Logo

Ўзбекистонда халқаро компанияларнинг акцияларини сотиб олиш тартиби тасдиқланди

Бугун 11:255 дақиқа

Энди маҳаллий брокерлар орқали дунёнинг йирик биржаларидаги қимматли қоғозларни сотиб олиш мумкин. Бироқ бунинг учун камида 5 минг доллар актив ёки тегишли тажриба талаб қилинади.

Ўзбекистонда халқаро компанияларнинг акцияларини сотиб олиш тартиби тасдиқланди © shutterstock.com

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ИЛМА) хорижий акция, облигация ва ETF’ларни маҳаллий брокерлар орқали сотиб олиш тартибини тасдиқлади. Бу имконият фақат «малакали инвестор» мақомини олганларга берилади.

Низом «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режими доирасида қабул қилинган ва Марказий банк билан келишилган. Ҳужжат 11-ноябр куни Адлия вазирлигида 3971-рақам билан рўйхатга олинди ва 12-ноябр куни расмий эълон қилинган кундан кучга кирди.

Қайси қимматли қоғозлар сотилади

Низомга кўра, савдога қуйидагилар қўйилиши мумкин:

•      хорижий фонд индексларига кирган компанияларнинг акциялари;

•      хорижий компаниялар облигациялари ва хорижий давлат облигациялари;

•      биржада савдо қилинадиган фондлар (ETF) ва индекс фондлари;

•      хорижий компанияларнинг депозитар тилхатлари.

Гап дунёнинг йирик биржаларида сотиладиган таниқли компаниялар қоғозлари ҳақида бормоқда. Ҳар бир қимматли қоғоз аввал ИЛМА реестрига киритилиши шарт. Бунинг учун у листингдаги барча қоғозларининг умумий капиталлашуви камида 1 трлн доллар бўлган хорижий биржада савдо қилиниши ва халқаро идентификация рақамига (ISIN) эга бўлиши керак.

Реестрга киритиш учун брокер ёки банк ариза беради, ИЛМА уни ўн иш куни ичида кўриб чиқади. Қанча ҳажмдаги қоғоз муомалага чиқарилиши эса Марказий банк билан келишилади. Бу эса савдо ҳажмига чеклов қўйилишини англатади.

Ким малакали инвестор бўла олади

Жисмоний шахс қуйидаги шартлардан камида биттасига жавоб берса, малакали инвестор деб тан олинади:

•      банк, брокер ёки депо ҳисобларида камида 5 минг долларлик пул ёки қимматли қоғози бўлса;

•      сўнгги 12 ойда брокер белгилаган ҳажмда қимматли қоғозлар билан битим тузган бўлса;

•      Ўзбекистон қимматли қоғозлар бозори мутахассиси малака сертификатига эга бўлса;

•      CFA, CIIA, FRM каби халқаро сертификати бўлса;

•      молия, иқтисодиёт, математика, бизнес-таҳлил, бухгалтерия, инвестиция ёки молиявий ҳуқуқ бўйича олий маълумотли бўлса;

•      инвестиция қарорлари ёки рискларни бошқариш билан боғлиқ лавозимда камида икки йил ишлаган бўлса.

Мақомни давлат эмас, брокер беради. Аввал у мижозни тест қилади: қимматли қоғозлар бозори қандай ишлаши, қандай рисклар борлиги ва қонунчилик асослари сўралади. Иккинчидан олтинчигача бўлган шартларга жавоб берадиганларни брокер тестдан озод қилиши мумкин. Фақат 5 минг доллар шарти билан мурожаат қилганлар эса, катта эҳтимол билан, тест топширади. Тестдан ўта олмаган киши мақом олмайди, лекин уни қайта топшириши мумкин.

Мақом олингач, акциялар арзонлашиб, активлар 5 минг доллардан камайиб кетса ҳам, мақом сақланиб қолади.

