Океанга чиқиш учун янги йўллар: Ўзбекистон Европа ва Яқин Шарқ бозорларига қайси йўлаклар орқали чиқмоқчи?
Марказий Осиёнинг халқаро бозорларга чиқиш имкониятини кенгайтириш учун янги транспорт йўлаклари ривожлантирилмоқда. Ўрта йўлакнинг ўзига $55 млрд зарур.
© Uza.uzМарказий Осиё мамлакатлари Европа, Жанубий Кавказ, Яқин Шарқ ва Жанубий Осиё бозорларига чиқиш имкониятларини кенгайтиришга жиддий ҳаракат қилмоқда. Бу жараёнда Каспий денгизи орқали ўтадиган Ўрта йўлак, Туркманистон ва Эрон билан боғланган темир йўл тармоқлари, шунингдек, Афғонистон орқали Покистон портларига чиқиш лойиҳаларига асосий эътибор қаратилмоқда.
Тошкентда «Марказий Осиё – Жанубий Кавказ: ўзаро боғлиқлик ва ривожланиш истиқболлари» мавзусида халқаро конференция ўтказилди. Мазкур тадбир Марказий Осиё халқаро институти, Грузиянинг Стратегик ва халқаро тадқиқотлар жамғармаси (Рондели жамғармаси) ҳамда Фридрих Эберт жамғармаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда Европа, АҚШ, Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ мамлакатларидан экспертлар, тадқиқотчилар, сиёсатчилар ва соҳавий мутахассислар иштирок этди.
Конференцияда Туркманистон ва Эрон орқали ўтадиган транспорт йўналишлари, Афғонистон орқали Покистон бозорига чиқиш лойиҳалари ҳамда Жанубий Кавказда янги транспорт алоқаларини шакллантириш масалалари чуқур таҳлил қилинди.
Иштирокчилар транспорт йўлакларини танлашда фақатгина географик яқинликка эмас, балки юк етказиб бериш муддати, логистика харажатлари, чегаралардаги кутиш вақти, ташишнинг ишончлилиги ва маҳаллий иқтисодиётда қоладиган қўшилган қийматга ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.
Нега минтақада янги транспорт йўлакларига эҳтиёж бор?
Марказий Осиё мамлакатларининг халқаро савдодаги асосий тўсиқларидан бири — дунё океанига тўғридан-тўғри чиқиш имкониятининг йўқлигидир. Хусусан, Ўзбекистон денгизга чиқиш учун камида иккита давлат ҳудудини кесиб ўтишга мажбур бўлган дунёдаги икки мамлакатдан бири ҳисобланади. Бу ҳолат экспорт ва импорт операцияларида қўшимча транспорт, божхона ва логистика харажатларини юзага келтиради. Шу боис, минтақа давлатлари темир йўл, автомобил ва денгиз портларини ўзаро боғловчи кўп тармоқли (мультимодал) йўналишларни ривожлантиришга интилмоқда.
Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD)нинг Марказий Осиёдаги транспорт йўлаклари рақобатбардошлигига оид таҳлилида минтақани кесиб ўтувчи бир нечта халқаро йўналишлар қайд этилган. Улар қаторида Россия орқали ўтадиган Шимолий йўлак, Каспий денгизи орқали ўтувчи Ўрта йўлак, Эрон орқали Жанубий йўлак, шунингдек, Жануб–Шимол ва Трансафғон йўлаклари бор. Ташкилотнинг таъкидлашича, минтақанинг транспорт имкониятларидан тўлиқ фойдаланишга инфратузилма етишмовчилиги, юқори логистика харажатлари, давлатлар ўртасидаги мувофиқлаштиришдаги муаммолар ва мураккаб божхона тартиб-қоидалари тўсқинлик қилмоқда.
Шу нуқтаи назардан, янги йўлаклар нафақат товарларни тезкор етказиб бериш, балки ташқи савдода муқобил йўналишлардан эркин фойдаланиш имкониятини ҳам кенгайтиради.
Ўрта йўлак: Каспий орқали Европага чиқиш
Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасидаги транспорт ҳамкорлигида энг устувор йўналишлардан бири — Транскаспий халқаро транспорт йўлаги ёки Ўрта йўлакдир. У Хитой ва Марказий Осиёдан бошланиб, Қозоғистон темир йўллари орқали Каспий денгизига, сўнгра Озарбойжон ва Грузия ҳудудидан ўтиб, Туркия ёки Қора денгиз портлари орқали Европа бозорларига чиқади.
Ўзбекистондан жўнатилган юклар ушбу йўлакка Қозоғистон ёки Туркманистон орқали уланиши мумкин. Каспий денгизидаги Ақтау ва Қуриқ портлари, Озарбойжондаги Алат порти, Грузиядаги Поти порти ва Боку–Тбилиси–Карс темир йўли мазкур маршрутнинг энг муҳим инфратузилмавий бўғинлари ҳисобланади.
Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг расмий инвестиция порталида Тошкентдан Болгариянинг Бургас портигача бўлган Ўрта йўлак маршрути бўйича юк етказиб бериш муддати ўртача 25–30 кунни ташкил этиши кўрсатилган.
Мазкур йўлакнинг сўнгги йиллардаги шиддатли ривожи халқаро савдо статистикасида ҳам ўз аксини топмоқда. OECD маълумотларига кўра, Транскаспий йўлаги орқали ташилган юклар ҳажми 2024 йилда 62 фоизга ўсиб, 4,5 миллион тоннага етган. Аммо ташкилот бу йўналишнинг ўтказиш имкониятлари Шимолий йўлак билан солиштирганда ҳали ҳам чекланганини таъкидлайди.
Қозоғистон Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, сўнгги етти йил ичида Транскаспий йўналиши орқали юк ташиш ҳажми беш баробарга ортиб, йилига 4,5 миллион тоннага етган. 2025 йилда контейнер ташиш ҳажми қарийб 77 минг TEU (20 футлик стандарт контейнер эквиваленти)ни ташкил қилган бўлса, Қозоғистон 2029 йилгача бу кўрсаткични 300 минг TEUга етказишни мақсад қилган.
Бироқ Ўрта йўлакнинг салоҳиятини ошириш учун фақат инфратузилмани кенгайтиришнинг ўзи кифоя қилмайди. Каспийдаги портларнинг ўтказиш қуввати, кемалар сони, темир йўллар имконияти, юкларни қайта ортиш жараёни ва чегара тартиб-қоидаларини ўзаро мувофиқлаштириш талаб этилади.
Жаҳон банкининг 2026 йил 28 сентябрда эълон қилинган ҳисоботида айнан шу муаммоларга урғу берилган. Унда Ўрта йўлакнинг темир йўл участкалари, денгиз портлари ва кемалар қатнови билан боғлиқ инфратузилмавий чекловлар қайд этилади. Банкнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2040 йилгача мазкур жисмоний тўсиқларни бартараф этиш учун камида 25 миллиард долларлик инвестиция керак бўлади. Бундан ташқари, логистика марказлари, ички терминаллар, туташтирувчи автомобил ва темир йўллар, шунингдек, юк ташиш ускуналари учун яна қарийб 30 миллиард доллар сарфланиши зарур.
Туркманистон ва Эрон орқали Жанубий бозорларга чиқиш
Ҳозирда диққат марказида бўлган яна бир муҳим йўналиш — Туркманистон ва Эрон орқали халқаро бозорларга чиқиш масаласидир.
Ўзбекистон, Туркманистон, Эрон ва Уммон иштирокида имзоланган Ашхобод битими мазкур йўналишнинг асосий ҳуқуқий пойдевори ҳисобланади. Бу битим халқаро транспорт-транзит алоқаларини ривожлантириш ва Марказий Осиё мамлакатларининг Форс кўрфази портларига чиқиш имкониятларини кенгайтиришни мақсад қилган.
2026 йил 16 февралда Ўзбекистон ва Уммон транспорт вазирликлари вакиллари учрашувида мазкур келишув доирасидаги ҳамкорлик атрофлича муҳокама қилинди. Томонлар Уммоннинг Салала, Соҳар ва Дуқм портлари орқали юк ташиш кўламини кенгайтириш, мультимодал логистика йўналишларини ривожлантириш масалаларини кўриб чиқди. Бу йўналишдаги транспорт ҳаракати автомобил ва темир йўл орқали Туркманистон ҳамда Эронга, у ердан эса Эроннинг денгиз портларига чиқишни назарда тутади.
Ўз навбатида, Туркманистон ҳам Эрон билан темир йўл соҳасидаги алоқаларни кучайтиришга интилмоқда. 2025 йил сентябр ойида икки давлат вакиллари Хитой–Қозоғистон–Туркманистон–Эрон темир йўл йўналишини фаоллаштириш ҳамда Ашхобод битими доирасида транзит ташувларини кўпайтиришни келишиб олган эди.
Ушбу йўналишнинг ўзига хос аҳамияти шундаки, у Ўзбекистонга Жанубий бозорларга чиқишда фақатгина битта транспорт йўлагига боғланиб қолмаслик имконини беради. Бироқ ташишнинг рақобатбардошлиги чегарадан ўтиш тартиби, транзит тўловлари, темир йўл тарифлари ва портлардаги хизматлар нархига бевосита боғлиқ.
