Суд қароридан сўнг кредитларга фоиз ва пеня ҳисоблаш тўхтатилади
Марказий банк банклардан суд қарори чиқарилган кредитлар бўйича ноқонуний ҳисобланган фоиз ва жарималарни бекор қилиш ҳамда ундирилган маблағларни қарз олувчиларга қайтаришни талаб қилди.
© Vaqt.uz | Javhar ChorshanbiyevaКредит қарзини ундириш тўғрисида суднинг ҳал қилув қарори чиқарилгандан сўнг, қарорда кўрсатилган суммага янги фоиз, жарима (неустойка) ёки пеня ҳисоблаш тўхтатилади ҳамда қонунга зид равишда ундирилган маблағлар қарз олувчиларга қайтарилади. Бу ҳақда Марказий банк маълум қилди.
Қарорга мувофиқ, тижорат банкларининг кузатув кенгашлари ва бошқарувлари зиммасига ушбу талабга тўлиқ риоя этилишини таъминлаш вазифаси юклатилди.
Банкларда ички аудит текширувлари ўтказилади
Белгиланган талабларга асосан, банкларнинг ички аудит хизматлари 2026-йил 10-декабргача махсус текширув ўтказиши лозим. Ушбу жараёнда суд қарори чиқарилган кредитлар бўйича фоиз ва жарима ҳисоблаш тўхтатилганлиги тўлиқ ўрганилади. Аниқланган қоидабузарликлар эса банк кузатув кенгаши ва бошқаруви муҳокамасига киритилади.
Қоидабузарлик аниқланган тақдирда, қонунга зид равишда ҳисобланган фоиз ва жарималар зудлик билан бекор қилиниши ҳамда ундирилган маблағлар қисқа муддатда қарз олувчиларга қайтарилиши шарт.
Шунингдек, банклар бошқарувлари амалга оширилган ишлар ва қайтарилган маблағлар тўғрисидаги батафсил ҳисоботни тасдиқловчи ҳужжатлар билан бирга 2026-йил 25-декабргача Марказий банкка тақдим этиши белгиланди.
Маълумот учун, суд қарорида кўрсатилган ундириладиган сумма кейинчалик унга янги фоиз ёки пеня қўшилиши ҳисобига ортиб бормаслиги қоидаси Фуқаролик кодексининг 744-моддаси учинчи қисмида қатъий белгиланган.
Қаерга мурожаат қилиш мумкин?
Агар истеъмолчиларда кредит қарздорлиги бўйича суд қарори чиққандан кейин ҳам фоиз ёки жарима ҳисоблаш ҳолатлари юзага келган бўлса, улар Марказий банкнинг 71-200-00-44 ёки 18 00 қисқа рақамли алоқа марказига, шунингдек, Телеграмдаги «Банкда нима гап?» лойиҳасининг @tajriba_lab_bot ботига мурожаат қилишлари мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ банкларга кредит рекламаларида молиявий хавфлар ҳақида огоҳлантириш мажбурияти белгиланганди.





