Logo

Иордания ва Ироқда «Telegram» блокланди

Иордания ва Ироқ ҳукуматлари миллий хавфсизлик ва экстремизмга қарши кураш доирасида Telegram мессенжерини блоклади. Ироқ тармоққа 30 кунлик муҳлат берди.

Иордания ва Ироқда «Telegram» блокланди

Иордания ва Ироқ ҳукуматлари ўз ҳудудларида «Telegram» мессенжерига киришни блоклади. Бу ҳақда «Reuters» ва «Anadolu» агентликлари хабар берди.

Ушбу қарорлар мессенжердан экстремизм ва радикализм тарқатишда фойдаланилиши мумкинлиги, шунингдек, миллий хавфсизликка таҳдидларнинг олдини олиш мақсади билан изоҳланмоқда.

«Reuters» агентлигининг Иордания жамоат хавфсизлиги бошқармаси баёнотига таяниб маълум қилишича, тақиқнинг асосий мақсади — «жамоат хавфсизлиги ва миллий манфаатларга таҳдид солувчи экстремизм тарқалиши ҳамда радикаллашувга қарши курашиш» ҳисобланади.

Бошқарманинг таъкидлашича, барча чеклов чоралари мамлакатнинг амалдаги қонунчилигига мувофиқ тарзда қабул қилинган.

Ироқнинг талаби ва олдинги чекловлар

Орадан кўп ўтмай, Ироқ ҳукумати ҳам ўз ҳудудида «Telegram» тармоғи тақиқланганини эълон қилди. Туркиянинг «Anadolu» агентлиги ёзишича, Ироқ ОАВ ва коммуникациялар бўйича комиссияси мессенжер раҳбариятини маҳаллий қонун ва қоидаларни писанд қилмасликда айблаган.

Комиссия баёнотида қайд этилишича, ушбу тақиқ «ижтимоий тармоқлардан экстремистик риторикани тарқатиш, зўравонлик ва нафратни қўзғатиш, кибержиноятчиликка кўмаклашиш ҳамда миллий хавфсизликка таҳдид солишда фойдаланишнинг олдини олишга» қаратилган.

Маълум қилинишича, Ироқ ОАВ ва коммуникациялар бўйича комиссияси «Telegram» раҳбариятига мессенжер фаолиятини Ироқ қонунчилигига мувофиқлаштириши учун 30 кунлик муҳлат берган.

«Anadolu» агентлигининг эслатишича, бу Ироқда кузатилаётган биринчи ҳолат эмас. Мамлакат 2023 йилда ҳам Telegram фаолиятини чеклаган, аммо ўшанда бир неча ҳафтадан сўнг тақиқ бекор қилинган эди.

Бунга қадар ҳам дунёнинг бир қатор давлатлари расмийлари «Telegram»га нисбатан турли эътирозлар билан чиқиш қилган. Бугунги кунда мессенжер Хитой, Эрон ва Россияда блокланган. Бироқ, блокланганига қарамай, Россияда Telegram ҳамон энг оммабоп мессенжерлардан бири бўлиб қолмоқда.

Теглар

Мавзуга оид