Алоҳида ҳокимликка эга бўлган Янги Тошкент, қурилиши Туркия ва Қатарга топширилган «Янги Бухоро» аэропорти ҳамда Сергели ва Юнусободни боғловчи БРТ йўлаги — 12 ноябр дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Сергели ва Юнусобод 22,7 километрлик БРТ йўлаги орқали боғланади
Тошкент шаҳрида Сергели ва Юнусобод туманларини ўзаро боғловчи умумий узунлиги 22,7 километрлик тезкор автобус коридори (БРТ) босқичма-босқич ташкил этилмоқда. Ушбу транспорт йўлаги Шота Руставели, Шаҳрисабз, Амир Темур шоҳкўчаси ҳамда Янги Сергели кўчаларини қамраб олади. Лойиҳанинг энг катта қисми Амир Темур шоҳкўчасига (7,6 км) тўғри келади. Ҳозирда Шота Руставели кўчасидаги 6,5 километрлик ва Шаҳрисабз кўчасидаги йўналишнинг 2,2 километрлик қисми фойдаланишга топширилган бўлиб, Янги Сергели кўчасидаги 5,5 километрлик йўлакда дастлабки қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
Мазкур тизим доирасида фақатгина алоҳида автобус тасмаси яратилиб қолмай, йўлак бўйлаб светофорлар янгиланади ва автобуслар ҳаракатини тезлаштирувчи «яшил тўлқин» тизими жорий этилади. Шунингдек, бекатларда электрон таблолар, видеокузатув ҳамда SOS тугмалари ўрнатилиб, қатнов жадваллари мақбуллаштирилади. Транспорт вазирлиги маълумотларига кўра, Шота Руставели кўчасидаги БРТ йўлаги самарадорлиги натижасида 2026 йилда автобусларнинг ўртача ҳаракат тезлиги 45 фоизга, енгил автомобилларники эса 18 фоизга ошган, жамоат транспортидан кунлик фойдаланувчилар сони эса 8 052 нафарга ёки 9 фоизга кўпайган.
Янги Тошкент шаҳри ҳокимлиги ташкил этилади
Ўзбекистон Президентининг 2026 йил 10 ноябрдаги фармонига асосан, Янги Тошкент шаҳри учун алоҳида ҳокимлик ташкил этилмоқда. Янги ҳокимликнинг бошқарув аппарати жами 14 нафар ходимдан, жумладан, ҳокимнинг биринчи ўринбосари ва яна икки ўринбосари, ёрдамчи ҳамда ахборот хизмати раҳбаридан иборат бўлади. Шаҳар ҳокими бевосита Президент томонидан лавозимга тайинланади ва озод этилади. Шунингдек, шаҳарда тегишли идораларнинг амалдаги умумий штатлари доирасида давлат органлари ва ташкилотларининг 16 та бўлинмаси (жами 30 та штат бирлиги билан) ташкил этилиши кўзда тутилган.
Фармонга кўра, ҳокимлик ва давлат идораларининг ҳудудий бўлинмалари вақтинча собиқ «Янги Тошкент» лойиҳаси офиси биносига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади ва уларнинг фаолияти республика бюджетидан молиялаштирилади. Бош прокуратура, Ички ишлар ва Адлия вазирликлари каби ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга бир ой муддатда ўз тузилмаларини яратиш, Вазирлар Маҳкамасига эса ўн кун ичида ташкилий-техник чораларни кўриш топширилди. Бундан ташқари, ҳукумат томонидан уч ой муддатда Янги Тошкентнинг аниқ маъмурий-ҳудудий мақоми бўйича тегишли таклифлар ишлаб чиқилиши белгиланган.
«Янги Бухоро» аэропортини қуриш бўйича тендер ғолиблари аниқланди
«Янги Бухоро» халқаро аэропортини давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида қуриш ва бошқариш бўйича ўтказилган очиқ тендерда Туркиянинг «Limak İnşaat Sanayi ve Ticaret A.Ş.» ҳамда Қатарнинг «Hamad Bin Khalid Contracting Company W.L.L.» компаниялари консорциуми ғолиб деб топилди. Лойиҳа «Қуриш-топшириш-бошқариш» (BTO) модели асосида амалга оширилиб, умумий 23 йил муддатга (шундан 3 йили қурилиш) мўлжалланган. Келишувга кўра, хусусий шерик соатига 1 200 йўловчига хизмат кўрсатадиган янги терминал, вокзалолди майдони ва автотураргоҳни қурса, давлат шериги аэродром мажмуасини (учиш-қўниш йўлаги ва перрон) барпо этиш ҳамда бошқаришни ўз зиммасига олади.
