Logo

Путин Ғарбга янги ултиматум қўйди. Унда Марказий Осиё бўйича талаб ҳам бор

Москва Украина бўйича тинчлик музокараларида НАТО қўшинларини 1997 йилги чегараларга қайтариш, Ғарбнинг Украинага қурол етказиб беришини тўхтатиш ва Европа давлатларининг ядровий ҳимоя бўйича ҳамкорлигини чеклашни сўради.

Путин Ғарбга янги ултиматум қўйди. Унда Марказий Осиё бўйича талаб ҳам бор © Ijtimoiy tarmoqlar

Россия Украинадаги урушни якунлаш бўйича ўтаётган музокараларда ўз талаблари кўламини янада кенгайтирмоқда. «The Washington Post» ва «The New York Times» нашрлари ўрганиб чиққан ҳужжатга кўра, Москва нафақат Украинанинг келажакдаги хавфсизлик мақомини, балки бутун Европадаги ҳарбий мувозанатни тубдан ўзгартиришни таклиф қилмоқда.

2026 йилнинг 10 ноябр санаси билан расмийлаштирилган мазкур ҳужжат АҚШ воситачилигида Россия, Украина ва Қўшма Штатлар вакиллари ўртасида Абу-Даби шаҳрида бўлиб ўтган музокаралар чоғида тарқатилган.

Унда НАТОни 1997 йилги ҳарбий позицияларига қайтариш, алняснинг кейинги кенгайишига йўл қўймаслик, Украинага Ғарб қуролларини етказиб беришни бутунлай тўхтатиш ва Европа мамлакатларининг ядровий ҳимоя соҳасидаги ўзаро ҳамкорлигини чеклаш каби ўта жиддий талаблар илгари сурилган.

Ҳужжат расмий бланкада тайёрланмаган ва унга ҳеч ким имзо чекмаган. «The New York Times» нашри уни музокараларда иштирок этган манбаларидан олганини, яна бир суҳбатдош эса унинг ҳақиқийлигини тасдиқлаганини маълум қилди. Нашр таъкидига кўра, бу Россиянинг дастлабки музокаравий позицияси бўлиб, ҳали расмий келишув ҳисобланмайди.

НАТО қўшинлари 1997 йилги жойлашувига қайтиши керак

Россия талабларининг энг асосий қисми НАТОнинг Шарқий Европадаги ҳарбий иштирокини кескин чеклашга қаратилган.

Москва алняс қўшинлари ва ҳарбий базаларини 1997 йилдаги жойлашув нуқталарига қайтаришни талаб қилмоқда. Агар бу талаб бажариладиган бўлса, кейинчалик НАТО таркибига кирган бир қатор давлатларда алняснинг ҳарбий иштирокини чеклашга тўғри келади.

Жумладан, Полша, Венгрия, Чехия ва Болтиқбўйи республикалари — Эстония, Латвия ҳамда Литвада НАТО қўшинлари ҳамда қурол-яроғларини жойлаштириш имкониятлари чекланиши мумкин.

НАТОнинг расмий маълумотларига қараганда, Чехия, Венгрия ва Полша 1999 йилда, Болтиқбўйи мамлакатлари эса 2004 йилда алнясга аъзо бўлган. Бундан ташқари, Россиянинг янги талабларида НАТОнинг келажакда умуман кенгаймаслиги ҳам назарда тутилган.

Россия талаблари Марказий Осиёга ҳам бевосита тааллуқли

Ҳужжатда эътиборли жиҳатлардан бири — Россиянинг талаблари фақат Европа билан чекланмаган.

«The Washington Post» нашрининг ёзишича, Москва НАТОнинг Украина, Шарқий Европа, Жанубий Кавказ ҳамда Марказий Осиё давлатлари ҳудудида ҳарбий фаолият олиб боришини ҳам чеклашни талаб қилган.

Украинага қурол етказиб бериш бутунлай тўхтатилиши керак

Ҳужжатда, шунингдек, Ғарб давлатлари томонидан Украинага қурол-яроғ ва ҳарбий техника етказиб берилишини тўлиқ тўхтатиш талаби ҳам қатъий белгиланган.

Бундан ташқари, Москва Украина Қуролли кучлари ва хавфсизлик хизматлари шахсий таркиби сони, қуролланиш даражаси ҳамда ҳарбий имкониятларига чекловлар ўрнатилишини таклиф қилмоқда. Украина ҳудудида ҳар қандай хорижий ҳарбий контингентлар ва ҳарбий объектларни жойлаштириш ҳам қатъиян тақиқланиши кераклиги кўрсатилган.

Ҳужжатда қайд этилишича, Украина келажакда Европа Иттифоқига аъзо бўлиши мумкин, аммо бунда унинг ташкилотнинг умумий мудофаа сиёсатида иштирок этиши чекланиши шарт қилиб қўйилмоқда.

Москва нафақат Украинанинг ҳарбий иттифоқларга аъзолигини, балки унинг келажакдаги мустақил мудофаа сиёсатини ҳам жиловлашни истамоқда ва бу талабларни музокараларнинг асосий шарти сифатида илгари сурмоқда.

