Logo

Асосчисиз қолган гигант: «Apple»нинг тарихий хатоси «Nvidia»да такрорланадими?

Кеча 19:106 дақиқа

«Nvidia» раҳбари Женсен Хуангнинг истеъфоси ортидан компания ўз қийматининг 30 фоизини йўқотиши мумкин, дея огоҳлантирмоқда таҳлилчилар.

Асосчисиз қолган гигант: «Apple»нинг тарихий хатоси «Nvidia»да такрорланадими? © Foto: Jonathan Brady/AP Photo

Сунъий интеллект технологиялари бўйича дунёда етакчи бўлган «Nvidia» компаниясининг бош директори Женсен Хуанг истеъфога чиққанидан сўнг, унинг ўрнига 2013 йилдан бери компанияда ишлаб келаётган Колетт Кресс вақтинчалик раҳбар этиб тайинланди. Кресс билан бир қаторда, компания ўз тарихида илк бор директорлар кенгаши раиси лавозимини ҳам жорий қилди. Бу лавозим технология соҳасида ўттиз йиллик катта тажрибага эга венчур сармоядор Ҳарви Жонсга насиб этди.

Бундай ўзгаришлар 1993 йилда сунъий интеллект чипларини ишлаб чиқарувчи корхонага асос солинганидан буён уни бошқариб келган Хуанг давридаги «Nvidia» корпоратив тузилмаси ва раҳбариятида кескин янгиланиш юз берганидан далолат бермоқда. Силикон водийсида жуда катта нуфузга эга бўлган Женсен Хуанг пайшанба куни ўз лавозимини тарк этди. Бунга унинг хитойлик айғоқчи экани гумон қилинаётган шахс ҳамда икки нафар ходими билан алоқадорлиги ҳақида тарқалган хабарлар сабаб бўлди. Мазкур ҳолат дарҳол АҚШ қонунчилари, компания директорлар кенгаши ҳамда акциядорларининг эътиборини тортди.

Раҳбариятдаги кескин ўзгаришларга қарамай, «Nvidia»нинг қарийб 4 триллион долларлик улкан қиймати унинг узоқ йиллик раҳбари билан қай даражада боғлиқ экани ҳозирча очиқ қолмоқда. Зеро, унинг номи компаниянинг шиддат билан ўсиши ва жаҳон бозорида етакчига айланиши билан узвий боғланиб кетган эди. «Yorkville Ives» таҳлилчиси Дэн Айвснинг прогнозларига кўра, Хуанг бошқарувида бўлмаса, «Nvidia» ўз қийматининг 25-30 фоизини йўқотиши мумкин.

Тарихан олиб қараганда, АҚШ корпоратив оламида раҳбарлар ҳар доим акциядорлар олдида ҳисобдор бўлиб келган ва айнан уларнинг назорати остида фаолият юритган. Бироқ Силикон водийсидаги технологик компаниялар кўпинча мустақил ва кучли асосчиларининг ғояси атрофида қурилади. «Nvidia» билан ҳам айнан шундай ҳолат юз берган.

Нега технология компаниялари ўз асосчиларига шунчалик ишонишади?

Таҳлилчиларнинг узоқ вақтдан бери таъкидлашича, «Nvidia» каби компанияларнинг муваффақияти уларнинг асосчиси эришган ютуқлар ва унинг узоқни кўра билиш қобилияти билан чамбарчас боғлиқ. «Bain and Company» ҳисоботига кўра, 2015-2025 йиллар оралиғида асосчилар томонидан бошқариладиган компаниялар бошқа корхоналарга нисбатан 2,1 баробар яхшироқ натижа кўрсатган. Технологиялар соҳасида эса бу кўрсаткич 2,6 баробаргача ошган.

«Бошқарувни топшириш масаласига келадиган бўлсак, маълумотлар шуни кўрсатадики, бу асосчилар қанчалик катта бўлмасин, уларнинг ўрнини босувчи янги раҳбарлар асл асосчи каби яхши ишлай олиши жуда кам учрайдиган ҳолатдир. Шунинг учун буни шунчаки таваккалчилик, деб бўлмайди. Бу — компания қуришнинг табиий ва эволюцион жараёни ҳисобланади», — деди «Founders 100 ETF» портфел менежери Майкл Монахан «Al Jazeera» нашрига берган интервюсида.