Компаниялар учун шартлар

Банклар, суғурта компаниялари, инвестиция фондлари ва бошқа лицензияли молия ташкилотлари автоматик равишда малакали инвестор ҳисобланади. Бошқа компаниялар қуйидаги шартлардан бирига жавоб бериши керак:

•      соф активлари камида 1 500 базавий ҳисоблаш миқдорига тенг бўлиши;

•      штатида тегишли олий маълумотли ва молия ташкилотида камида икки йил ишлаган ходим бўлиши;

•      ўтган йили қимматли қоғозлар билан камида бешта битим тузган бўлиши.

Компаниялар хорижий қоғозларни фақат ўзининг чет эл валютасидаги маблағи, масалан, экспорт тушуми ҳисобидан сотиб олади. Конвертация қилинган пулни бу мақсадда ишлатиб бўлмайди.

Қандай сотиб олинади?

Бунинг икки йўли бор. Биринчиси, Тошкент фонд биржасидаги алоҳида майдонча ёки брокер платформаси орқали. Бунда хорижий акциянинг ўзи чет элдаги ҳисобда сақланади, Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси эса унга бирга-бир мос келадиган «молиявий восита» чиқаради. Инвестор хорижий акция билан таъминланган айнан шу воситани сотиб олади.

Иккинчиси, брокер иловаси орқали тўғридан тўғри хорижий биржага чиқиш. Бунда маҳаллий брокер хорижий брокер билан ҳамкорликда ишлайди. Акциялар брокер номидаги умумий ҳисобда туради, аммо ҳар бир мижознинг улуши алоҳида ҳисобга олинади.

Инвестор учун жараён тахминан қуйидагича: брокерга мурожаат қилади, шартнома тузади (масофавий идентификация орқали ҳам мумкин), тест топширади ёки ҳужжат тақдим этади, валюта ўтказади ва буюртма беради.

Пул қандай киритилади ва ечилади?

Барча ҳисоб-китоблар чет эл валютасида амалга оширилади. Нақд долларни агент-банк филиалига бориб, брокернинг валюта ҳисобига киритиш ёки ўз банк ҳисобидан ўтказиш мумкин. Брокерга ўз кассасида ёки нотариус орқали нақд пул қабул қилиш тақиқланган. Қарзга олинган пулга хорижий қимматли қоғоз сотиб олиш ҳам ман этилган.

Платформа пулни ечишга кунига камида бир марта имкон бериши керак. Брокер ечиш топшириғини уч банк кунидан кечиктирмай бажариши шарт. Агар беш иш куни ичида пул келмаса, брокер уни ўз ҳисобидан тўлайди. Аммо санкциялар, хорижий суд ёки регулятор қарори билан пул блокланган бўлса, бу кафолат амал қилмайди. Пул Ўзбекистондаги валюта ҳисобига ёки банк картасига ечилади.

Дивидендлар ва каср акциялар

Дивиденд ва фоизларни Марказий депозитарий эгаларига агент-банкда очилган шахсий валюта ҳисоблари орқали тўлайди. Бу ҳисобни депозитарийнинг мобил иловаси орқали бошқариш мумкин.

Баъзан компания акцияларни бўлиб юбориши сабабли инвесторда акциянинг бир қисмигина қолиши мумкин. Бундай ҳолатда унга қолган қисмини сотиб олиб, бутун акцияга етказиш учун беш иш куни берилади. Акс ҳолда каср қисм кейинги куни бозор нархида автоматик сотилади ва пули ҳисобга туширилади.

Савдо қачон тўхтатилиши мумкин?

ИЛМА савдони бир қанча ҳолларда тўхтата олади: қоғоз хорижий биржада тўхтатилса, жиддий техник носозлик юз берса ёки бозорни манипуляция қилиш ҳолати аниқланса. Бундай пайтда брокер мижозларни бир иш куни ичида хабардор қилиши керак. Даромадга эса Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ солиқ солинади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий банкнинг хорижий қимматли қоғозлардаги инвестициялари бир ойда 543 млн долларга қисқариб, 1-ноябр ҳолатига 1,148 млрд долларни ташкил этгани хабар қилинганди.

Шунингдек, «Kapitalbank» йиллик 7 фоизли даромадга эга 50 млн долларлик корпоратив облигацияларни муомалага чиқариши маълум бўлганди.

Теглар

Мавзуга оид