Logo

Афғонистон ва Покистон можароси Ўзбекистонга қимматга тушмоқда

Покистондан Ўзбекистонга юк етказиш харажатлари чегаралар ёпилгач 2–3 минг доллардан 10–13 минг долларгача кўтарилди. Ташиш муддати эса бир ҳафтадан олти ҳафтага узайди.

Афғонистон ва Покистон можароси Ўзбекистонга қимматга тушмоқда © Foto: AP

Марказий Осиё мамлакатлари Покистон портлари орқали очиқ денгизга чиқиш ва Жанубий Осиё давлатлари билан савдо-сотиқни ривожлантиришга уринмоқда. Бироқ Покистон ва Афғонистон ўртасидаги қуролли тўқнашувлар ҳамда чегара пунктларининг ёпиб қўйилиши бу режаларга жиддий тўсқинлик қиляпти.

«Eurasianet» нашрининг қайд этишича, Қозоғистон ва Покистон ўртасидаги савдога оид прогнозлар қайта кўриб чиқилмоқда, шунингдек, Ўзбекистоннинг Покистон билан товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш режаси амалий қийинчиликларга дуч келмоқда.

Чегаралар қачондан бери ёпиқ?

Покистон ва Афғонистон ўртасидаги савдо йўллари билан боғлиқ муаммолар 2025 йилнинг октябр ойида кескинлашди. 12 октябр куни икки мамлакат чегарасида юз берган қуролли тўқнашувлардан сўнг, Покистон асосий чегара ўтказиш пунктларида божхона расмийлаштирувини тўхтатиб қўйди.

Покистон ҳукумати ушбу қарорни хавфсизлик нуқтаи назаридан изоҳлаган. Исломобод Афғонистон ҳудудидан туриб ҳаракат қилаётган «Tehrik-i-Taliban Pakistan» (TTP) гуруҳини Покистондаги теракт ва ҳужумларда айблаб келади. Толибон маъмурияти эса бу айбловларни қатъиян рад этмоқда.

2026 йилнинг июн ойида ACAPS халқаро таҳлил маркази эълон қилган ҳисоботда Дюранд чизиғидаги асосий савдо пунктлари — Торкҳам, Чаман, Ғуломхон ва Спин-Болдак ҳамон ёпиқ қолаётгани қайд этилган. Масалан, Торкҳам орқали фақатгина Афғонистонга қайтарилаётган мигрантлар чекланган тартибда ўтказилган.

2026 йилнинг октябр ойида ҳам «VOA» ва «Channel News Asia» нашрлари асосий чегара пунктлари орқали савдо алоқалари тўхтаб қолганини хабар қилди.

Икки мамлакат ўртасидаги савдо 74 фоизга қисқарди

Чегараларнинг ёпиб қўйилиши икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмасига ҳам жиддий зарба берди.

«VOA» нашри Покистон Савдони ривожлантириш бошқармаси (TDAP) маълумотларига таяниб хабар беришича, 2025/2026 молия йилида Афғонистон ва Покистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 358 миллион долларни ташкил этган. Бу 2024/2025 молия йилидаги 1,3 миллиард долларлик кўрсаткичга нисбатан салкам 74 фоизга кам.

Афғонистон–Покистон қўшма савдо-саноат палатасининг афғон бўлими вице-президенти Муҳаммад Юнус Моҳманднинг сўзларига кўра, 2026/2027 молия йилида икки мамлакат савдоси қарийб 95 фоизга тушиб кетган.

Шу билан бирга, 22 октябр куни «Channel News Asia» нашри бизнес уюшмалари вакилларининг баҳоларига таяниб, савдо тўхташи оқибатида 2,5 миллиард доллардан ортиқ қийматдаги молиявий операциялар бой берилганини ёзди.

Муаммо фақат Покистондан Афғонистонга товар экспорт қилишнинг тўхтаганида эмас. Покистоннинг Афғонистон орқали Марказий Осиё бозорларига чиқиш имкониятлари ҳам кескин чекланган.

Ўзбекистонга юк етказиш харажатлари беш баробар қимматлашди

Чегарадаги муаммоларнинг амалий оқибатларини покистонлик экспортчилар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

«Channel News Asia» нашри Покистоннинг Пешовар шаҳридаги тадбиркорлар билан суҳбатлашиб, товарларни Ўзбекистонга етказиб бериш харажатлари кескин ошиб кетганини маълум қилди. Покистонлик экспортчи Муҳаммад Наимнинг таъкидлашича, авваллари Торкҳам чегара пункти орқали Ўзбекистонга юк етказиш тахминан бир ҳафта вақт олган ва 2–3 минг доллар харажат талаб қилган.

Чегара ёпилгач, муқобил йўналиш сифатида Эрон орқали ташишга мажбур бўлинмоқда. Тадбиркорнинг қайд этишича, янги йўналиш бўйлаб юк етказиш қарийб олти ҳафтага чўзилмоқда, харажат эса 10–13 минг долларгача кўтарилган.

