Logo

Nvidia бош директори истеъфога чиқди

Бугун 08:003 дақиқа

Женсен Ҳуанг компанияни ташкил этилганидан буён бошқариб келаётган эди. Унинг раҳбарлиги даврида Nvidia график процессорлар ишлаб чиқарувчи компаниядан сунъий интеллект учун чиплар ва ҳисоблаш тизимлари етказиб берувчи дунёдаги энг йирик технологик корпорациялардан бирига айланди.

Nvidia бош директори истеъфога чиқди © Foto: businesstimes.com.sg

Nvidia (NASDAQ: NVDA) Директорлар кенгаши корпорация президенти, бош директори ва кенгаш аъзоси Женсен Ҳуанг ўз лавозимидан истеъфога чиқди. Унинг ўрнига компаниянинг амалдаги ижрочи вице-президенти ва молиявий директори Колетт Кресс вақтинчалик бош директор этиб тайинланди.

Колетт Кресс доимий бош директор тайинлангунга қадар ҳам вақтинчалик раҳбар, ҳам молиявий директор вазифаларини бажариб туради. Директорлар кенгаши доимий бош директор лавозимига ички ва ташқи номзодларни излашни бошлаган. Маълумот учун, Кресс Nvidia'га 2013 йилнинг сентябрида қўшилган бўлиб, бунгача «Cisco» ва «Microsoft» каби йирик технологик компанияларда қарийб 25 йиллик тажрибага эга бўлган.

Ўзгаришлар доирасида Директорлар кенгаши тарихда биринчи марта раис лавозимини жорий қилди ва унга Ҳарви Жонсни тайинлади. Жонс 30 йилдан ортиқ тажрибага эга тадбиркор ва инвестор бўлиб, аввалроқ «Synopsys» компаниясининг бош директори ва ижрочи раиси бўлиб ишлаган.

«Колетт Nvidia'ни фавқулодда ўсиш даврида бошқаришга ёрдам берди ва бизнинг бизнесимиз, мижозларимиз, операцияларимиз ҳамда молиявий ҳолатимизни чуқур тушунади. Кенгаш Колетт ва раҳбарият жамоасига тўлиқ ишонади. Компаниянинг фаолияти, мижозлар олдидаги мажбуриятлари ва маҳсулотлар режаси ҳеч қандай узилишларсиз давом этишини кутмоқдамиз», — деди Директорлар кенгашининг янги раиси Ҳарви Жонс.

Ўз навбатида, Колетт Кресс Женсен Ҳуангнинг компания ривожидаги ўрнини алоҳида эътироф этиб, унинг ишини давом эттиришини таъкидлади.

«Nvidia'нинг кучи ҳар доим унинг одамларида бўлган ва мен раҳбарият жамоамиз билан биргаликда Женсен сўнгги 33 йил давомида яратган фавқулодда пойдеворни янада мустаҳкамлашга содиқман. Биз Nvidia'ни тезлаштирилган ҳисоблашлар ва сунъий интеллект соҳасида етакчига айлантирган ишларни давом эттирамиз. Асосий эътиборимиз мижозларимиз, ҳамкорларимиз, дастурчиларимиз ва акциядорларимизга хизмат кўрсатишга қаратилади», — деди вақтинчалик бош директор Колетт Кресс.

Маълумот учун

Женсен Ҳуанг 1993 йилда Крис Малаховский ва Кёртис Прем билан биргаликда Nvidia компаниясига асос солган. У компанияни ташкил этилганидан буён бошқариб келаётган эди. Ҳуанг раҳбарлиги даврида Nvidia график процессорлар ишлаб чиқарувчи компаниядан сунъий интеллект учун чиплар ва ҳисоблаш тизимлари етказиб берувчи дунёдаги энг йирик технологик корпорациялардан бирига айланди.

Сўнгги йилларда, айниқса генератив сунъий интеллект технологияларига талаб кескин ошиши ортидан, Nvidia маҳсулотлари жаҳон технология бозорида стратегик аҳамият касб этди. Компаниянинг H100, H200 ва Blackwell туркумидаги чиплари йирик технологик корпорациялар ва маълумотлар марказлари учун муҳим инфратузилма воситасига айланди.

Бироқ 2026 йил ноябрида компания раҳбарияти атрофида жиддий можаро юзага келди. Оммавий ахборот воситаларида Ҳуангнинг шахсий муносабатлари ва Хитой махсус хизматлари билан алоқадорликда гумон қилинган шахс билан муносабати ҳақида хабарлар тарқалди. Бу маълумотлар ортидан Nvidia директорлар кенгаши мустақил текширув бошлади. Ҳуанг эса ходимларга йўллаган мурожаатида оиласи олдидаги хиёнатни тан олгани ҳақида хабар берилди.

Теглар

Мавзуга оид