Уйни ўз вақтида топширмаган қурувчилар ҳар бир кечиктирилган кун учун жарима тўлаши мумкин
Қурувчи уйни топшириш муддатини фақат харидорнинг розилиги билан узайтириши мумкин. Бунда муддатни кўпи билан уч ойга, жами икки марта узайтиришга рухсат берилади.
© Ijtimoiy tarmoqlarБу ҳақда Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси ахборот хизмати брифингида маълум қилинди.
Қўмита ишлаб чиққан «Кўп квартирали уйларни ва бошқа кўчмас мулк объектларини улуш киритиш асосида қуриш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасида учинчи ўқишда қабул қилиниб, Сенатга юборилган.
Ҳужжат улушли қурилишда фуқаролар маблағларини ҳимоя қилиш, қурувчиларнинг молиявий масъулиятини ошириш ва қурилиш жараёнини назорат қилишга қаратилган.
Харидор пули банкда сақланади
Лойиҳага кўра, фуқаролар уй хариди учун тўлаган маблағ қурувчининг ҳисобварағига эмас, ваколатли банкда харидор номига очилган эскроу ҳисобварағига тушади. Пул уй фойдаланишга топширилиб, топшириш далолатномаси имзолангандан кейингина қурувчига йўналтирилади. Ҳисобварақни очиш ва юритиш бепул бўлади.
Қурилиш қийматининг камида 70 фоизи банкнинг лойиҳавий молиялаштириши, кўпи билан 30 фоизи эса девелопер ва қурувчи маблағлари ҳисобидан қопланади. Банк маблағларни бажарилган ишлар ҳажмига қараб босқичма-босқич ажратади. Бунда қурувчи объектни рўйхатдан ўтказишда лойиҳа қийматининг камида 10 фоизи миқдорида ўз маблағига эга бўлиши керак.
Эскроу ҳисобварағидаги пул қурувчи ёки харидор тўловга қобилиятсиз бўлиб қолган тақдирда ҳам хатланиши, ҳисобдан чиқарилиши ёки унга нисбатан ундирув қаратилиши мумкин эмас. Шунингдек, бу ҳисобварақлар банк омонатларини ҳимоя қилиш тизимига киритилади.
Уй кечикса, жарима тўланади
Қонун лойиҳасида қурувчининг уйни шартномада белгиланган муддатда топшириш мажбурияти ҳам кучайтирилмоқда. Муддат бузилган тақдирда, ҳар бир кечиктирилган кун учун 0,01 фоиз миқдорида неустойка тўлаш таклиф этилмоқда.
Қурилиш муддатини узайтиришга фақат харидорнинг розилиги билан рухсат берилади. Бунда муддат ҳар сафар кўпи билан уч ойга, жами икки мартагача узайтирилиши мумкин.
Янги уйлар учун камида 10 йил, муҳандислик ускуналари учун эса камида икки йиллик кафолат белгиланмоқда. Хонадоннинг амалдаги майдони шартномада кўрсатилганидан фарқ қилса, унинг нархи қайта ҳисобланади. Қурилишдаги камчиликлар харидорнинг айби билан юзага келганини исботлаш мажбурияти эса қурувчининг зиммасига юкланади.
Шунингдек, фуқаролардан маблағ жалб қиладиган ташкилотлар фақат ихтисослашган қурувчи сифатида фаолият юритиши керак. Уларга бошқа фаолият билан шуғулланиш, қарз ва кафолат бериш ҳамда бошқа ташкилотларда иштирок этиш тақиқланади. Бу бир қурилиш лойиҳаси учун йиғилган маблағни бошқа объектга сарфлашнинг олдини олишга қаратилган.
Қурувчи раҳбари ва унинг якуний бенефициар мулкдори ҳам фуқароларга етказилган зарар учун қурувчи билан биргаликда жавобгар бўлади.
Муаммоли объектларда уй сотиш тўхтатилади
Лойиҳада қурувчилар учун ахборотни ошкор қилиш талаблари ҳам белгиланган. Улар қурилиш жараёни фотосуратлари ва молиявий ҳисоботларни Ягона ахборот тизимида мунтазам янгилаб бориши шарт. Лойиҳа декларацияси эълон қилинмагунча объектни реклама қилишга рухсат берилмайди.
Қурилиш ишлари олти ойдан ортиқ тўхтаб қолса, уйни топшириш муддати бузилса, қурувчига нисбатан тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомили бошланса ёки кафолат мажбуриятлари бажарилмаса, объект муаммоли деб топилади. Бундай объектлар бўйича янги шартномалар тузиш ва фуқаролардан тўлов қабул қилиш тақиқланади.
Бундан ташқари, фуқаролардан қонунга хилоф равишда маблағ жалб қилган шахслар уларга Марказий банк асосий ставкасининг икки баравари миқдорида фоиз тўлаши керак бўлади. Қонун лойиҳасида бундай ҳолатлар, шунингдек, маълумотларни ошкор қилмаслик ва лойиҳа ҳужжатларига ноқонуний ўзгартириш киритиш учун маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик белгилаш таклиф этилмоқда.
Янги талаблар қонун кучга кирганидан кейин қурилишига рухсатнома олинган объектларга нисбатан қўлланиши назарда тутилган. Ҳозирча қонун лойиҳаси Сенатга юборилган, ҳужжат ҳали кучга кирмаган.
Эслатиб ўтамиз, Vaqt.uz аввалроқ эскроу тизимини жорий этиш нега кечикаётгани, қонун лойиҳаси белгиланган муддатдан қарийб бир йил-у ўн ой ортга қолгани ҳамда янги тартиб уй-жой харидорларини қандай ҳимоя қилиши ҳақида ёзган эди.





