Logo

Ўзбекистон туризм экспортида $6 млрдлик маррани муддатидан 4 йил аввал забт этди

Бугун 08:303 дақиқа

Хорижий ташрифлар 19,4 фоизга, туризм хизматлари экспорти эса 49,5 фоизга ўсди. Марказий Осиё давлатлари тушумнинг 44,4 фоизини таъминлади.

Ўзбекистон туризм экспортида $6 млрдлик маррани муддатидан 4 йил аввал забт этди © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

2026 йилнинг январ–октябр ойларида Ўзбекистоннинг туризм хизматлари экспорти 6 миллиард 75,7 миллион долларга етди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 49,5 фоизга кўп. Туризм хизматлари мамлакат умумий экспортининг 20 фоизини ташкил этди. Бу ҳақда Туризм қўмитаси хабар берди.

Шу даврда Ўзбекистонга туризм мақсадида жами 11 миллион 622 минг 100 нафар хорижий фуқаро ташриф буюрган. Бу кўрсаткич 2025 йилнинг январ–октябр ойларига нисбатан қарийб 1,9 миллион нафарга ёки 19,4 фоизга ошган.

Туристлар қаердан келмоқда?

2026 йилнинг дастлабки 10 ойида Ўзбекистонга келган хорижликлар сони бўйича қўшни давлатлар яққол етакчилик қилмоқда.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, биринчи ўнлик қуйидагича:

Ўрин

Мамлакат

Ташрифлар сони

1

Қирғизистон

3 180 403

2

Қозоғистон

2 703 401

3

Тожикистон

2 553 147

4

Россия

1 104 057

5

Афғонистон

432 651

6

Хитой

430 326

7

Туркманистон

289 933

8

Туркия

169 553

9

Ҳиндистон

64 344

10

Германия

50 846

Жадвалдан кўриниб турганидек, Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистондан келган фуқаролар умумий ташрифларнинг мутлақ кўпчилигини ташкил этади.

Марказий Осиё мамлакатларидан ташрифларнинг кўплиги туризм хизматлари экспортидаги географик тақсимотда ҳам ўз аксини топган. Туризм қўмитаси маълумотига кўра, минтақа давлатлари экспорт тушумининг 44,4 фоизини (ёки 2,7 млрд доллар) таъминлаган. Бошқа мамлакатлар ҳиссасига эса 55,6 фоиз (қарийб 3,4 млрд доллар) тўғри келади.

Хитой, Япония ва Малайзиядан сайёҳлар оқими кўпайди

Ташрифлар географиясида нафақат қўшнилар, балки Осиёнинг бошқа мамлакатлари ва Ғарб давлатлари ҳам муҳим ўрин тутмоқда.

Хусусан, 2026 йилнинг ўн ойида Хитойдан келган фуқаролар сони 430,3 минг кишига етган (бу ўтган йилга нисбатан икки баробар кўп).

Бошқа давлатлар бўйича ҳам сезиларли ўсиш қайд этилган:

  • Миср — 1,9 баробар (7,5 минг нафар);

  • Малайзия — 1,7 баробар (15,9 минг нафар);

  • Индонезия — 1,6 баробар (10,5 минг нафар);

  • Япония — 1,5 баробар (42,8 минг нафар);

  • АҚШ — 1,4 баробар (47,3 минг нафар);

  • Германия ва Буюк Британия — 26 фоиздан (мос равишда 50,8 минг ва 30,2 минг нафар);

  • Франция — 20 фоиз (32,9 минг нафар);

  • Туркия — 15 фоиз (169,6 минг нафар).

Туризм инфратузилмаси ҳам кенгаймоқда

Туризм қўмитасининг маълумотига кўра, 2026 йилнинг биринчи ярми ҳолатига Ўзбекистонда жойлаштириш воситалари (меҳмонхоналар, ётоқхоналар, меҳмон уйлари) сони 7 364 тага, уларнинг умумий сиғими эса 202,3 минг ўринга етган.

Шу даврда ҳудудларда қиймати 200,2 миллион долларга тенг бўлган 97 та туризм лойиҳаси ишга туширилиб, 2 134 та янги иш ўрни яратилган. Мамлакатда халқаро меҳмонхона брендлари сони 31 тага, туристик қишлоқлар сони эса 48 тага етган.

Шунингдек, ички туризм ҳам фаол ривожланмоқда: «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил» дастури доирасида ярим йил ичида 13,4 миллиондан ортиқ ички сафар амалга оширилган.

2030 йил марраларидан бирига муддатидан аввал эришилдими?

«Ўзбекистон — 2030» стратегиясида туризм соҳаси учун қатор улкан мақсадлар белгиланган:

  • Хорижий туристлар сонини 20 миллион нафарга етказиш;

  • Туризм хизматлари экспортини йилига 6 миллиард доллардан ошириш;

  • Туризмнинг ЯИМдаги улушини 3,5 фоиздан 7 фоизга кўтариш;

  • Тўрт ва беш юлдузли меҳмонхоналар сонини икки баробар ошириш.

Бу мақсадлар орасида экспорт тушуми бўйича кўрсаткич алоҳида эътиборга лойиқ. 2026 йилнинг дастлабки 10 ойидаёқ экспорт 6,08 миллиард долларни ташкил этди — яъни стратегияда 2030 йил учун белгиланган 6 миллиард долларлик марра муддатидан анча аввал босиб ўтилди. Бироқ, 20 миллионлик ташрифлар мақсадига эришиш учун ҳали вақт талаб этилади.

Теглар

Мавзуга оид