2027-йилги бюджет харажатлари даромадлардан 48 трлн сўмга кўп бўлади
Бюджет лойиҳаси иқтисодий ўсишнинг 7 фоизлик прогнози асосида шакллантирилмоқда. Асосий солиқ ставкаларини ўзгаришсиз сақлаш кўзда тутилмоқда. Ялпи ички маҳсулот ҳажми 2027-йилда 232 млрд долларга етиши прогноз қилинмоқда. Инфляция даражасини 2027-йилда 6 фоизга, 2028–2029-йилларда эса 5 фоизгача пасайтириш режа қилинган.
© Foto: president.uzЎзбекистонда 2027-йилги давлат бюджети даромадлари 416 триллион сўм, харажатлари эса 464 триллион сўм бўлиши режалаштирилмоқда. Яъни харажатлар даромадлардан 48 триллион сўмга кўп бўлади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтказилган йиғилишда айтилди.
Қайд этилишича, жорий йил якунида мамлакатимиз иқтисодиёти камида 8 фоизга ўсиши, ялпи ички маҳсулот ҳажми 200 миллиард доллардан, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад эса 5,2 минг доллардан ошиши кутилмоқда. 2030-йилга бориб ялпи ички маҳсулот ҳажмини 300 миллиард долларга, келгуси ўн йилда аҳоли жон бошига даромадни 10 минг долларга етказиш мақсад қилинган.
Давлат бюджетининг ижтимоий йўналтирилгани келгуси йилда ҳам сақлаб қолиниши айнан шу устувор мақсадларга хизмат қилиши айтилди. Жумладан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни молиялаштириш учун жами 176 триллион сўмга яқин маблағ йўналтириш режалаштирилмоқда. Таълимга 114,3 триллион сўм (ўтган йилдан 14 триллион сўм кўп), тиббиётга 61,4 триллион сўм (ўтган йилдан 12 триллион сўм кўп) ажратилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, ҳудудлар ва маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш, инсон капиталини ривожлантириш ҳамда ижтимоий ҳимояни кучайтириш учун 70 триллион сўм ажратилиши белгиланмоқда.
Ижтимоий мажбуриятларни барқарор молиялаштириш учун иқтисодиётнинг йиллик ўсиш суръатларини камида 7 фоиз даражасида таъминлаш, мавжуд захиралар ва янги технологик омилларни ишга солиш зарурлиги таъкидланди.
Шу мақсадда келгуси йилдан иқтисодий ўсишнинг янги моделига ўтиш, ҳар бир тармоқда юқори қўшилган қиймат яратиш, меҳнат унумдорлигини ошириш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш ва юқори даромадли иш ўринларини кўпайтириш асосий вазифалар этиб белгиланмоқда.
Йиғилишда узоқ муддатли юқори иқтисодий ўсишни таъминлашга қаратилган янги ёндашувлар кўриб чиқилди. Иқтисодий ўсишнинг янги модели асосини замонавий саноат сиёсати ташкил этиши белгиланмоқда. Ушбу сиёсат юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар тайёрлашга ўтиш, илғор технологияларни жалб қилиш, миллий корхоналарнинг халқаро ишлаб чиқариш занжирларига интеграциясини кучайтириш ва экспорт таркибини диверсификация қилишга қаратилган.
Хусусан, кимё ва нефт-кимё, машинасозлик, электротехника, тўқимачилик, фармацевтика ва бошқа истиқболли саноат тармоқларини жадал ривожлантириш бўйича янги стратегия ишлаб чиқилмоқда.
Янги саноат сиёсати доирасида ҳар бир устувор тармоққа йирик халқаро компаниялар ва бренд инвесторларни жалб қилиш, замонавий саноат зоналарини шакллантириш, маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш ҳамда корхоналарнинг технологик салоҳиятини ошириш режалаштирилмоқда. 2027-йилда ҳар бир истиқболли тармоққа камида 2–3 тадан йирик инвесторни жалб қилиш кўзда тутилган.
