Сунъий интеллект сизнинг ўрнингизга харид қилса, пулни ким назорат қилади?
Сунъий интеллект энди фақат маслаҳатчи эмас — у сизнинг ўрнингизга пул ҳам сарфлайди. Meta ва OpenAI каби гигантлар Stripe ва Visa билан ҳамкорликда AI-агентларга мустақил харид қилиш ваколатини бермоқда. Бироқ фирибгарлик ва хавфсизлик хатарлари сабабли JPMorgan банки, Amazon ҳамда United Airlines каби йирик компаниялар бундай «ақлли харидорлар»га қарши чекловлар ўрнатмоқда.

Тасаввур қилинг: сунъий интеллектга янги компютер сотиб олиш кераклигини айтасиз. У интернет-дўконларни кўриб чиқади, нархларни таққослайди, техник хусусиятларни ўрганади, энг мақбул таклифни танлаб, тўловни ҳам амалга оширади. Бунинг учун ҳар бир сайтга кириб чиқиш, банк картаси маълумотларини киритиш ёки «Сотиб олиш» тугмасини босишга ҳожат қолмайди.
Бундай сценарий энди технологик компанияларнинг шунчаки келажакдаги режаси эмас. Muse, Grok Bot ва Instinct каби сунъий интеллект ёрдамчилари фойдаланувчилар номидан харидларни амалга ошириш имкониятига эга бўлмоқда. Бу эса банклар, тўлов тизимлари ва интернет-дўконлар ўртасида янги рақобатни бошлаб берди.
«The Wall Street Journal» нашрига кўра, АҚШдаги Bank of America, Capital One ва Citigroup мижозлари рухсат берган тақдирда, уларнинг карталари орқали AI-агентлар ёрдамида тўловларни амалга ошириш мумкин.
AI энди фақат маслаҳат бермайди, пул ҳам сарфлайди
Ҳозиргача сунъий интеллект асосан саволларга жавоб бериш, маълумот излаш, маҳсулотларни таққослаш ва тавсия бериш учун ишлатиларди. Янги авлод AI-агентлари эса кейинги босқичга ўтмоқда. Халқаро технология бозорида бу йўналиш «agentic commerce» (агентлар иштирокидаги савдо) деб аталади.
Visa таърифига кўра, бу шундай савдо моделики, унда сунъий интеллект ёрдамчилари истеъмолчилар ёки компанияларга маҳсулот ва хизматларни топиш, қарор қабул қилиш ҳамда харид жараёнининг айрим ёки барча босқичларини бажаришда кўмаклашади. Шунингдек, агент фойдаланувчининг рухсати билан тўловни ҳам амалга ошира олади.
Масалан, фойдаланувчи AI-агентга 1000 доллардан ошмайдиган ноутбук сотиб олиш вазифасини юклайди. Агент бир нечта интернет-дўкондаги таклифларни ўрганади, нарх, қувват ва етказиб бериш шартларини таққослайди. Кейин эса харидни амалга ошириш учун тўлов жараёнига ўтади.
Stripe ва Meta AI-агентларга банк картаси билан харид қилиш имконини бермоқда
Ушбу йўналишдаги энг муҳим ҳамкорликлардан бири Meta ва Stripe ўртасида йўлга қўйилди. Meta 2026 йил 8 сентябрда Muse номли шахсий AI-агентини тақдим этди. Компанияга кўра, Muse фақат саволларга жавоб берибгина қолмай, браузерни очиши, сайтларда маълумот тўлдириши, фойдаланувчи номидан музокара олиб бориши ва харидларни амалга ошириши мумкин.
Харид жараёнида Meta Stripe’нинг Link электрон ҳамёнидан фойдаланади. Ушбу тизим орқали АҚШдаги фойдаланувчилар ўзларининг Link ҳисобларини Muse’га боғлаб, унга интернет-дўконлардан маҳсулот сотиб олиш ҳуқуқини беришлари мумкин.
