Logo

«Янги Бухоро» аэропортини қуриш бўйича тендер ғолиблари аниқланди

Кеча 20:132 дақиқа

Тендер 2026 йил 12 март куни эълон қилинган бўлиб, икки босқичда — малака сўрови ва таклифлар сўрови шаклида ўтказилди. Якуний босқичга олтита компания ўтган.

«Янги Бухоро» аэропортини қуриш бўйича тендер ғолиблари аниқланди © Uzbekistan Airports

«Янги Бухоро» халқаро аэропортини давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида қуриш ва бошқариш бўйича ўтказилган очиқ тендерда Туркиянинг «Limak İnşaat Sanayi ve Ticaret A.Ş.» ва Қатарнинг «Hamad Bin Khalid Contracting Company W.L.L.» компаниялари консорциуми ғолиб деб топилди.

Ушбу келишув «Қуриш-топшириш-бошқариш» (BTO) модели асосида амалга оширилади.

Мазкур лойиҳада вазифалар иккига бўлинади. Хусусий шерик соатига 1 200 йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга янги йўловчи терминали, вокзалолди майдони, автотураргоҳ ва тегишли инфратузилмани қуриш ҳамда бошқариш ишларини амалга оширади.

Давлат шериги эса аэродром мажмуасини (учиш-қўниш йўлаги, перрон) қуриш ва бошқаришни ўз зиммасига олади. ДХШ тўғрисидаги битим умумий 23 йил муддатга тузилиши кўзда тутилган бўлиб, шундан 3 йили қурилиш даврини ўз ичига олади.

Халқаро тажриба ва кутилаётган натижалар

2026 йилнинг 12 мартида эълон қилинган мазкур тендер икки босқичда (малака ва таклифлар сўрови) ўтказилган ва унинг якуний босқичига олтита компания етиб келган эди. Идоралараро тендер комиссияси томонидан танланган ғолиб консорциум таркибидаги компаниялар йирик инфратузилма объектларини қуришда катта тажрибага эга.

Жумладан, «Limak» Приштина (Косово) ва Дакар (Сенегал) аэропортларини бошқаради, шунингдек, Истанбул ва Қувайт янги аэропортлари қурилишида иштирок этган. «HBK Contracting» эса 2022 йилги жаҳон чемпионати финали ўтган Қатардаги «Лусаил» стадионини қурган бош пудратчи ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу ДХШ лойиҳаси Президентнинг 2024 йил 30 августдаги ПҚ-308-сон қарорига асосан Транспорт вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид