Logo

Қорақалпоғистон илк бор халқаро кредит рейтингини олди

Ҳудуднинг молиявий хатарлар бўйича умумий ҳолати «заиф» деб топилди. Бунга бюджет даромадларининг марказий ҳукуматга боғлиқлиги, харажатларни қисқартириш имкониятларининг чеклангани ва молиявий бошқарувдаги айрим хатарлар сабаб қилиб кўрсатилган.

Қорақалпоғистон илк бор халқаро кредит рейтингини олди © Foto: Izvestiya

«Fitch Ratings» агентлиги Қорақалпоғистон Республикасига илк бор хорижий ва миллий валютадаги узоқ муддатли «BB−» кредит рейтингини берди. Рейтинг прогнози «Барқарор» деб белгиланди.

Агентлик Қорақалпоғистоннинг молиявий профилини «aa» тоифасининг қуйи чегарасида баҳолаган. Шу билан бирга, ҳудуднинг молиявий хатарлар бўйича умумий ҳолати «заиф» деб топилган. Бунга бюджет даромадларининг марказий ҳукуматга боғлиқлиги, харажатларни қисқартириш имкониятларининг чеклангани ва молиявий бошқарувдаги айрим хатарлар сабаб қилиб кўрсатилган.

Қорақалпоғистон бюджетининг даромадлари қандай шаклланади?

«Fitch» маълумотларига кўра, 2025-йилда Қорақалпоғистон бюджетининг жорий даромадлари таркибида марказий бюджетдан ажратилган трансфертлар 51 фоизни ташкил этган. Солиқ тушумлари улуши 44 фоиз, қолган 5 фоизи эса турли йиғимлар ва тўловлар ҳисобига шаклланган.

2021–2025-йилларда трансфертларнинг жорий даромадлардаги ўртача улуши 58 фоизга тенг бўлган.

Агентлик ҳудуднинг қўшимча даромад топиш имкониятларини ҳам чекланган дея баҳолаган. Чунки солиқ ставкалари ва тушумларнинг бюджетлар ўртасида тақсимланиши ҳукумат томонидан белгиланади.

Бюджет харажатларининг катта қисмини қисқартириш ҳам осон эмас. Хусусан, 2025-йилда жами харажатларнинг 76 фоизи қисқартириш қийин бўлган йўналишларга тўғри келган. Жорий харажатларнинг қарийб 30 фоизини иш ҳақи ташкил этган.

2026–2030-йилларда бюджет даромадлари ва харажатлари

Агентлик ҳисоб-китобларига кўра, 2026–2030-йилларда Қорақалпоғистон бюджетининг жорий даромадлари йилига ўртача 8,4 фоизга ўсиши кутилмоқда. Шу даврда жорий харажатлар ўсиши эса ўртача 9 фоизни ташкил этиши прогноз қилинган.

«Fitch» баҳолаш сценарийсида капитал харажатлар билан боғлиқ соф тақчиллик йилига ўртача 422 млрд сўмни ташкил этиши мумкин. Бюджет қарзи юки эса 2026–2030-йилларда тахминан 25 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда.

2025-йилнинг якунида Қорақалпоғистоннинг пул маблағлари 176 млрд сўмни ташкил этган. Бироқ агентлик ушбу маблағларнинг катта қисми муайян харажатларга бириктирилганини қайд этган.

«Fitch» прогнозига кўра, қарзни қайтариш кўрсаткичи 2030-йилга бориб 8,7 бараваргача етиши мумкин. Унинг 9 баравардан ошиши кредит рейтингининг пасайишига, 7 баравар атрофида барқарор яхшиланиши эса рейтингнинг ошишига асос бўлиши мумкин.

Қорақалпоғистоннинг рейтингдаги ўрни

«Fitch Ratings» Қорақалпоғистонни Ўзбекистоннинг жадал ривожланаётган ҳудудларидан бири сифатида қайд этган. Шу билан бирга, аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ҳудудий маҳсулот мамлакат бўйича ўртача кўрсаткичнинг тахминан 53 фоизини ташкил этишини билдир. 

Қорақалпоғистонга берилган «BB−» рейтинги Жиззах ва Фарғона вилоятларининг кредит рейтинглари билан бир хил. Шунингдек, Арманистон пойтахти Ереван ва Туркиянинг Коня шаҳри ҳам шу даражада баҳоланган.

Агентлик Қорақалпоғистоннинг қисқа муддатли кредит рейтингини эса «B» даражасида белгилаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қорақалпоғистон «яшил» энергия ишлаб чиқариш бўйича минтақанинг энг йирик марказларидан бирига айланганди.

Теглар

Мавзуга оид

Қорақалпоғистон илк бор халқаро кредит рейтингини олди | Vaqt.uz