Маданият ва санъат вакилларига ипотека субсидияси берилади
Камида уч йиллик иш стажига эга маданият, санъат ва адабиёт соҳаси вакиллари давлат кўмагида бирламчи уй-жой бозоридан квартира сотиб олиши мумкин.
© Ijtimoiy tarmoqlarЎзбекистонда маданият, санъат ва адабиёт соҳаси вакилларига бирламчи уй-жой бозоридан квартира сотиб олиш учун ипотека субсидияси берилади. Ушбу тартиб ҳукуматнинг 11-ноябрдаги 618-сонли қарори билан тасдиқланди.
Субсидияни олиш шартлари ва талаблари
Мазкур молиявий кўмак Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан қайта молиялаштириладиган ипотека кредитлари доирасида тақдим этилади. Белгиланган тартибга кўра, талабгорлар ажратилган субсидияни фақат ўзларининг асосий иш жойи жойлашган ҳудудда қурилган янги уйлардан (бирламчи бозор) квартира харид қилишга йўналтиришлари мумкин.
Субсидия олиш учун мурожаатлар Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали қабул қилинади. Ариза берувчининг талабларга мувофиқлиги ахборот тизимлари орқали автоматик тарзда баҳоланади.
Тасдиқланган мезонларга кўра, номзод қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:
Маданият, санъат ва адабиёт соҳасида камида уч йиллик иш стажига эга бўлиши;
Тегишли фаолият билан шуғулланиш учун сўнгги уч йилда лицензияга эга бўлганлиги (агар талаб этилса);
Аризачи ва унинг турмуш ўртоғи сўнгги икки йил давомида республиканинг ҳеч бир ҳудудида мулк ҳуқуқи асосида турар жойга эга бўлмаганлиги.
Шунингдек, тизим томонидан оиланинг биргаликдаги даромади ҳам таҳлил қилинади.
Молиявий тартиб ва ажратиш муддатлари
Қоидага кўра, ипотека субсидияси бир оилага фақат бир маротаба ажратилади. Субсидия ажратилгани ҳақида ижобий хабарнома олган фуқаро квартира сотиб олиш учун қурилиш ташкилоти ёки девелопер билан шартнома тузиши лозим бўлади.
Агар бошланғич бадалнинг бир қисмини қоплаш учун ўтказиб берилган маблағдан 30 кун ичида фойдаланилмаса, хизмат кўрсатувчи банк ушбу маблағни республика бюджетига қайтариши белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, 2026-йилнинг июн ойида президентнинг маданият ва санъат соҳаси вакиллари билан ўтказилган учрашувида соҳа вакиллари, жумладан, музей ходимлари ва рассомларга уй-жой олиш учун ипотека кредити дастлабки тўловининг ярми давлат томонидан қоплаб берилиши маълум қилинган эди.





