Манзил-колониялари нега тўлиқ ёпилмаяпти ?
ИИВ вакили 5 йил ичида 5 та манзил колонияси ёпилганини маълум қилди.

11 апрел куни Ички ишлар органлари фаолиятининг жорий йил биринчи чорагига бағишланган таҳлилий ҳисобот юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда VAQT.UZ мухбири томонидан манзил-колонияларнинг тақдирига оид савол ўртага ташланди.
Саволда 2020 йилда Президент Шавкат Мирзиёев мурожаатномасида манзил-колонияларни босқичма-босқич ёпиш ва маҳкумларни пробацияга ўтказиш ҳақида билдирилган фикрлар эслатилиб, ҳозиргача бу муассасалар фаолияти давом этаётгани қайд этилди.
ИИВ Жазони ижро этиш департаменти бошлиғи ўринбосари Сатимбаев Отабек Мирзатиллаевич мазкур масалага изоҳ бериб, аввал мамлакатда 25 та манзил-колония мавжуд бўлганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда улар сони 5 тага қисқартирилган.
«Бугунги кунда ҳозир манзил-колонияларимиз бештага қисқарган. Яъни босқичма-босқич қисқариб боради, аммо бу дегани ўша 20 тасининг ҳам йўқ бўлиб кетади дегани эмас», — деди Сатимбоев.
Унинг айтишича, манзил-колониялар маҳкумларни озодликка тайёрлашнинг муҳим босқичларидан бири ҳисобланади. Бу ерда жазо ўтаётган шахсларга нисбатан инсонпарварлик тамойиллари қўлланилиб, уларни пробация хизматига ўтказиш имкониятлари мавжуд.
Мазкур жараён суд қарорлари асосида амалга оширилади. Жиноятнинг оғирлик даражаси, маҳкумнинг хулқи ва тузалиш ҳолати инобатга олиниб, маъмурий комиссия хулосасидан сўнг иш судга киритилади.
Натижада маҳкумлар муддатидан илгари шартли равишда озод қилиниши ёки жазоси енгилроғига алмаштирилиши мумкин. Бундай ҳолларда улар пробация хизмати назорати остида жазони ўташда давом этади.
Шу билан бирга, барча тоифадаги жиноятлар учун бундай енгилликлар қўлланилмайди. Хусусан, айрим оғир жиноятлар, жумладан, қасддан одам ўлдириш ёки вояга етмаганларга нисбатан оғир жиноятлар содир этган шахслар учун манзил-колония жазонинг якуний босқичи сифатида сақланиб қолади.
«Кўпчилик манзил-колонияга ўтган шахсларга нисбатан нега муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ёки жазони енгилроғига алмаштириш қўлланилмаяпти, деган саволлар билан мурожаат қилади. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, айрим жиноятлар тоифаси мавжуд бўлиб, уларда манзил-колония жазонинг якуний босқичи ҳисобланади. Жумладан, Жиноят кодексининг 73-моддаси тўртинчи қисмида назарда тутилган ҳолатлар — жавобгарликни оғирлаштирувчи шароитда қасддан одам ўлдириш, вояга етмаганга нисбатан номусга тегиш ёки бошқа оғир жиноятлар шулар жумласидандир. Бундай ҳолатларда маҳкумларга нисбатан фақат манзил-колония жазоси қўлланилади ва уларга нисбатан муддатидан илгари озод қилиш ёки жазони енгилроғига алмаштириш тартиблари татбиқ этилмайди», — деди вазирлик расмийси.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда қанча маҳкум борлиги ҳақида маълумот берган эдик.