Силикон водийси узоқ вақтдан бери айнан ушбу моделни қўллаб-қувватлаб келади. Жумладан, «Facebook» ва «Instagram»нинг бош компанияси саналмиш «Meta», шунингдек, «Tesla» каби гигант компаниялар ҳам бевосита ўз асосчиларининг дунёқараши, иродаси ва кучли шахсияти атрофида қурилган.

«Бу ҳолат технология гигантлари орасида жуда кенг тарқалган. Ўзингизга савол бериб кўринг: Илон Маск бўлмаса «SpaceX» қандай кўринишда бўлар эди? Марк Цукербергсиз «Meta»-чи? Фикримча, айниқса ҳозиргидек фавқулодда вазиятда бу ерда ҳам худди шундай тамойил ишлайди», — деди Евроосиё гуруҳининг геотехнологиялар бўйича директори Сяомэн Лу «Al Jazeera» нашрига берган интервюсида.

Электр автомобиллар ишлаб чиқарувчи «Tesla» компаниясида Маскнинг эътибори кундан-кунга кенгайиб бораётган бошқа лойиҳаларга тобора кўпроқ чалғигани сабабли, у директорлар кенгашининг кескин назорати остига тушиб қолди. Бу ҳолат, ўз навбатида, унинг эътиборини компаниянинг асосий ишларидан ҳам узоқлаштирарди. Қолаверса, Маскнинг АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти билан тобора очиқ тус олаётган сиёсий алоқалари «Tesla» учун жиддий зиддиятлар ўчоғига айланди. Компаниянинг бренд имижи пасайиб, автомобиллар савдоси тушиб кетган бир пайтда унинг кўргазма заллари олдида норозилик намойишлари бўлиб ўтди. 2025 йилнинг биринчи чорагида «Tesla» автомобилларини етказиб бериш ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13 фоизга пасайиб, сўнгги уч йил ичидаги энг қуйи даражани қайд этди.

Якунда «Tesla» директорлар кенгаши уни ўз лавозимидан четлаштирмасликка қарор қилди. Бироқ «SpaceX» жорий йил бошида оммавий акциядорлик компаниясига айланишга тайёргарлик кўраётган бир пайтда, Маск ўзининг ушбу компанияси бошқарув тузилмасига шундай ўзгартиришлар киритдики, натижада директорлар кенгаши уни ишдан бўшатиши амалда имконсиз бўлиб қолди.

 «Nvidia» бошқаруви кимнинг қўлида?

«Nvidia»нинг корпоратив бошқарув тузилмаси асосан Женсен Хуанг атрофида марказлашган эди. Анъанавий иерархик бошқарув занжирида ишлашдан кўра, ўнлаб юқори даражали раҳбарлар бевосита унинг ўзига ҳисобдор эди.

«Nvidia» низомига кўра, 11 кишидан иборат директорлар кенгаши овозларнинг кўпчилигига эга бўлгани учун Хуангни «сабабли ёки сабабсиз» ўз лавозимидан озод қилиш ваколатига эга эди. Бошқа йирик технология гигантларидан фарқли ўлароқ, Хуангда чекланмаган назорат ваколати йўқ эди. У компаниянинг тахминан 3,6 фоиз акциясига эгалик қилган ва кўпчилик овоз бериш ҳуқуқига эга бўлмаган.

«Nvidia»нинг бундай тузилмаси Силикон водийсидаги йирик компаниялар орасида жуда ноёб саналади. Масалан, «Meta» ва «Alphabet» каби компанияларда муассисларга уларнинг амалдаги улушидан кўра кўпроқ овоз бериш ҳуқуқини кафолатлайдиган махсус акциялар тизими мавжуд. Натижада, Марк Цукерберг каби раҳбарлар директорлар кенгашида айнан кимлар ўтиришини тўлиқ назорат қила олади. Бу эса оддий акциядорлар учун раҳбарият қарорларига эътироз билдиришни ёки уларни ўзгартиришни деярли имконсиз қилиб қўяди.