Британия ва Франциянинг ядровий ҳимояси ҳам чекланиши мумкин

Россиянинг яна бир ўта муҳим талаби Британия ва Франциянинг ядровий салоҳиятига қаратилган.

Москва ушбу икки давлатнинг ўз ядровий қуролларидан бошқа Европа мамлакатларини ҳимоя қилиш мақсадида фойдаланиш имкониятини чеклашни таклиф қилмоқда. Бу талаб эса НАТОнинг ядровий тийиб туриш сиёсатига бевосита дахлдор. Зеро, Британия ва Франция ядровий қуролга эга бўлган асосий Европа давлатлари саналади.

«The Washington Post» нашрининг қайд этишича, Россия 2021 йилда илгари сурган талабларида асосан АҚШнинг Европада ядровий қурол жойлаштириши масаласи кўтарилган эди. Янги ҳужжат эса Британия ва Франциянинг ҳам минтақавий ядровий ҳимоядаги иштирокини чеклашни назарда тутади.

Бу талаблар 2021 йилдаги Россия таклифларини эслатади

Россиянинг ҳозирги таклифлари 2021 йилнинг декабрида НАТО ва АҚШга тақдим этилган хавфсизлик кафолатлари ҳақидаги лойиҳаларни ёдга солади. Ўша пайтда Москва НАТОдан алняснинг шарққа қараб кенгайишини дарҳол тўхтатиш, 1997 йилдан кейин қўшилган давлатлар ҳудудида ҳарбий инфратузилмани жойлаштирмаслик ҳамда Украина билан ҳарбий ҳамкорликни тўхтатишни талаб қилган эди. Аммо НАТО ва Ғарб давлатлари бу талабларни қатъиян рад этган.

1997 йил 27 майда имзоланган «НАТО – Россия» ҳужжатида эса томонлар бир-бирини рақиб сифатида кўрмаслиги, ҳар бир давлат ўз хавфсизлигини таъминлаш воситаларини мустақил танлаш ҳуқуқига эга экани ва Европа хавфсизлик тизимида ҳеч қандай «таъсир доиралари» бўлмаслиги тамойиллари мустаҳкамланган.

Европа Россиянинг талабларига қандай муносабат билдирмоқда?

Европа Иттифоқи вакиллари Россиянинг бу талабларига ўта эҳтиёткорона муносабат билдирди.

13 ноябр куни Дублинда Европа давлатлари раҳбарлари келгуси Украина музокараларида Европа қитъасини кимлар ва қай тартибда тақдим этиши масаласини муҳокама қилди. Натижада Британия, Франция, Германия, Италия ва Полша ҳамда Европа Иттифоқи институтлари вакилларидан иборат махсус музокара гуруҳини шакллантиришга келишиб олинди. Шунингдек, келгуси музокараларда НАТО вакилларининг ҳам иштирок этиши кутилмоқда.

Германия канцлери Фридрих Мерц Европа хавфсизлик тизимини Россия билан бошқатдан муҳокама қилишга ҳеч қандай зарурат йўқлигини билдирган. Унинг таъкидлашича, Украинасиз Украина ҳақида, Европа иштирокисиз эса Европа ҳақида музокара ўтказиб бўлмайди.

Полша Бош вазири Доналд Туск ҳам Европа хавфсизлик архитектурасини қайта кўриб чиқиш ғоясига кескин қарши чиққан. Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас эса вазиятга шундай баҳо берди: аввал ўт очишни тўлиқ тўхтатиш, кейин тинчлик келишувига эришиш, фақат шундан сўнггина Европа хавфсизлик тизимига доир масалаларни муҳокама қилиш лозим.

Абу-Даби музокараларида қандай натижага эришилди?

Россия, Украина ва АҚШ вакиллари 10–11 ноябр кунлари Абу-Даби шаҳрида икки кунлик ёпиқ музокаралар ўтказди. Таъкидлаш керакки, бу томонларнинг сўнгги тўққиз ой ичидаги илк бевосита учрашуви бўлди. Учрашувда ҳарбий асирларни йирик миқёсда алмашиш бўйича принципиал келишувга эришилган. Бироқ, ҳудудий масалалар ва урушни тугатиш шартлари бўйича томонлар ўртасидаги ўта жиддий келишмовчиликлар ҳамон сақланиб қолмоқда.

АҚШ вакиллари Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер кейинчалик Москвада Владимир Путин билан учрашган, сўнгра Дублинда Украина президенти Володимир Зеленскийга музокаралар тафсилотлари ҳақида ахборот берган. Зеленскийнинг 14 ноябр куни эълон қилган баёнотига кўра, АҚШ вакиллари музокаралар давомида биринчи марта «агар Украина НАТОга қўшилса, Донбасснинг ўз назоратида қолган қисмидан чиқиб кетишга тайёрми?» деган саволни ўртага ташлаган.

Оқ уй бундай савол берилганини расман тасдиқламади. Зеленский эса Украина ўз ҳудудларидан ҳеч қачон ихтиёрий равишда воз кечмаслигини қатъий билдирган. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг айтишича, Москва Европа давлатларининг музокараларда иштирок этишига фақат уларнинг тинчлик жараёнига ҳақиқий ҳисса қўшишга тайёрлиги амалда аниқлангандан кейингина розилик бериши мумкин.

Теглар

Мавзуга оид