Stripe маълумотларига кўра, Link орқали тўлов қабул қиладиган 1 миллиондан ортиқ савдо платформасида Muse фойдаланувчининг сақланган тўлов усули орқали харидни амалга ошира олади. Бошқа интернет-дўконларда эса Link тасдиқланган харид учун бир марталик виртуал карта рақамини яратиб беради.
Жараён қуйидагича ишлайди:
Фойдаланувчи Muse’га қандай маҳсулот сотиб олиш кераклигини айтади.
AI-агент интернет-дўконларни кўриб чиқиб, маҳсулотни танлайди ва нархини аниқлайди.
Тўлов босқичида Link орқали виртуал тўлов картаси ишга тушади.
Фойдаланувчи чат интерфейсида хариднинг якуний суммасини кўриб, уни тасдиқлайди.
Тасдиқдан сўнг тўлов амалга оширилади.
Stripe’нинг таъкидлашича, Muse фойдаланувчининг ҳақиқий банк картаси маълумотларини кўра олмайди. Бир марталик виртуал карта эса фақат тасдиқланган харидга боғланади. Бу механизмнинг асосий мақсади — сунъий интеллектга тўловни амалга ошириш имкониятини бериш, бироқ унинг ҳақиқий банк картаси маълумотларини қўлга киритишига йўл қўймасликдир.
AI орқали харидлар 38 баробарга ошган
Stripe сунъий интеллектнинг савдо жараёнига кириб келишига оид яна бир муҳим кўрсаткични эълон қилди. Компаниянинг 2026 йил 29 сентябрдаги маълумотига кўра, Link орқали AI-агентлар амалга оширган харидлар сони бир ой ичида 38 баробарга ошган.
Компания бу ўсиш учун аниқ операциялар сонини очиқламаган. «The Wall Street Journal»нинг 12 ноябрдаги мақоласида ҳам истеъмолчилар карталари орқали AI-агентлар амалга ошираётган операциялар ҳозирча у қадар кўп эмаслиги, аммо тўлов соҳаси вакиллари келажакда бу кўрсаткич сезиларли даражада ошишини кутаётгани қайд этилган.
Ҳозирча бозорнинг дастлабки босқичи кузатилмоқда. Лекин тўлов компаниялари бу йўналишни келажакдаги асосий рақобат майдонларидан бири сифатида кўрмоқда.
OpenAI ҳам AI-агентлар учун тўлов ҳамёнини ишга туширди
2026 йил 13 ноябр куни OpenAI «ChatGPT Wallet» номли янги тўлов ечимини тақдим этди. Бу технология AI-агентларга фойдаланувчилар номидан харидларни амалга ошириш имконини беради. Янги ҳамён American Express, Mastercard ва Visa билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган.
OpenAI эълон қилган тартибга кўра, фойдаланувчи банк картасини Wallet’га бир марта боғлайди. Кейин AI-агент маҳсулотни танлаб, тўловга тайёрлаганда, фойдаланувчи харид қилинаётган товарлар, умумий сумма ва қайси картадан пул ечилишини кўради. Тўловни тасдиқлаш учун Face ID ёки бармоқ изи каби биометрик текширувдан ўтиш талаб қилинади.
Шундан сўнг тўлов тармоғи ҳақиқий карта маълумотлари ўрнига махсус тўлов токенини тақдим этади. Ушбу токен карта рақами, хавфсизлик коди ва амал қилиш муддати каби реквизитлар ўрнини босувчи муқобил тўлов маълумотидир. Натижада AI-агент ҳам, интернет-дўкон ҳам фойдаланувчининг асл карта маълумотларини олмайди.
OpenAI маълум қилишича, ҳозирги босқичда ҳар бир харид фойдаланувчининг алоҳида тасдиғидан ўтади. Келажакда эса фойдаланувчилар AI-агентларга олдиндан белгиланган маблағ лимити, маҳсулот тоифаси ёки вақт оралиғи доирасида мустақил харид қилиш ваколатини беришлари мумкин бўлади.