Бу шуни англатадики, Хуанг «Nvidia»нинг ривожланишига улкан таъсир кўрсатган бўлса-да, бошқа йирик технологик компаниялар асосчиларига хос бўлган расмий овоз бериш назоратига эга бўлмаган.

Ҳозирда компания Колетт Крессни вақтинчалик бош директор этиб тайинлади. У бунга қадар «Nvidia»нинг бош молиявий директори лавозимида ишлаб келаётган эди.

Муассис кетганда нима бўлади?

Тарихан олиб қараганда, асосчининг кетиши компания йўналишига жиддий зарар етказиши ва унинг бозордаги рақобатбардошлигини пасайтириб юбориши мумкин. Корпоратив тарихда бундай ҳолатлар бир неча бор кузатилган.

1980 йилларда «Apple» асосчиси Стив Жобс ва ўша вақтдаги бош директор Жон Скалли ўртасида кечган ҳокимият учун курашдан сўнг, компания қарийб ўн йил давомида тинимсиз қийинчиликларга дуч келди. 1997 йилга келиб, ушбу технология гиганти бир йилнинг ўзида тахминан 1 миллиард доллар зарар кўриб, банкротлик ёқасига келиб қолган эди.

«Apple» асосчиси Стив Жобс компанияни биринчи марта тарк этганида, «Apple» жиддий пасайишни бошдан кечирди ва охир-оқибат директорлар кенгаши уни яна ортга қайтаришга мажбур бўлди», — дейди Лу.

Жобс компанияга қайтгач, Калифорниянинг Купертино шаҳрида жойлашган технология гигантининг омади яна чопа бошлади. Бу қадам «iMac» ва «iPhone» каби жаҳонга энг машҳур маҳсулотларнинг яратилиши ва ишлаб чиқарилишига олиб келди.

«Starbucks» ҳам 2000 йилда асосчиси Говард Шулц бош директорликдан кетганидан сўнг худди шундай муаммога дуч келди. У раҳбарликни компаниянинг ўша пайтдаги президенти ва бош операцион директори Орин Смитга топширган эди.

Сиэтлда жойлашган машҳур қаҳвахоналар тармоғи Смит даврида ҳам ўсишда давом этди. Бироқ у 2005 йилда нафақага чиқиб, ўрнига Жим Доналд келганидан сўнг жиддий қийинчиликлар бошланди. Савдо ҳажмининг тушиб кетиши ва рақобатнинг кескин кучайиши фонида «Starbucks» ўз қийматининг 80 фоиздан ортиғини йўқотди.

Натижада, 2008 йилнинг январ ойида Шулц яна бош директор сифатида қайтиб келди ҳамда юзлаб зарар кўраётган филиалларни ёпишни кўзда тутувчи инқироздан чиқиш дастурини амалга оширди.

Бироқ, муассислар томонидан бошқариладиган компаниялар раҳбар кетганидан сўнг албатта таназзулга юз тутади, деган қатъий қоида йўқ.

1985 йилда компанияни тарк этган Жобс 1997 йилда қайтиб келди ва 2011 йилда раҳбарликни собиқ бош операцион директор Тим Кукка топширгунга қадар инқироздан чиқиш жараёнига бевосита бошчилик қилди. Кук даврида эса «Apple» гуркираб ўсишда давом этди ва 2026 йилнинг июл ойида унинг бозор капитализацияси қисқа муддатга 5 триллион доллардан ҳам ошди.

«Microsoft»да эса Билл Гейтс 2000 йилда бош директорликдан кетди ва унинг ўрнини Стив Балмер эгаллади. Балмер 2014 йилда нафақага чиққач, раҳбарлик тизгини Сатя Наделла қўлига ўтди.

Наделла Вашингтон штатининг Редмонд шаҳрида жойлашган технология гигантининг эътиборини булутли технологиялар ва корпоратив дастурий таъминотларни ривожлантиришга қаратди. Бу стратегик қадам компаниянинг бозор капитализациясини 2014 йилдаги тахминан 302 миллиард доллардан 2026 йилнинг ноябр ойида 3,88 триллион долларгача оширишга ёрдам берди.

Теглар

Мавзуга оид