Logo

Садир Жапаров қирғиз-ўзбек муносабатларига путур етказмоқчи бўлган иғвогарларга кескин чора кўрилишини айтди

Унга кўра, «Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон» темир йўли қурилишига тўсқинлик қилиш ва бўлажак сайловларни барбод қилиш мақсадида айрим сиёсатчилар қирғизлар ва ўзбеклар ўртасига низо солишни режалаштирмоқда.

Садир Жапаров қирғиз-ўзбек муносабатларига путур етказмоқчи бўлган иғвогарларга кескин чора кўрилишини айтди © president.kg

Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакат жанубида қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида сунъий низо чиқариш орқали келаси йилги президентлик сайловларини барбод қилишни режалаштираётган сиёсатчилар борлигини маълум қилди. У давлат ҳар қандай провокацияни бостиришга қодирлигини таъкидлаб, икки халқни ёлғон хабарларга ишонмасликка чақирди.

Президентнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида ёзишича, мазкур маълумотлар унга «бир қатор манбалардан» келиб тушган. Унинг сўзларига кўра, ҳозирча булар фақат муҳокама даражасида бўлса-да, амалга ошиш эҳтимоли йўқ эмас. Бунинг учун одамларнинг ҳис-туйғулари билан ўйнашадиган ва миллий ғурурига тегадиган ёлғон миш-мишларни тарқатишнинг ўзи кифоя қилади.

Жапаров мамлакат тарихидаги 1990 ва 2010 йиллардаги фожиаларни ёдга олиб, ўша вақтда кўплаб тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлганини, аммо буни уюштирганлар ҳеч қандай жазо олмаганини таъкидлади.

«Улар ўзаро адоватни авж олдириб, ўзлари четда томошабин бўлиб, жараённи мамнуният билан кузатиб туради. Бунинг устига, ўша воқеалардан кейин оддий оилаларнинг фарзандларигина умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилган», — дейди Қирғизистон раҳбари.

Шу муносабат билан у ҳар икки миллат вакилларини иғволарга берилмасликка, оқсоқолларни эса бундай воқеаларни кўрмаган 20–25 ёшдаги қизиққон ёшларни миллатлараро тўқнашувларнинг аянчли оқибатларидан огоҳлантиришга чақирди.

Президентнинг таъкидлашича, бугунги Қирғизистон аввалгидек ожиз давлат эмас. Агар хавфли вазият юзага келса, «давлатнинг бир-икки кун ичида тартибсизликларга чек қўйишга кучи ҳам, имконияти ҳам етади».

Шунингдек, Жапаров айрим кучлар халқни «Хитой мавзуси» билан чалғита олмагач, энди қирғизлар ва ўзбекларни бир-бирига қайраш режасига ўтганини билдирди. У ғанимлар сафида «Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон» темир йўли қурилиши якунланишидан хавфсираётганлар ҳам борлигини қўшимча қилиб, уларни «узоқни кўра олмайдиган, тор фикрлайдиган ва нияти бузуқ одамлар» деб атади.

Мухолифларини огоҳлантирар экан, президент бугунги кунда ҳуқуқ-тартибот идораларининг техник имкониятлари кенглигини, мамлакат бўйлаб ўн минглаб видеокамералар ишлаётганини ва ҳар қандай жиноий режа 40 дақиқа ичида фош этилишини эслатди.

«Тегишли органлар сизни жавобгарликка тортаётганида панжара ортида ўтириб олиб: «Мен мутлақо бегуноҳман, мени фақат сиёсий сабабларга кўра ҳибсга олишди, ноҳақ суд қилишяпти», деб бақириб юрманг. Ҳали кеч эмас экан, ақлингизни йиғинг ва ноқонуний ҳаракатларингизни тўхтатинг! 30 йил давомида тартибсизликлар гирдобидан чиқа олмай, охир-оқибат ботқоққа ботиб қолганимизни халқ ҳали унутгани йўқ», — дея хулоса қилди Садир Жапаров.

Теглар

Мавзуга оид