2026 йилнинг 12 мартида эълон қилиниб, икки босқичда ўтган мазкур тендернинг якуний босқичига жами олтита компания етиб келган эди. Идоралараро комиссия томонидан танланган ғолиб консорциум таркибидаги компаниялар йирик инфратузилма объектларини барпо этишда бой халқаро тажрибага эга. Хусусан, «Limak» Приштина ва Дакар аэропортларини бошқариш билан бирга Истанбул ва Қувайт аэропортлари қурилишида қатнашган бўлса, Қатарнинг «HBK Contracting» компанияси 2022 йилги жаҳон чемпионати финали ўтказилган «Лусаил» стадионининг бош пудратчиси ҳисобланади. Ушбу йирик лойиҳа Президентнинг 2024 йилдаги тегишли қарорига асосан амалга оширилмоқда.
Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг қуввати 4,6 млн тоннага етказилиб, «Евро-5» бензини ишлаб чиқарилади
Ўзбекистон Президентига Бухоро нефтни қайта ишлаш заводини модернизация қилиш ва қувватларини кенгайтириш бўйича умумий қиймати 2 миллиард доллардан ортиқ бўлган лойиҳалар тақдимот қилинди. Корхонани ривожлантиришнинг устувор йўналиши сифатида қиймати 328 миллион долларлик лойиҳа ишлаб чиқилган бўлиб, у 2029 йилнинг иккинчи чорагида ишга туширилиши мўлжалланмоқда. Ушбу лойиҳа натижасида йилига 1,1 миллион тонна «Евро-5» экологик стандартидаги АИ-92 ва АИ-95 русумли автобензин ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бунинг ортидан импорт қилинадиган ёқилғи қўшимчалари харажатларидан йилига 150 миллион долларгача маблағ тежалиши ҳамда 200 та янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда.
Шунингдек, қиймати 1,8 миллиард долларлик истиқболли кенгайтириш дастури доирасида заводда ишлаб чиқариладиган нефть маҳсулотларининг умумий йиллик ҳажмини ҳозирги 2,1 миллион тоннадан 4,6 миллион тоннага етказиш режалаштирилган. Унга кўра, автобензин ишлаб чиқариш 2,7 миллион тоннага, дизель ёнилғиси 1,24 миллион тоннага ва авиакеросин 500 минг тоннага етказилади ҳамда нефть-кимё маҳсулотларини ўзлаштириш имконияти яратилади. Қурилиш ишлари 2028 йилда бошланиши кутилаётган мазкур лойиҳа Хитой, Франция, АҚШ ва Озарбайжоннинг етакчи компаниялари билан ҳамкорликда амалга оширилади. Маълумот ўрнида, 1997 йилда ишга туширилган ушбу завод жорий йилнинг тўққиз ойида 1,5 миллион тоннадан зиёд хомашёни қайта ишлаб, 2,2 триллион сўм соф фойда кўришга эришган.
Ўзбекистондаги ҳар 5 та корхонанинг 4 таси МЧЖ шаклида ишламоқда
Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектлари орасида масъулияти чекланган жамият (МЧЖ) шакли мутлақ устунликка эришган бўлиб, 2026 йил 1 октябрь ҳолатига кўра мамлакатдаги 463 мингдан ортиқ тижорат ташкилотларининг 80,3 фоизини (372 695 та) айнан МЧЖлар ташкил этмоқда. Статистика қўмитаси маълумотларига асосан, жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи ичида уларнинг сони қарийб 52 мингтага (16,2 фоизга) кўпайган. Таққослаш учун, хусусий корхоналарнинг умумий улуши 10,4 фоизни, оилавий корхоналар 8,3 фоизни ва акциядорлик жамиятлари атиги 0,1 фоизни ташкил қилмоқда.
Тадбиркорлар ва хорижий инвесторларнинг ушбу шаклни кўпроқ танлашига унинг нисбатан мослашувчанлиги ҳамда молиявий хавф-хатарларнинг чекланганлиги сабаб бўлмоқда. Жорий йилнинг 22 июлидан кучга кирган янги қонунга мувофиқ, МЧЖ иштирокчилари корхона мажбуриятлари бўйича умумий жавобгар бўлмайди ва эҳтимолий зарарларни фақат устав капиталига киритган ўз ҳиссалари доирасида кўтаради. Шунингдек, халқаро экспертларнинг хулосасига кўра, акциядорлик жамиятларидаги мураккаб корпоратив бошқарув ва қатъий назорат талаблари ҳам бизнес вакилларини бошқаруви ва расмийлаштирилиши қулайроқ бўлган МЧЖ шаклида фаолият юритишга ундамоқда.





