Logo

Тошкентдаги Бўзсув канали бўйида янги сайилгоҳ ташкил этилади

Кеча 15:402 дақиқа

Юнусободдаги Бўзсув канали қирғоғи дам олиш масканига айлантирилади. Ободонлаштириш ишлари 11 таси (Бектемир туманидан ташқари) тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи, умумий узунлиги 66,55 километр бўлган канал қисмларини қамраб олади.

Тошкентдаги Бўзсув канали бўйида янги сайилгоҳ ташкил этилади © Videodan kadr

Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги Бўзсув канали қирғоғида пиёдалар сайилгоҳи, велосипед йўлаги, эшкак эшиш маркази ҳамда ресторанларни ўз ичига олган янги дам олиш маскани ташкил этилади. Мазкур ишлар пойтахтдаги умумий узунлиги 66,5 км бўлган бешта канал қирғоқларини ободонлаштириш доирасида амалга оширилади. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Умумий ҳисобда Тошкентнинг 12 та туманидан 11 таси (Бектемир туманидан ташқари) ҳудудидан ўтувчи Бўзсув, Салор, Дамаши, Жун ва Бўрижар каналлари қирғоқларини сайр қилиш учун қулай ва замонавий зоналарга айлантириш кўзда тутилган.

Яқинда ўтказилган жамоатчилик эшитувида Юнусобод тумани ҳокими Аброрхўжа Саидалиев томонидан тақдим этилган Бўзсув канали лойиҳасига кўра, ҳудудда сув бўйида дам олиш жойлари, балиқчилар учун кичик пирслар ва томоша майдончалари қурилади. Дам олиш зоналари ёритиш тизими ва видеокузатув билан қамраб олинади.

Шунингдек, канал бўйлаб байдарка ва каяклар сақланадиган сузувчи причалларга эга эшкак эшиш маркази, канал бўйидаги бўш майдонларда эса панорамали ойналарга эга очиқ ёзги террасали кафе ва ресторанлар жойлаштирилиши маълум қилинди.

Ноқонуний қурилмаларни бузиш ва дарахтларни сақлаш

Ободонлаштириш ишлари бошланишидан олдин ҳудудда дендрологик текширув ўтказилади. Соғлом дарахтлар сақлаб қолиниб, сайр йўлаклари уларнинг танасини айланиб ўтадиган тарзда қурилади. Ҳолати ёмон бўлган дарахтлар ва айлант (инвазив ўсимлик) ўсимталари кесилиб, уларнинг ўрнига йирик ўлчамли дарахтлар экилади.

Ҳозирга қадар расмийлар томонидан каналларнинг муҳофаза зоналарида умумий майдони 11,4 гектар бўлган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш бўйича 326 та ҳолат аниқланган. Уларнинг 275 тасида (84 фоиз) ноқонуний қурилмалар бузиб ташланган ва участкалар очилган. Бўзсув каналининг Юнусобод туманидаги қисмида эса маҳаллий аҳоли томонидан баланд деворлар билан ўраб олинган 60 га яқин ноқонуний қурилманинг аксарияти демонтаж қилинган.

«Мана шу ҳудудларга қаранг. Ахир бу ерлардан шуларни эгаллаб олган одам фойдаланмоқда, жамоатчилик эса фойдалана олмаяпти, тўғрими? Масалан, сиз сув бўйига чиқиб сайр қилмоқчи бўлсангиз, бу ердан бемалол ўта олмайсиз», — деди туман ҳокими.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентнинг 8 та маҳалласида ҳавони тозалаш учун сунъий кўллар барпо этилаётгани ҳақида хабар берилганди

Теглар

Мавзуга оид