Хива шаҳар ҳокимлиги бюджетдан 2,2 млрд сўмдан ортиқ пул ажратди
Маблағларнинг катта қисмини ҳокимликнинг ўзи, қолганини бошқарма олади. Пулларнинг 850 млн сўми гул сотиб олишга ишлатилади.
© Foto: gov.uzХоразм вилояти Хива шаҳрида гул харид қилиш, ижтимоий ҳимоя, маҳалла биносини янгидан қуриш ва бошқа масалалар учун бюджетдан умумий ҳисобда 2 миллиард 230 миллион сўм ажратилди. Бу бўйича шаҳар ҳокими Темур Давлетов тегишли ҳужжатларни имзолади.
Ҳоким имзо чеккан фармойишлардан бирида ёзилишича, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида шаҳар ҳудудига экиладиган манзарали бута гул кўчатларини сотиб олиш харажатлари учун 850 миллион сўм, маҳаллаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, маҳаллаларда инфратузилма ва ободонлаштириш билан боғлиқ энг долзарб масалаларни тизимли ҳал этиш ҳамда аҳолига муносиб турмуш шароитларини яратиш мақсадида амалга ошириладиган ободонлаштириш ишларида қатнашадиган транспортларнинг ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари (дизел) харажатлари учун 30 миллион сўм, жами 880 миллион сўм ажратилди. Бу пуллар шаҳар ободонлаштириш бошқармасига ўтказиб берилиши, маблағлар Хива шаҳар маҳаллий бюджетининг 2026-йил III чорак даромадларининг орттириб бажарилган қисми ҳамда ер участкаларини сотишдан тушган пул маблағлари ҳисобидан берилиши айтилган.
Иккинчи ҳужжатга кўра, II чорак даромадларининг орттириб бажарилган қисми ҳамда ер участкаларини сотишдан тушган маблағлар ҳисобидан Калта минор маҳалласи биносини янгидан қуриш билан боғлиқ бўлган харажатлар учун ҳокимлик ҳисобига 685 миллион сўм ўтказилади.
Давлетов чиқарган галдаги фармойиш эса шаҳарда яшовчи кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва эҳтиёжманд оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, уларнинг ижтимоий қўллаб-қувватланиши билан боғлиқ харажатлар учун 165 миллион сўм шаҳар ҳокимлигига ажратишни назарда тутади. Бундан ташқари, ҳокимлик ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг фарзандлари учун ёз мавсумида болалар оромгоҳларини ташкил этиш харажатлари учун 400 миллион, маҳаллалардаги хотин-қизлар фаолларининг самарали фаолият юритиши учун зарур бўлган моддий техник базани яратиш ва таъминлаш билан боғлиқ ишларга 100 миллион сўм пул олади. Маблағлар III чорак даромадларининг орттириб бажарилган қисми ҳамда ер участкаларини сотишдан тушган пул маблағлари ҳисобидан ишлатилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳар ҳокимлиги «Пахтакор» футбол клубига 5 миллиард сўм ажратганди.





