Россия ва БААга бориш камайди. Ўзбекистонликлар 2026 йилда энг кўп борган 10 та давлат эълон қилинди
2026 йилнинг 10 ойида 6,5 млн нафар Ўзбекистон фуқаролари туристик мақсадларда чет элга сафар қилган.
© Foto: dubai.pn.ruЎзбекистонликлар хорижга чиқишда асосан Марказий Осиё мамлакатларини танламоқда. Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январ–октябр ойларида 6,5 млн нафар Ўзбекистон фуқаролари туристик мақсадларда чет элга сафар қилди.
Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 154,2 нафарга кўп. Сафарлар сони бўйича биринчи ўринни Қирғизистон, иккинчи ўринни Қозоғистон, учинчи ўринни эса Тожикистон эгаллади.
Биргина ушбу учта мамлакатнинг ўзига 5,26 миллионта сафар тўғри келган. Бу эса умумий кўрсаткичнинг қарийб 81 фоизини ташкил этади.
Ўзбекистонликлар энг кўп борган 10 та давлат
2026 йилнинг январ–октябр ойлари давомида Ўзбекистон фуқаролари томонидан энг кўп сафар қилинган мамлакатлар рўйхати қуйидагича:
1. Қирғизистон — 2 983 680 та
2. Қозоғистон — 1 183 775 та
3. Тожикистон — 1 092 184 та
4. Россия — 301 420 та
5. Туркия — 257 904 та
6. Саудия Арабистони — 253 789 та
7. БАА — 73 289 та
8. Хитой — 64 809 та
9. Миср — 50 463 та
10. Виетнам — 38 276 та
Қирғизистонга амалга оширилган сафарлар сони иккинчи ўриндаги Қозоғистон кўрсаткичидан 2,5 баробар кўп. Шунингдек, Туркия ва Саудия Арабистонига қилинган сафарлар сони бир-бирига жуда яқин: ўртадаги фарқ атиги 4,1 мингтани ташкил қилади.
Қўшни давлатлар ҳамон биринчи ўринда
Рўйхатнинг дастлабки учта поғонасини Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон банд қилган. Бу мамлакатларга қилинган жами сафарлар сони 5,26 миллионтадан ошган.
Маълумки, ушбу уч давлатнинг барчаси Ўзбекистон билан умумий чегарага эга. Статистикадаги бу рақамлар сафарларнинг асл мақсадини эмас, балки айнан қайси давлатга борилганини кўрсатади.
Статистика агентлигининг 2026 йил биринчи чораги бўйича туристик оқимлар ҳисоботида чет элга қилинган сафарларнинг 77 фоизи айнан қариндошларни йўқлаш мақсадига тўғри келгани қайд этилган. Бевосита дам олиш ва ҳордиқ чиқариш мақсадидаги сафарлар улуши эса атиги 22,1 фоизни ташкил қилган.
2025 йилнинг январ–октябр ойларида ҳам ўзбекистонликлар энг кўп Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистонга сафар қилган.
Статистика агентлигининг ўша давр учун эълон қилган маълумотларига таянилса, хорижга туристик мақсадларда қилинган сафарларнинг умумий сони қарийб 6,4 миллионтани ташкил этган. Бу 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 24,7 фоизга юқори бўлган. 2026 йилнинг дастлабки 10 ойида эса бу кўрсаткич 6,5 миллионтага етиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 154,2 мингтага ошди.
Ўзбекистонликларнинг хорижга чиқиши бўйича биринчи учлик ўзгармай қолмоқда. Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон Ўзбекистон фуқаролари энг кўп борадиган мамлакатлар сифатида ўз етакчилигини мустаҳкам сақлаб турибди.
2025 йилга нисбатан қайси давлатларга сафарлар кўпайди?
2026 йилнинг 10 ойлик натижаларини ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда, айрим йўналишларда сезиларли ўзгаришлар кузатилади.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил январ–октябр ойларида Хитойга 39,6 минг, Туркияга 230,8 минг, Саудия Арабистонига 237,1 минг нафар ўзбекистонлик сафар қилган.
2026 йилнинг шу даврида эса Хитойга сафарлар 64,8 мингтага, Туркияга 257,9 мингтага, Саудия Арабистонига 253,8 мингтага етган.
Давлат | 2025 йил | 2026 йил | Ўзгариш |
Хитой | 39,6 минг | 64,8 минг | +63,7% |
Туркия | 230,8 минг | 257,9 минг | +11,7% |
Саудия Арабистони | 237,1 минг | 253,8 минг | +7% |
Россия | 370,1 минг | 301,4 минг | −18,6% |
БАА | 114,1 минг | 73,3 минг | −35,8% |
Миср | 56,2 минг | 50,5 минг | −10,2% |
Вьетнам | 32,8 минг | 38,3 минг | +16,7% |
Шу билан бирга, мамлакатлар рейтингида ҳам ўзгариш бор. 2025 йилда Саудия Арабистони Туркиядан олдинда бўлган. 2026 йилда эса Туркия бешинчи, Саудия Арабистони олтинчи ўринга чиққан.
Хитой ҳам тўққизинчи ўриндан саккизинчи ўринга кўтарилган.