Нашр, шунингдек, Покистоннинг «MM Ellahi Traders» компанияси раҳбари Манзур Эллаҳийнинг фикрларини ҳам келтирган. Унинг сўзларига кўра, чегара ёпилишидан олдин Афғонистон ва Марказий Осиё бозорлари компания умумий даромадининг 80 фоизини таъминлаган бўлса, ҳозир бу улуш бор-йўғи 5 фоизга тушиб қолган.

Қозоғистон Покистон билан савдо бўйича прогнозларини қайта кўриб чиқмоқда

Марказий Осиё мамлакатларининг Покистон бозорига чиқиш режалари тобора мураккаблашиб бормоқда.

2026 йилнинг феврал ойида Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф ва Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев икки мамлакат ўртасидаги ўзаро савдо ҳажмини кейинги бир йил ичида 1 миллиард долларга етказиш мақсадини эълон қилган эди. Ўша пайтда Покистон томони ўзаро савдо айланмасини 250 миллион доллар деб баҳолаган.

Бироқ жорий йилнинг 1 ноябр куни Остонада Қозоғистон бош вазири ўринбосари Серик Жуманғарин ва Покистон инвестициялар вазири Қайсер Аҳмад Шайх ўртасида бўлиб ўтган музокараларда икки давлатнинг савдо салоҳияти 218 та товар позицияси бўйича 645 миллион доллар атрофида баҳоланди. Қозоғистон ҳукумати металлургия, машинасозлик, кимё саноати, озиқ-овқат ва нефт-кимё тармоқларини савдони кенгайтириш учун асосий йўналишлар сифатида кўрсатган.

«Eurasianet» нашри бу ҳолатни йил бошидаги 1 миллиард долларлик мақсадга нисбатан кутилмаларнинг пасайиши сифатида талқин қилди.

Ўзбекистон Покистон билан савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказишни мақсад қилган

Ўзбекистон ҳам Жанубий Осиё бозоридаги ўз мавқеини мустаҳкамлаш ва кенгайтиришни режалаштирмоқда.

2026 йилнинг феврал ойида Шавкат Мирзиёевнинг Покистонга давлат ташрифи чоғида икки мамлакат ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини яқин беш йил ичида 2 миллиард долларга етказиш бўйича келишувга эришган эди.

Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси маълумотларига кўра, 2025 йилда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 445,9 миллион долларни ташкил қилган. Ўтган йили Ўзбекистоннинг Покистонга экспорти таркибида 260,2 миллион долларлик озиқ-овқат маҳсулотлари, 21,2 миллион долларлик саноат товарлари, 30,1 миллион долларлик хизматлар ва 13,2 миллион долларлик ноозиқ-овқат хомашёси ўрин олган. Покистондан Ўзбекистонга эса асосан озиқ-овқат, кимё маҳсулотлари, саноат ва тайёр маҳсулотлар импорт қилинган.

2 миллиард долларлик мақсадга эришиш учун икки давлат нафақат савдо ҳажмини ошириши, балки товарларни ташиш, божхона расмийлаштируви ва транзит жараёнларини ҳам сезиларли даражада яхшилаши талаб этилади. «Eurasianet» нашри таҳлилига кўра, Афғонистон ва Покистон ўртасидаги низо мазкур улкан мақсадга эришишни қийинлаштираётган асосий омиллардан бири бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон махсус транзит йўлагини яратишни таклиф қилди

Чегара муаммолари давом этаётган бир пайтда Ўзбекистон Покистон билан савдо алоқаларини тиклашнинг янги ва муқобил йўлини таклиф қилди.

«Дунё» ахборот агентлигининг хабарига кўра, Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси Алишер Тўхтаев Покистоннинг Инвестицияларни рағбатлантириш бўйича махсус кенгаши (SIFC) бош директори Сажид Амин билан учрашган. Музокаралар давомида Покистоннинг Пешовар шаҳри, Торкҳам чегара ўтказиш пункти ва Афғонистон ҳудуди орқали Ўзбекистоннинг Термиз шаҳригача махсус савдо-транзит коридорини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилган.

Унга кўра, юкларни мазкур йўналишда алоҳида мониторинг ва назорат механизмлари асосида ташиш назарда тутилмоқда. Покистон томони бу ташаббусни амалий жиҳатдан мақбул ечим сифатида баҳолаган. Лойиҳани амалга ошириш имкониятларини ўрганиш мақсадида Ўзбекистоннинг Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Транспорт вазирлиги ҳамда Покистоннинг тегишли идоралари вакиллари иштирокида онлайн музокаралар ўтказиш келишиб олинган.

Ҳозирча мазкур коридор қачон ишга тушиши ёки у орқали қанча юк ташилиши бўйича аниқ муддат ва рақамлар эълон қилинмаган.

Теглар

Мавзуга оид