Хакерлар Марказий Осиё давлатларини нишонга олди: Ўзбекистон тизимига ҳам кирилган
Қозоғистон билан боғлиқ деб баҳоланаётган Silent Lynx хакерлар гуруҳи Тожикистон давлат идоралари ўртасидаги электрон ҳужжат алмашиш тизимидан 2 мингдан ортиқ ҳужжатни ўғирлаган. Шунингдек, Ўзбекистондаги «Ақлли ўрмон хўжалиги» тизимига уланган серверга ҳам кирилгани ва ҳужумларда сунъий интеллект агентларидан фойдаланилгани аниқланган.
© Getty ImagesКиберхавфсизлик билан шуғулланувчи Сингапурнинг CloudSEK компаниясининг хабар беришича, Қозоғистон билан боғлиқ деб баҳоланаётган Silent Lynx хакерлар гуруҳи Тожикистоннинг давлат идоралари ўртасидаги электрон ҳужжат алмашиш тизимига кириб, 2 мингдан ортиқ ҳужжатни қўлга киритган.
Компания текширувида гуруҳнинг Тожикистон темир йўл тармоғига ҳам киргани, Ўзбекистондаги «Ақлли ўрмон хўжалиги» ахборот тизимига уланган серверни назорат қилиш имкониятини қўлга киритгани аниқланган. Шунингдек, Туркманистон давлат идораларига қарши эҳтимолий фишинг ҳужуми учун сохта ҳужжатлар тайёрланган.
Ҳужумларда Hermes номли очиқ кодли сунъий интеллект агентлари платформасидан фойдаланилган. Текширувга кўра, AI-агент разведка, маълумотларни йиғиш ва ҳужум изларини тозалаш жараёнларида иштирок этган.
2 мингдан ортиқ ҳужжат қандай қўлга киритилган?
CloudSEK тадқиқотчилари Silent Lynx гуруҳига тегишли бўлган сервердаги очиқ маълумотларни аниқлаган. Сервер интернет орқали ҳеч қандай аутентификациясиз очиқ қолдирилган. Унда юз минглаб файллар ва 12 гигабайтдан ортиқ маълумот бўлган. Улар орасида хакерлар фойдаланган дастурлар, қурбонлардан олинган маълумотлар ва сунъий интеллект агенти билан мулоқотлар сақланган.
Компания маълумотларига кўра, сервердаги материаллар 2026 йил апрелидан октябригача бўлган операцияларни тиклаш имконини берган. Таҳлилчилар нафақат хакерлар фойдаланган воситаларни, балки уларнинг вазифаларни қандай тақсимлагани ва сунъий интеллектга қандай кўрсатмалар берганини ҳам кўра олган.
Энг катта маълумотлар тўплами Тожикистоннинг ягона электрон ҳужжат алмашиш платформаси билан боғлиқ бўлган. Ушбу тизим вазирликлар ва давлат идоралари ўртасида расмий хат-хабарлар алмашиш учун ишлатилади.
CloudSEK ҳисоботига кўра, хакерлар ҳукуматнинг ягона авторизация портали орқали тизимга кирган. Бунинг учун Тожикистон темир йўл тизимида ишлайдиган бир ходимнинг аккаунтидан фойдаланилган.
Тадқиқотчиларнинг қайд этишича, мазкур аккаунт орқали ходимнинг ўз хизмат вазифаси доирасига кирмайдиган ҳужжатларни ҳам олиш имконияти бўлган. Компания буни айрим ҳужжатларга кириш ҳуқуқини текшириш механизмларининг заифлиги ва файл иловаларини рухсатсиз олиш имконияти билан изоҳлаган.
Натижада 2026 йил давомида яратилган 2 мингдан ортиқ алоҳида ҳужжат йиғилган. Уларнинг катта қисми Тожикистон Мудофаа вазирлигига юборилган ёки ушбу идора орқали ўтган расмий ёзишмалардан иборат бўлган.
Ҳужжатлар орасида қуйидаги маълумотлар борлиги айтилган:
Ҳаво ҳудудидан фойдаланиш ва самолётларнинг учиши учун рухсат сўровлари;
Ҳарбий хизматчиларни бошқа жойга ўтказиш ва лавозим тайинловлари;
Ҳарбий атташелар ҳамда хорижий ҳамкорлар билан ёзишмалар;
Мудофаа соҳасидаги харидлар ва етказиб берувчиларга оид маълумотлар;
Бюджет ва молиявий ҳужжатлар;
Ҳуқуқий ва меъёрий ҳужжатлар лойиҳалари;
Ҳаво мудофааси, ҳарбий тайёргарлик ва машғулотларга оид ёзишмалар;
Чегара ҳудудларидаги қурилиш ишлари ҳақидаги ҳисоботлар.
Бундан ташқари, Миллий гвардия ва Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига тегишли деб белгиланган кичикроқ ҳужжатлар тўплами ҳам аниқланган. Давлат инвестиция қўмитасига оид юзлаб хатлар ва 100 дан ортиқ давлат ташкилотининг номлари, бўлимлари ҳамда фойдаланувчилари кўрсатилган рўйхат ҳам серверда бўлган.
Айрим ҳужжатлар ичида расмий ташрифлар ва делегациялар билан боғлиқ шахсларнинг паспорт ҳамда миллий идентификация ҳужжатлари нусхалари ҳам мавжуд бўлган.
Муҳим жиҳати, CloudSEK барча ҳужжатларни давлат сири ёки махфий ҳужжат деб таърифламаган. Ҳисоботда улар орасида мудофаа соҳасига оид ёзишмалар, молиявий маълумотлар, шахсий ҳужжатлар ва бошқа расмий материаллар борлиги кўрсатилган.
Хакерлар сунъий интеллектдан қандай фойдаланган?
Ҳодисанинг энг диққатга сазовор жиҳатларидан бири — хакерларнинг сунъий интеллект агентларидан фойдаланганидир.
CloudSEK маълумотига кўра, гуруҳ Hermes номли очиқ кодли автоном AI-агентлар платформасини ўз серверига ўрнатган. Агентга Strix номи берилган.
Hermes — инсон берган вазифаларни бажариш учун ташқи воситалар билан ишлай оладиган AI-агентлар платформаси ҳисобланади. Ундан фойдаланувчи вазифани белгилайди, агент эса белгиланган воситалар орқали вазифани бажариш босқичларини амалга оширади.
CloudSEK топган конфигурацияга кўра, агент асосий вазифаларнинг кўпини DeepSeek V4.1 Flash модели орқали бажарган. Қўшимча вазифаларни бажариш учун Gemini 2.5 Flash модели ҳам ишлатилган. Моделлар OpenRouter хизмати орқали уланган.
Текширувда AI-агент қуйидаги жараёнларда қатнашгани аниқланган:
Нишон тизимлари ҳақида дастлабки маълумот тўплаш;
Ҳужумни режалаштириш ва вазифаларни тақсимлаш;
Маълумотларни йиғиш учун махсус дастурлар тайёрлаш;
Файлларни гуруҳлаш ва сақлаш;
Операция давомидаги натижаларни қайд этиш;
Ҳужумдан кейин айрим техник изларни тозалаш.
Reuters билан суҳбатда CloudSEK вакиллари ҳужумчи ҳар бир буйруқни қўлда киритиш ўрнига Hermes'га нима қилиш кераклигини айтганини тушунтирган. Кейин агент режалаштириш, бажариш, натижаларни қайд этиш ва ҳисобот тайёрлаш жараёнларини ўз зиммасига олган.
CloudSEK серверидаги ёзишмаларда операторнинг агентга вазифалар бергани, унинг натижаларини кузатгани ва кейинги ҳаракатларни белгилагани кўринади.
Шунингдек, агент билан мулоқотлар Telegram орқали амалга оширилган. Ҳужжатларни йиғиш жараёнида ҳам Telegram орқали натижалар ҳақида маълумот юбориб турилган.
CloudSEK ҳисоботида агентнинг айрим техник тарихларни ўчириш ва операция изларини тозалашга оид ҳаракатлари ҳам қайд этилган. Бироқ сервер очиқ қолдирилгани сабабли хакерларнинг ўзига тегишли файллар, ёзишмалар ва маълумотлар тадқиқотчилар қўлига тушган.
Ўзбекистондаги «Ақлли ўрмон хўжалиги» тизими ҳам нишонга тушган
CloudSEK ҳисоботида Ўзбекистондаги «Ақлли ўрмон хўжалиги» (Smart Forestry) ахборот тизими билан боғлиқ серверга ҳам кириш аниқлангани маълум қилинган.
Ўзбекистон ҳукуматининг расмий маълумотларида Smart Forestry платформаси ўрмон ресурсларини рақамли бошқариш, уларнинг ҳолатини реал вақт режимида кузатиш ҳамда геофазовий маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ва сақлаш учун мўлжалланган тизим сифатида таърифланган.
CloudSEK аниқлашича, хакерлар мазкур платформада фойдаланиладиган GeoServer ортидаги серверда буйруқларни бажариш имкониятига эга бўлган. Бунга веб-илова ва маълумотлар базаси орқали кириш занжири сабаб бўлгани айтилган.
Таҳлилчиларнинг ёзишича, ҳужумчилар платформа серверига зарарли файлларни жойлаштирган, маълумотлар базасига кирган ва серверда ўз буйруқларини бажариш имкониятини яратган.
Бироқ CloudSEK ҳисоботида хакерлар серверда энг юқори — root ҳуқуқини қўлга киритмагани ҳам кўрсатилган. Шунга қарамай, улар ўрмончилик маълумотлар базаси ва GeoServer орқали сақланадиган ёки тақдим этиладиган маълумотларни тўлиқ бошқариш имкониятига эга бўлган.
Компания ҳисоботида бу фаоллик аввалроқ, 2026 йил май ойида ҳам кузатилгани, бироқ янги аниқланган сервер орқали ҳужум механизмининг айрим тафсилотлари маълум бўлгани айтилган.
Туркманистонга қарши эҳтимолий ҳужумга ҳам тайёргарлик кўрилган
«CloudSEK» Туркманистон давлат ташкилотларига қарши ишлатилиши мумкин бўлган сохта ҳужжатларни ҳам аниқлаган.
Компания маълумотига кўра, 2026 йил октябр ойида ҳужумчилар Туркманистон темир йўллари номидан тайёрланган электрон чиптага ўхшаш сохта ҳужжат ҳамда Оҳал вилояти маъмуриятининг давлат дастури ҳисоботига ўхшаш махсус файлни ишлаб чиққан ва уни текшириб кўрган.
Ушбу ҳужжатлар келажакдаги эҳтимолий фишинг ҳужуми учун мўлжалланган бўлиши мумкин.
Бироқ «CloudSEK» ҳисоботига кўра, ушбу файлларнинг тайёрлангани ва синовдан ўтказилгани Туркманистон давлат идораларига ҳужум муваффақиятли амалга оширилганини англатмайди. Компания бу ҳолатни эҳтимолий кейинги операцияларга кўрилаётган тайёргарлик белгиси сифатида баҳолаган.





