Logo

Янги Тошкентда 500 млн доллардан ортиқ лойиҳалар учун ер аукционининг бошланғич нархи белгиланди

Бугун 16:294 дақиқа

Ернинг якуний қиймати савдо натижаларига қараб аниқланади. Энг йирик инвестиция лойиҳалари учун ер аукционининг бошланғич нархи 50 млн долларгача бўлган лойиҳаларникидан 200 баравар паст бўлади.

Янги Тошкентда 500 млн доллардан ортиқ лойиҳалар учун ер аукционининг бошланғич нархи белгиланди © Foto: president.uz

Янги Тошкентда 500 миллион доллардан ортиқ лойиҳалар учун ер аукциони 1 доллардан бошланади. Бу тартиб президентнинг 10-ноябр куни имзоланган фармонида белгиланган.

Ҳужжатга асосан Янги Тошкент шаҳрининг 19 минг 720,9 гектар ва Самарқанддаги «Ширин» массивининг 665,15 гектар майдонида йирик шаҳарсозлик лойиҳалари учун махсус ҳуқуқий режим жорий этилди. Бу ҳудудларда қиймати камида 50 миллион доллар бўлган инвестиция лойиҳалари солиқ, божхона ва қурилиш соҳасидаги алоҳида имтиёзлардан фойдаланиши мумкин.

1



Махсус ҳудудлардаги ер участкалари инвесторларга «E-auksion» платформаси орқали ижара ҳуқуқи асосида таклиф этилади. Бунда ернинг ҳар бир квадрат метри учун белгиланган бошланғич нарх амалга ошириладиган инвестиция лойиҳасининг қийматига боғлиқ бўлади. Энг йирик инвестиция лойиҳалари учун ер аукционининг бошланғич нархи 50 миллион долларгача бўлган лойиҳаларникидан 200 баравар паст бўлади.

Аммо бу ер майдонлари инвесторларга автоматик тарзда 1 доллардан берилади, дегани эмас. Бу суммалар аукцион учун белгиланган бошланғич нарх ҳисобланади. Ернинг якуний қиймати эса савдо натижаларига қараб аниқланади.

Шунингдек, инвесторлар ер учун тўловларни қисмларга бўлиб амалга ошириши мумкин. Хусусан, қиймати 50 миллион долларгача бўлган лойиҳаларда дастлабки тўлов 30 фоизни, 250–500 миллион долларлик лойиҳаларда эса 10 фоизни ташкил этади. Қолган маблағни лойиҳа қийматига қараб 4 йилдан 7 йилгача бўлган муддатда фоизсиз тўлаш имконияти берилади.

2



Ер участкалари очиқ аукцион ёки «Swiss challenge» механизми асосида тақсимланади. Бунда дастлабки ташаббускорнинг таклифи бошқа инвесторларнинг муқобил таклифлари билан рақобат шароитида кўриб чиқилади.

Қурилиш ишлари якунланганидан сўнг эса қонунчиликка кўра хусусийлаштириш тақиқланган ер майдонларига 49 йилгача бўлган муддатга ижара ҳуқуқи расмийлаштирилиши мумкин.
Йирик инвесторлар учун алоҳида солиқ имтиёзлари ҳам бор. Махсус ҳудудларда лойиҳаларни амалга оширадиган юридик шахслар қурилган объектларни ижарага бериш ва сотишдан олган фойдаси учун одатдаги 15 фоиз ўрнига 1 фоиз ставкада солиқ тўлайди. Ушбу имтиёзнинг амал қилиш муддати киритилган инвестиция миқдорига қараб белгиланади. Камида 50 миллион доллар инвестиция киритилса — 5 йил, камида 100 миллион доллар киритилса — 10 йил, камида 500 миллион доллар киритилса — 15 йил имтиёз берилади. Агар камида 50 миллион долларлик лойиҳалар доирасида қурилиб, фойдаланишга топширилган объектлар бўйича юридик шахслар 20 йил давомида мол-мулк ва ер солиқларини тўламайди.

Шунингдек, 2040-йил 1-январга қадар инвесторлар шаҳарсозлик лойиҳаларидан олган дивидендларини Ўзбекистон ҳудудида қайта инвестиция қилса, ушбу даромадлар солиқдан озод этилади.

Қурилиш ишлари учун хориждан олиб кириладиган техника, асбоб-ускуналар, қурилиш материаллари ва айрим бошқа товарларга ҳам божхона имтиёзлари берилади. Бунда уларнинг умумий қиймати лойиҳа ҳажмига қараб инвестиция суммасининг 30–70 фоизидан ошмаслиги лозим. Бош пудратчилар ва бош лойиҳа ташкилотлари томонидан Ўзбекистонда фаолият юритмайдиган хорижий шахслардан сотиб олинадиган хизматлар қўшилган қиймат солиғидан озод қилинади.

Чет эллик мутахассисларга солиқ имтиёзлари жорий этилади

Махсус ҳудудлардаги лойиҳаларга жалб қилинадиган юқори малакали хорижий мутахассислар учун ҳам алоҳида имтиёзлар белгиланмоқда. Йиллик иш ҳақи фонди 50 минг доллардан юқори бўлган хорижий лойиҳачилар, архитекторлар, муҳандислар ва бошқа мутахассисларнинг меҳнат ҳақи билан боғлиқ даромадларига уч йилгача жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқнинг 1 фоизлик ставкаси қўлланади.

Бундай мутахассислардан Ўзбекистонда ишлаш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат талаб қилинмайди. Шунингдек, виза олиш ва яшаш жойи бўйича айрим давлат божлари ҳамда йиғимлардан ҳам озод этилади. 200 метрдан баланд бинолар ва меҳмонхоналар ҳам имтиёзга эга бўлади.

Фармонга мувофиқ, махсус ҳуқуқий режим доирасида давлат томонидан қўллаб-қувватланадиган лойиҳалар рўйхатига 200 метр ва ундан баланд осмонўпар бинолар, меҳмонхона мажмуалари, савдо ва бизнес марказлари, кўнгилочар боғлар, курорт ҳудудлари, тиббиёт ҳамда таълим муассасалари ҳам киритилган.

Спорт мажмуалари, театрлар, кинотеатрлар, музейлар ва инфратузилма объектлари ҳам имтиёзлардан фойдаланиши мумкин. Меҳмонхона лойиҳалари учун алоҳида истисно белгиланган. Жаҳондаги энг йирик 50 та меҳмонхона бренди ёки бешта етакчи меҳмонхона тармоғи рейтингига кирган мажмуалар қурилишига инвестиция ҳажми 50 миллион доллардан кам бўлган тақдирда ҳам, 50 миллион долларлик лойиҳалар учун белгиланган имтиёзлар татбиқ этилади.

Махсус ҳудудларда қурилиш-монтаж ишларини кечаю кундуз, яъни 24/7 режимида амалга оширишга ҳам рухсат берилади. Бунда шовқин, транспорт воситалари ҳаракати ва қурилиш техникасидан фойдаланиш билан боғлиқ махсус талаблар ўрнатилади. Қолаверса, фармон билан Янги Тошкент шаҳри ҳокимлигини ташкил этиш ҳам белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Янги Тошкент қурилишида Туркиянинг «OYAK» компанияси иштирок этиши мумкинлиги ҳақида ёзган эдик.

Теглар

Мавзуга оид