Logo

Тошкент шаҳар ҳокимлиги йўлларни таъмирлашга 2,6 млрд сўмдан ортиқ пул ажратди

Пуллар буюртмачига Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ўтказиб берилади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги йўлларни таъмирлашга 2,6 млрд сўмдан ортиқ пул ажратди © Foto: president.uz

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида йўлларни таъмирлаш ишлари билан боғлиқ харажатларни амалга ошириш тўғрисида пойтахт ҳокимлиги 19-октябрда қарор чиқарди. Унга ҳоким Шавкат Умрзоқов имзо чеккан.

Унда ёзилишича, Умрзоқовнинг транспорт ва йўл инфратузилмаси масалалари бўйича ўринбосари 9-октябр таклиф билан чиққан. Таклифда Мирзо Улуғбек туманидаги айрим йўлларни таъмирлаш лозимлиги айтилган. Ҳоким бу таклифни қаноатлантириб, умумий ҳисобда 2 миллиард 690 миллион сўм ажратди.

Бу пулларнинг 469 миллион сўми Дўрмон кўчасидаги умумий узунлиги 150 метр бўлган қисмида йўл инфратузилмасини яхшилашга, 580 миллион сўми эса Мирзакалон Исмоилий кўчасининг таъмирталаб 500 метр қисми учун қурилиш-таъмирлаш ишларига ишлатилиши айтилган.

Шунингдек, таъмирлаш ишлари учун Тошкент ҳалқа автомобил йўли ва Форобий кўчалари кесишмасига 250 миллион сўм, Тошкент ҳалқа автомобил йўли ва Чорбоғ кўчалари кесишмасига 200 миллион сўм, Тошкент ҳалқа автомобил йўли ва Хонободтепа шоҳкўчалари кесишмасига 210 миллион сўм, Мирзо Улуғбек ва Темур Малик кўчалари кесишмасига 250 миллион сўм ажратилди.

Бундан ташқари, 650 миллион сўмга Махтумқули ва Оҳангарон кўчалари кесишмасида қўшимча йўлак очилади.

Мазкур объектлар бўйича буюртмачи — «Тошкент шаҳри Минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати» ДМ бўлиб, пуллар унга Тошкент шаҳарини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ўтказиб берилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хива шаҳар ҳокимлиги бюджетдан 2,2 миллиард сўмдан ортиқ пул ажратгани ҳақида ёзган эдик.

Теглар

Мавзуга оид