Шу билан бирга, яримўтказгичлар, робототехника, биотехнологиялар, электромобиллар учун юқори технологик бутловчи қисмлар ва аккумуляторлар ишлаб чиқариш каби янги йўналишларни ўзлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу мақсадларни амалга ошириш учун халқаро брендларни жалб қилиш, илмий-тадқиқот ва ишланмаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда рақобатбардош миллий ишлаб чиқарувчиларни ривожлантиришнинг янги рағбатлантириш механизмлари кўзда тутилмоқда.
Иқтисодий ўсишнинг давомийлигини таъминлаш учун таркибий ислоҳотларни изчил давом эттириш ҳам муҳим аҳамиятга эгалиги, бу борада давлат корхоналари ва банкларини трансформация қилиш, хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, энергетика ва транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш, инсон капиталини ривожлантириш ҳамда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнини якунлаш устувор вазифалар сифатида кўрсатилди.
Бунда давлат инвестицияларини хусусий капитал учун қулай шароит яратишга йўналтириш, иқтисодий ўсишни молиялаштиришнинг замонавий механизмларини шакллантириш ва инвестицияларнинг иқтисодий самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.
2027-йилга мўлжалланган асосий макроиқтисодий прогнозлар
Ҳисоб-китобларга кўра, ялпи ички маҳсулот ҳажми 2027-йилда 232 миллиард долларга етиши прогноз қилинмоқда. Шу билан бирга, инфляция даражасини 2027-йилда 6 фоизга, 2028–2029-йилларда эса 5 фоизгача пасайтириш, олтинсиз экспорт ҳажмини 2027-йилда қарийб 40 миллиард долларга етказиш назарда тутилмоқда.
Тақдимотда 2027-йил учун давлат бюджети даромадларини 416 триллион сўм, харажатларини эса 464 триллион сўм миқдорида белгилаш назарда тутилаётгани маълум қилинди. Бюджет лойиҳаси иқтисодий ўсишнинг 7 фоизлик прогнози асосида шакллантирилмоқда.
Жаҳондаги геосиёсий ва иқтисодий ноаниқликлар шароитида макроиқтисодий барқарорликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, келгуси йилда инфляцияни 6 фоиздан оширмаслик, умумий фискал тақчилликни ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиз доирасида сақлаш муҳим вазифа этиб белгиланди.
2027-йилда ҳам асосий солиқ ставкаларини ўзгаришсиз сақлаш кўзда тутилмоқда. Бундай шароитда бюджет даромадларини кўпайтиришнинг асосий манбаи иқтисодий фаолликни рағбатлантириш, солиқ базасини кенгайтириш, яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш ҳамда солиқ ва божхона маъмурчилигини такомиллаштириш бўлиши таъкидланди.
Шу муносабат билан рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш орқали солиқ ва божхона тушумларини қўшимча ошириш, тадбиркорлар учун қулай ва шаффоф муҳит яратиш юзасидан аниқ вазифалар белгиланди. Президент бюджет харажатларининг ҳар бир сўми аниқ натижа бериши лозимлигини таъкидлади. Шу боис, маблағларни мақсадли йўналтириш, самарасиз харажатларни қисқартириш, давлат инвестициялари ва субсидияларининг натижадорлигини ошириш, бюджет интизомини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, инвестиция дастури доирасидаги қурилиш лойиҳаларида бюджет маблағларининг сарфланишини тўлиқ кузатиб бориш имконини берадиган рақамли назорат тизимини синов тариқасида жорий этиш вазифаси қўйилди. Йиғилишда иқтисодий ўсишни молиялаштиришнинг янги механизмлари ҳам муҳокама қилинди. Банк тизимида хусусий капитал иштирокини кенгайтириш, кредит ресурсларини кўпайтириш, инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришда давлат-хусусий шериклик имкониятларидан фойдаланиш ва халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни жадаллаштириш зарурлиги қайд этилди.
Мутасаддиларга 2027-йилда 65 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиш бўйича тармоқлар ҳамда ҳудудлар кесимида аниқ режалар ишлаб чиқиш топширилди. Йиғилишда билдирилган фикр ва таклифлар асосида 2027-йил учун давлат бюджети лойиҳасининг асосий йўналишлари белгилаб олинди.





