Logo

24-декабрдан Тошкентда автомобилларни эвакуация қилиш қоидалари ўзгаради

Бугун 12:002 дақиқа

Автомобилни эвакуаторга юклаш, жарима майдончасида сақлаш ва эгасига қайтариш жараёнлари рақамлаштирилади.

24-декабрдан Тошкентда автомобилларни эвакуация қилиш қоидалари ўзгаради © Vaib.uz

24-декабрдан бошлаб Тошкент шаҳрида нотўғри парковка қилинган автомобилларни эвакуация қилиш ва жарима майдончаларида сақлаш жараёнлари тўлиқ электронлаштирилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 2026-йил 22 сентябрда қабул қилинган 508-сонли қарорида маълум қилинди.

Янги тартибга кўра, автомобилни эвакуаторга юклаш бошланмасидан олдин унинг эгаси етиб келиб, қоидабузарликни жойида бартараф этса, транспорт воситаси жарима майдончасига олиб кетилмайди. Бироқ эвакуаторга юклаш жараёни бошланган бўлса, автомобил эгаси воқеа жойида ҳозир бўлган тақдирда ҳам эвакуация тўхтатилмайди ва давом эттирилади.

Жарима майдончасида сақлаш учун тўлов миқдори автомобилни эвакуаторга юклаш бошланган вақтдан эътиборан ҳисобланади. Транспорт воситасини қайтариб олиш учун тўловларни электрон шаклда амалга ошириш ҳамда бир иш куни ичида SMS орқали юбориладиган ҚР-кодли рухсатномани олиш талаб этилади. Электрон тизимда рухсатнома расмийлаштирилмаган ҳолатда автомобил эгасига қайтариб берилмайди.

Тарифлар, зарарни қоплаш ва автомобилни мусодара қилиш

Ҳукумат қарори билан эвакуация нархи ҳар бир километр учун 88 минг сўмгача, сақлаш нархи эса ҳар бир сутка учун 88 минг сўмгача этиб белгиланди. Бунда эвакуация хизматининг умумий қиймати 1,76 млн сўмдан ошмаслиги керак. Ушбу суммага йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун белгиланадиган маъмурий жарима киритилмаган.

Агар автомобил асоссиз равишда эвакуация қилингани тасдиқланса, барча харажатлар тегишли давлат органи ҳисобидан қоплаб берилади. Ташиш вақтида транспорт воситасига зарар етказилган тақдирда эса, ушбу зарарни қоплаш мажбурияти тўғридан тўғри жарима майдончаси оператори зиммасига юклатилади.

Жарима майдончасига олиб келинган автомобил олти ой давомида эгаси томонидан олиб кетилмаса, у талаб қилиб олинмаган транспорт воситалари реестрига киритилади ва тўпланган қарздорлик мажбурий тартибда ундирилади. 12 ой ўтгач эса, суд қарори билан ушбу автомобил эгасиз мол-мулк деб топилиши мумкин.

«Автомобил — сизники, шаҳар эса — ҳаммамизники»

Тошкент шаҳридаги Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази (ЙҲТЕМ) автомобилларни нотўғри жойда қолдириш ҳайдовчилар билан бирга, пиёдалар ва бошқа йўл ҳаракати иштирокчиларига жиддий ноқулайлик туғдиришини қайд этган. Марказ ҳисоб-китобларига кўра, битта автомобил ўртача 8−12 квадрат метр жойни эгаллайди ва тротуарга қўйилган машина пиёдаларни ҳаракатланиш имкониятидан бутунлай маҳрум қилади.

«Шундай қулайроқ деб қоидани бузиш — ўз қулайлигингиз учун бошқаларни ноқулай аҳволга солиш демакдир. Автомобил — сизники, шаҳар эса — ҳаммамизники. Автомобилингизни фақат рухсат этилган жойда қолдиринг ва атрофингиздагиларни ҳурмат қилинг. Ортиқча харажатга тушмасликнинг энг яхши йўли — қоидани бузмаслик», — дейилади марказ баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, 2026-йилнинг май ойида Тошкентда тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларини бузган автомобилларни эвакуатор ёрдамида жарима майдончаларига олиб кетиш амалиёти бошланганди.

Теглар

Мавзуга оид