Logo

Реновация ҳудудидаги мулк эгаларига Янги Тошкентдан каттароқ уй берилиши мумкин

Хонадонларнинг майдони, сони ва бошқа шартлар ҳар бир мулкдор билан алоҳида келишилади.

Реновация ҳудудидаги мулк эгаларига Янги Тошкентдан каттароқ уй берилиши мумкин © Foto: president.uz

Тошкентдаги реновация ҳудудларида яшовчи аҳолига Янги Тошкентга кўчишда ўзларининг ҳозирги уйларидан 1,5 бараваргача каттароқ хонадонлар берилиши мумкин. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги маълум қилди.

Мазкур имконият президентнинг 10-ноябрдаги Янги Тошкент ва бошқа махсус ҳудудларда йирик шаҳарсозлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги фармонида назарда тутилган. Ушбу норма «Ташкент Инвест» муниципал компанияси иштирокида реновация лойиҳалари амалга оширилаётган ҳудудларга тааллуқлидир.

Фармонга мувофиқ, компенсация сифатида уй эгаларига баҳоланган кўчмас мулк қийматидан 1,5 бараваргача юқори бўлган ёки дастлабки майдоннинг 150 фоизигача бўлган хонадонлар таклиф қилиниши мумкин. Хусусан, оиланинг 50 квадрат метрлик хонадони бўлса, вариантлардан бири сифатида 75 квадрат метргача бўлган янги уй кўриб чиқилади.

Агар хонадон майдони 70 квадрат метрни ташкил қилса, эгаларига 105 квадрат метргача бўлган битта каттароқ уй ёки иккита алоҳида (масалан, 45 ва 60 квадрат метрлик) хонадон таклиф қилиниши мумкин.

Компенсация шартлари ва келишув жараёни

Ҳокимлик бериладиган ушбу имкониятлар қатъий кафолатланган шарт эмаслигини таъкидлаган.

«Ҳар бир ҳолат кўчмас мулкнинг хусусиятлари ва уй эгаларининг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда алоҳида кўриб чиқилади», — дейилади расмий хабарда.

Таклифларни тайёрлаш жараёнига мустақил ташкилотлар жалб қилинади. Хонадонларнинг майдони, сони ва бошқа шарт-шароитлар уй эгалари билан ўзаро келишилган ҳолда ҳал этилади.

Шу билан бирга, мулкдорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жараёнларнинг шаффофлиги ва компенсация шартларини келишиш тамойиллари ўзгаришсиз қолади.

Маълумот ўрнида, шаҳарсозлик реновацияси тўғрисидаги қонун Қонунчилик палатасида 2025-йил 9-сентябрда қабул қилиниб, Сенат томонидан 2026-йил 7-апрелда маъқулланган эди. Июн ойида эса Президент томонидан имзолаганди.

Теглар

Мавзуга оид