Logo

«Uzcard» кузатув кенгаши раиси ва икки аъзоси лавозимини тарк этди

Ҳозирда компания акцияларининг 25 фоизига эгалик қилувчи Камрон Акбаров кенгашга раислик қилмоқда.

«Uzcard» кузатув кенгаши раиси ва икки аъзоси лавозимини тарк этди © Uzcard

«Uzcard» тўлов тизими операторининг кузатув кенгаши раиси Акбар Акилов ва яна икки аъзонинг ваколати тугатилди ҳамда кенгаш аъзолари сони беш нафардан уч нафарга (40 фоизга) қисқарди.

Маълумотларга кўра, «Ягона умумреспублика процессинг маркази» АЖ (Uzcard) кузатув кенгаши раиси Акбар Акилов, шунингдек, кенгаш аъзолари Азиз Юсупов ва Улуғбек Содиқовларнинг ваколатлари муддатидан олдин тўхтатилган. Компания томонидан мазкур ўзгаришларнинг сабаблари очиқланмаган.

Кузатув кенгашининг янги таркиби

Йиғилиш қарорига мувофиқ, «Т-Й-З ГРОУП» МЧЖ бош директори Жаҳонгир Зарипов кузатув кенгашига янги аъзо сифатида сайланган. Шу билан бирга, компания акцияларининг 25 фоизига эгалик қилувчи Камрон Акбаров ҳамда «IMC-CAPITAL» МЧЖ инвестиция менежери Жасур Турсунбаев кенгаш таркибига қайта сайланган.

Акциядорлар йиғилиши қарорида янги таркибдаги раис номи очиқланмаган бўлса-да, «Uzcard» расмий сайтидаги янгиланган маълумотларга кўра, кузатув кенгаши раиси лавозимини Камрон Акбаров эгаллаган.

Маълумот ўрнида, тўлов тизими акцияларининг 75 фоизи «IMC-CAPITAL» МЧЖга, қолган 25 фоизи эса Камрон Акбаровга тегишли ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Uzcard» тўққиз ой давомида 1,6 трлн сўмдан ортиқ соф фойда кўргани ҳақида хабар берилганди.

Теглар

Мавзуга оид