Ўзбекистонда муомаладаги нақд пуллар бир йилда 14 трлн сўмга кўпайди
2026-йил ноябрь бошида аҳоли ва иқтисодиёт муомаласидаги нақд пуллар ҳажми 93,1 трлн сўмга етди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 17,8 фоизга кўп.
© Ijtimoiy tarmoqlar2026-йил 1-ноябрь ҳолатида Ўзбекистон Марказий банкининг пул базаси 120,5 трлн сўмга етди. Бу 2025-йилнинг шу даврига нисбатан 18,4 трлн сўм ёки қарийб 18 фоизга кўп. Бир ой ичида эса пул базаси 2,3 фоизга ошган.
Пул базаси таркибининг асосий қисмини Марказий банкдан ташқаридаги нақд пуллар ташкил этмоқда. Уларнинг ҳажми 93,1 трлн сўмга етиб, бир йил ичида 17,8 фоизга ошган. 2025-йил 1-ноябрда бу кўрсаткич 79,1 трлн сўм бўлган.
Қолган асосий қисм бошқа депозит ташкилотлар, жумладан, тижорат банкларининг Марказий банкдаги вакиллик ҳисобварақларидаги маблағларига тўғри келади. Уларнинг ҳажми 25,7 трлн сўмни ташкил этиб, йиллик ҳисобда 15,5 фоизга кўпайган.
Марказий банкнинг олтин активлари 700 трлн сўмдан ошди
Ҳисоботда Марказий банкнинг соф ташқи активлари 763 трлн сўмни ташкил этгани кўрсатилган. Бу бир йил аввалгига нисбатан 7,5 фоизга кўп.
Ушбу активларнинг асосий қисмини монетар олтин ташкил этади. Унинг қиймати 700,4 трлн сўмга етган. Бир йил давомида монетар олтин қиймати 21,7 фоизга ошган.
Шу билан бирга, норезидентларга бўлган талаблар 69,4 трлн сўмни ташкил қилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 50,8 фоизга кам. Норезидентлар олдидаги мажбуриятлар эса 6,8 трлн сўмга тенг бўлган.
Марказий банкнинг бошқа секторларга, жумладан, давлат ташкилотларига бўлган кредит ва бошқа молиявий активлари 1,4 трлн сўмни ташкил этган. Бу бир йил аввалгига нисбатан 55 фоизга кўп.
Пул базаси ва пул массаси бир хил эмас
Пул базасининг ўсишини иқтисодиётдаги жами пул ҳажмининг айнан шунча кўпайиши сифатида талқин қилиш тўғри эмас. Пул базаси Марказий банк томонидан шакллантириладиган монетар кўрсаткич бўлиб, муомаладаги нақд пуллар ва банкларнинг Марказий банкдаги айрим маблағларини қамраб олади.
Кенг маънодаги пул массаси эса бунга қўшимча равишда тижорат банкларидаги депозитларни ҳам ўз ичига олади. Шу сабабли пул базасидаги ўзгаришлар билан бирга банк кредитлари, депозитлар ва иқтисодиётдаги пул айланишини ҳам ҳисобга олиш лозим.
2026-йил 1-ноябрь ҳолатига Ўзбекистонда кенг маънодаги пул массаси 474,9 трлн сўмни ташкил этди. Бир ой ичида эса кўрсаткич 2,8 фоизга ошган. Жами пул массасининг 400,5 трлн сўми миллий валютадаги маблағларга тўғри келади.





