Logo

Ўзбекистон ва Тожикистон юк ташиш жараёнларини соддалаштирмоқчи

Томонлар қурилиш материалларини ташиш харажатларини камайтириш, вагонлардан юк туширишни тезлаштириш ва чегара пунктларидан юкларни ўтказишни енгиллаштириш масалаларини муҳокама қилди.

Ўзбекистон ва Тожикистон юк ташиш жараёнларини соддалаштирмоқчи © RIA Novosti

Ўзбекистон ва Тожикистон ўзаро юк ташишни тезлаштириш ҳамда Ўзбекистондан экспорт ҳажмини ошириш бўйича қисқа муддатда чоралар кўришга келишиб олди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар берди.

Мазкур масалалар транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ва Тожикистон иқтисодий тараққиёт ва савдо вазири ўринбосари Рухшона Насриддинзода бошчилигидаги делегация учрашувида кўриб чиқилди.

Музокараларда Ўзбекистондан Тожикистонга автомобиль транспортида қурилиш материалларини олиб ўтиш учун ундириладиган йиғимларни мақбуллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, темирйўл орқали Тожикистонга етказилаётган экспорт юкларини вагонлардан туширишни тезлаштириш кўриб чиқилди.

Томонлар чегара пунктларининг ўтказувчанлигини ошириш, экспорт ва транзит жараёнларини соддалаштириш ҳамда юк ташувчилар учун қулай шароит яратиш юзасидан ҳам фикр алмашди.

Учрашув якунида муҳокама қилинган масалалар бўйича зарур чораларни қисқа муддатда амалга оширишга келишилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тожикистон Ўзбекистон билан қўшма инвестиция компаниясининг фаолият шартларини ўзгартиришни режалаштираётгани ҳақида ёзгандик.

Теглар

Мавзуга оид

Ўзбекистон ва Тожикистон юк ташиш жараёнларини соддалаштирмоқчи | Vaqt.uz