Масалан, 2026 йил август ойида Ўзбекистон Транспорт вазирлиги Туркманистон билан Фароб–Олот чегара ўтказиш пунктидаги навбатларни қисқартириш, ҳайдовчилар учун электрон визаларни расмийлаштириш ва тез бузиладиган юклар учун алоҳида «яшил йўлак» ташкил этиш масалаларини муҳокама қилди.
Трансафғон йўлаги: Покистон портларига чиқиш режаси
Конференцияда кўриб чиқилган учинчи йирик йўналиш — Афғонистон орқали Покистоннинг денгиз портларига чиқиш истиқболларидир.
Трансафғон темир йўли лойиҳаси Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистонни ўзаро темир йўл орқали боғлашни назарда тутади. Режага мувофиқ, мазкур маршрут Термиздан бошланиб, Афғонистоннинг Нойбобод, Майдоншаҳр ва Логар вилоятлари орқали Покистоннинг Хорлачи чегара пунктига қадар давом этади.
2025 йил 17 июлда мазкур уч мамлакатнинг транспорт идоралари ўртасида лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини биргаликда ишлаб чиқиш бўйича битим имзоланган эди. Ўзбекистон президенти 2026 йил феврал ойида ушбу битимни тасдиқлади. Кейинроқ, 2026 йил 1 октябрда Қозоғистон, Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари транспорт идоралари «CASA» (Қозоғистон–Ўзбекистон–Афғонистон–Покистон) темир йўл лойиҳаси доирасида ўзаро ҳамкорлик меморандумини имзолади. Томонлар зарур инфратузилмани барпо этиш имкониятларини техник, иқтисодий ва молиявий жиҳатдан чуқур ўрганишга келишиб олди.
Трансафғон темир йўлининг бош мақсади — Марказий Осиё давлатларига Покистоннинг Карачи ва Гвадар каби денгиз портларига тўғридан-тўғри темир йўл орқали чиқиш имконини яратишдир. Бу Жанубий Осиё бозорлари билан савдо алоқаларини кенгайтиришда улкан туртки бўлиши кутилмоқда.
Бироқ лойиҳанинг реал ҳаётга кўчиши учун темир йўлнинг техник-иқтисодий асослари пухта ишлаб чиқилиши, қурилиш харажатлари ва молиялаштириш манбалари топилиши, шунингдек, Афғонистон ҳудудидаги хавфсизлик ва транзит кафолатлари ҳал этилиши лозим. Ҳозирги босқичда ушбу муаммолар юзасидан якуний қарорлар қабул қилингани бўйича очиқ маълумотлар мавжуд эмас.
Жаҳон банки: 2040 йилгача 55 млрд долларгача инвестиция керак
Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасидаги транспорт алоқаларини кучайтиришнинг иқтисодий аҳамияти халқаро молия ташкилотларининг ҳисоботларида ҳам ўз аксини топмоқда.
Жаҳон банкининг 2026 йил сентябр ойидаги таҳлилига кўра, Транскаспий транспорт йўлаги тўлиқ ривожлантирилса, 2040 йилга бориб қуйидаги натижаларга эришиш мумкин:
· Йўлак орқали товар ташиш ҳажми уч баробардан кўпроққа ошади;
· Етказиб бериш вақти икки баробарга қисқаради;
· Йўлак атрофидаги мамлакатларнинг ЯИМи 3,3 фоизга кўтарилади;
· 2 миллионта янги қўшимча иш ўрни яратилади.
Агар инфратузилмавий инвестициялар билан бир қаторда божхона, логистика ва транспорт хизматлари самарадорлигини оширувчи тизимли ислоҳотлар ҳам ўтказилса, товар ташиш ҳажми тўрт баробаргача ўсиши, етказиб бериш вақти эса 2023 йилга нисбатан учдан икки қисмга қисқариши мумкинлиги прогноз қилинмоқда.
Ушбу ҳисобот Арманистон, Озарбойжон, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркия, Туркманистон ва Ўзбекистонни қамраб олади. Арманистон келажакда ушбу йўлакка тўғридан-тўғри уланиши кутилаётган мамлакат сифатида таҳлилга киритилган.
Банк ҳисоб-китобларига кўра, 2040 йилгача темир йўллар, портлар ва денгиз ташувлари инфратузилмасига камида 25 миллиард доллар йўналтирилиши керак. Қўшимча 30 миллиард доллар эса логистика марказлари, ички терминаллар, боғловчи автомобил ва темир йўллар, шунингдек, юк ташиш техникалари учун талаб этилади. Бундан ташқари, Жаҳон банки транспорт йўлагини шунчаки транзит ҳудуди сифатида ривожлантириш етарли эмаслигини уқтиради. Йўлак атрофида замонавий омборлар, ишлаб чиқариш корхоналари, логистика марказлари ва бошқа хизматларни ривожлантириш орқали маҳаллий иқтисодиётда ҳам реал қўшимча қиймат яратиш зарур.





