорий йилнинг 17 ноябридан бошлаб Ўзбекистонда «Apple Pay» халқаро тўлов хизматига миллий тўлов тизимлари — «UZCARD» ва «HUMO» банк карталари интеграция қилинди. Дастлабки босқичда Халқ банки томонидан муомалага чиқарилган «UZCARD» ҳамда «Octobank» тақдим этган «HUMO» карталари мазкур тизимга уланди. Эндиликда ушбу банклар мижозлари ўз карталарини «Apple Wallet» иловасига қўшиб, «iPhone» ва «Apple Watch» қурилмалари орқали хавфсиз контактсиз тўловларни амалга оширишлари мумкин. Марказий банк маълумотларига кўра, келгусида бошқа тижорат банкларининг миллий карталарини ҳам ушбу хизматга улаш босқичма-босқич амалга оширилади.

Мазкур янгилик орқали Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи бўлиб, МДҲ ҳудудида эса ягона давлат сифатида ўз миллий тўлов тизимларини «Apple Pay» экотизимига улашга эришди. Тизим доирасидаги тўловларда мижозларнинг карта маълумотлари махфийлиги ва транзакциялар хавфсизлиги махсус технологик ечимлар ёрдамида тўлиқ таъминланади. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда «Apple Pay» хизмати расман 2026 йил 27 октябрда ишга туширилган бўлиб, дастлаб ундан фақатгина айрим банкларнинг «Visa» ва «Mastercard» халқаро карталари эгалари фойдаланаётган эди.

Теглар

Мавзуга оид

Миллий карталарда иш бошлаган «Apple Pay», иловалардаги янги P2P чекловлари ва очилаётган янги чегара постлар — 17 ноябрь дайжести | Vaqt.uz