Октябрда аҳоли энг кўп гўшт, сут ва ёқилғи қимматлаганини сезди
Аҳоли сезган инфляция 10,2 фоизга етиб, энг юқори кўрсаткич Тошкентда, энг пасти эса Қорақалпоғистонда кузатилди.

Марказий банк 2026-йил октябр ойи якунлари бўйича аҳоли ўртасида ўтказилган инфляцион кутилмалар ва сезилган инфляция бўйича сўров натижаларини эълон қилди.
3 минг 500 респондент иштирок этган тадқиқотга кўра, октябр ойида аҳоли томонидан сезилган инфляция даражаси ўтган ойга нисбатан 1 фоиз бандга ошиб, 10,2 фоизни ташкил этган.
Таққослаш учун, октябр ойида мамлакатда расмий йиллик инфляция 6,5 фоиз бўлган. Яъни аҳоли сезган нархлар ўсиши расмий кўрсаткичдан 3,7 фоиз бандга юқори бўлган. Чунки сезилган инфляция аҳолининг нархлар ошиши ҳақидаги баҳосини, расмий инфляция эса нархларнинг амалдаги ўзгаришини акс эттиради.
Ҳудудлар орасида энг юқори сезилган инфляция Тошкент шаҳрида — 12,1 фоиз, энг паст кўрсаткич эса Қорақалпоғистонда — 8,5 фоиз даражасида қайд этилган. Пойтахт ва Қорақалпоғистон ўртасидаги фарқ 3,6 фоиз бандни ташкил этган.
Соҳалар кесимида ахборот технологиялари ва оммавий ахборот воситалари соҳасида ишловчилар нархлар ўсишини нисбатан юқори — 11,1 фоиз даражасида баҳолаган. Умумий овқатланиш соҳасида эса бу кўрсаткич 8,6 фоиз бўлган.
Ойига 7 миллион сўмдан кўп даромад оладиган аҳоли нархлар ошишини бошқаларга қараганда кўпроқ сезган.
Қайси маҳсулотлар кўпроқ қимматлашган?
Сўровда қатнашганларнинг 52 фоизи гўшт ва сут маҳсулотлари, 47 фоизи бензин ва ёқилғи нархлари ошганини билдирган.
Шунингдек, респондентларнинг 38 фоизи электр энергияси ва табиий газ, 24 фоизи йўлкира ва ташиш хизматлари, 22 фоизи эса умумий овқатланиш хизматлари қимматлаганини қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, сентябр ойида аҳоли сезган инфляция 9,2 фоизни ташкил этган. Ўшанда ҳам респондентлар энг кўп гўшт ва сут маҳсулотлари қимматлаганини қайд этган.