«ChatGPT Wallet» 13 ноябрдан бошлаб, дастлаб АҚШдаги 18 ёшдан катта ChatGPT Pro обуначилари учун босқичма-босқич жорий этила бошлади. Бунинг учун АҚШда чиқарилган банк картаси ва АҚШдаги биллинг (тўлов) манзили талаб қилинади.
Банклар AI-агентларга нисбатан икки хил позицияда
Тўлов бозорида технологик компаниялар AI-агентларга кўпроқ ваколат беришга интилаётган бир вақтда, банкларнинг бунга нисбатан позицияси турлича.
WSJ маълумотларига кўра, Bank of America, Capital One ва Citigroup карталаридан истеъмолчилар рухсат берган тақдирда AI-агентлар фойдаланиши мумкин. JPMorgan Chase эса бу жараёнга эҳтиёткорлик билан ёндашмоқда.
Нашр манбаларининг айтишича, JPMorgan мижоз ўз картаси маълумотларини бевосита AI-ботга тақдим этган ҳолатларда агентларни тўсиб қўймоқда. Банк Stripe ва бошқа компаниялар таклиф қилаётган токенларга асосланган муқобил тўлов ечимларини жорий қилишда ҳам рақибларига нисбатан секинроқ ҳаракат қилмоқда.
Бунинг асосий сабабларидан бири — банкларнинг мижозлар маблағлари ва шахсий маълумотлари хавфсизлигидан хавотирда эканидир. Шунингдек, JPMorgan, Citigroup, Bank of America ва Capital One каби йирик банклар AI-агентларнинг депозит ҳисобларига киришини чеклаш йўлларини ҳам кўриб чиқмоқда. Бунга шахсий молиявий маълумотларни ҳимоя қилиш билан боғлиқ хатарлар сабаб бўлган.
Савдо компаниялари учун ҳам янги муаммолар пайдо бўлмоқда
AI-агентларнинг харидларни амалга ошириши фақат банклар эмас, балки интернет-дўконлар учун ҳам янги хавф ва харажатларни келтириб чиқариши мумкин.
Биринчидан, фирибгарлик хавфи мавжуд. Тўлов соҳаси раҳбарларининг таъкидлашича, AI-агентлар орқали харидларда товарни қайтариш (воз кечиш) ҳолатлари кўпроқ кузатилмоқда. Шунингдек, маҳсулотни етказиб бермайдиган сохта интернет-дўконлардан харид қилиш каби фирибгарликлар ҳам учрамоқда.
Иккинчидан, дўконлар ўз мижозлари ҳақида камроқ маълумотга эга бўлиб қолади. Одатда интернет-дўконлар харидорнинг қайси маҳсулотларни кўрганини, нималарга қизиққанини ва қайси таклифларни солиштирганини таҳлил қилиб, келгусидаги реклама ва шахсий таклифларни шакллантиради. Агар маҳсулотларни танлаш ва сотиб олишни AI-агент бажарса, савдо майдончаси фойдаланувчининг харид одатлари ҳақида аввалгидек маълумот ололмайди.
Учинчидан, тўлов комиссиялари ва пулни қайтариш жараёнларида муаммолар келиб чиқмоқда. Масалан, Stripe Link фойдаланадиган бир марталик виртуал карталар айрим ҳолларда истеъмолчи картаси эмас, балки тижорат картаси сифатида таснифланмоқда. Шу сабабли, савдо компанияларидан олинадиган комиссия оддий истеъмолчи картасига қараганда юқорироқ бўлиши мумкин. Бундай карталар орқали қилинган операцияларни бекор қилиш ва пулни қайтариш ҳам қўшимча бош оғриғига айланмоқда.
Шу сабабли, барча савдо платформалари ҳам AI-агентларга бир хил муносабатда эмас. Масалан, Amazon сентябр ойида Meta’нинг Muse агентига ўз платформаси орқали харид қилиш имконини бермади. United Airlines эса ноябр ойида шахсий AI-ёрдамчиларнинг ўз тизимларига кириб, авиачипталарни банд қилишининг олдини олишини билдирган.



