Ўзбекистон Каспий орқали халқаро интернет линиясига уланмоқчи

22.10.2025 | 13:302 дақиқа

Саудиянинг «DataVolt» компанияси Ўзбекистонни Қозоғистон ва Озарбайжонни боғловчи Каспий сувости кабел линиясига улашни муҳокама қилмоқда. Лойиҳа интернет хавфсизлиги ва иқтисодий самарадорликни оширишга қаратилган.

Ўзбекистон Каспий орқали халқаро интернет линиясига уланмоқчи

Саудия Арабистонининг «DataVolt» компанияси Ўзбекистонни Каспий денгизи орқали ўтувчи халқаро алоқа линиясига улаш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда компания бош директори Ражит Нанда «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирги кунда мамлакат интернет трафиги асосан Европа орқали ўтади, бу эса хавфсизлик ва барқарорлик нуқтаи назаридан таваккалли ҳисобланади. Шу боис, Қозоғистон ва Озарбайжонни боғлайдиган Каспий денгизи тубидан ўтувчи янги оптик толали линия Ўзбекистон учун стратегик аҳамиятга эга. У нафақат алоқа барқарорлигини таъминлайди, балки иқтисодиётга миллиардлаб фойда келтириши ҳам мумкин.

Ражит Нанданинг таъкидлашича, «бундай йўналиш мамлакатнинг рақамли трансформация жараёнларини тезлаштириб, сунъий идрок ва телекоммуникация соҳасида янги имкониятлар яратади».

«DataVolt» айни пайтда Тошкентдаги IT Park ҳудудида қуввати 12 МВт бўлган илк «яшил» дата-марказ қурилишини бошлаган. Бу Марказий Осиёда сунъий идрок технологиялари асосида фаолият юритувчи илк маълумотларни қайта ишлаш маркази ҳисобланади. Президент Шавкат Мирзиёев 21 октябр куни ушбу лойиҳанинг амалга оширилишини расман бошлаб берди.

Компания «Oracle» ва «Amazon» каби халқаро IT-корпорациялар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, шунингдек, Янги Тошкент ва Бухоро вилоятида янги дата-марказлар қуришни режалаштирмоқда.

Транскаспий линия лойиҳаси 380 километр узунликдаги оптик толали кабел қурилишини ўз ичига олади. У Ақтау (Қозоғистон) ва Сумғайит (Озарбайжон) шаҳарларини боғлайди ҳамда секундига 400 терабитгача маълумот узатиш имконини беради. Қурилишни «AzerTelecom» ва «Kazakhtelecom» компаниялари 2026 йил охиригача якунлаши кутилмоқда.

Лойиҳа «Рақамли ипак йўли» ташаббусининг бир қисми бўлиб, у Озарбайжон, Грузия, Туркия, Қозоғистон ва Туркманистон орқали юқори тезликдаги телекоммуникация коридорини яратишни мақсад қилган.

Теглар

Мавзуга оид