Ўзбекистонда «муҳим тўлов ташкилоти» тушунчаси жорий этилмоқда

Bugun 12:252 daqiqa

Сенат маъқуллаган қонунга кўра, бозордаги йирик ўйинчилар алоҳида тоифага ажратилиб, уларга нисбатан кучайтирилган назорат жорий этилади.

Ўзбекистонда «муҳим тўлов ташкилоти» тушунчаси жорий этилмоқда © senat.uz

Ўзбекистон қонунчилигига муҳим тўлов ташкилоти тушунчаси киритиляпти ва қўшимча талаблар белгиланмоқда. Бу бугун, 8-апрел куни Сенатнинг ялпи мажлисида муҳокама қилинган ва сенаторлар томонидан маъқулланган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунда белгиланмоқда.

«Тўлов тизимларимизда бозор охирги пайтларда ривожланди. Асосан мана шу стартаплар, финтех компаниялар орқали ривожланяпти. Кичик-кичик стартаплардан кейинчалик йирик-йирик тўлов ташкилотларига айланяпти кўп ташкилотларимиз. Умумий бозорни таҳлил қиладиган бўлсак, учтадан бештагача энг йирик тўлов ташкилотларимиз бозорда 80 фоиз атрофидаги хизматларни қамраб оляпти. Шу нуқтаи назардан, биз тўлов ташкилотларини икки хил категорияга бўляпмиз. Буни рискка асосланган назоратни жорий қилиш мақсадида мутаносиб назорат деймиз, яъни йирикларига нисбатан талаблар қаттиқроқ бўлади, кичикларига нисбатан талаблар юмшоқроқ», – дея қонунчиликка киритилаётган ўзгаришларни тушунтирди Марказий банк раиси ўринбосари Санжар Носиров.

Муҳим тўлов ташкилотларига алоҳида талаблар бўлади

Унинг айтишича, тўлов бозорида рискларни камайтириш учун тенг талаблар қўйилса, кичикроқ ташкилотлар, яъни стартаплар талабларни бажаришга қийналиб қолади. Шу нуқтаи назардан муҳим тўлов ташкилотларига алоҳида талаблар бўлиши белгиланмоқда.

Тўлов хизматини кўрсатадиган ташкилот мижозлар базаси ҳисобга олинади, қайта ишланадиган транзакциялар ҳажми, суммаси ҳисобга олинади, унинг бозордаги улуши ҳамда молиявий кўрсаткичларини ҳисобга олиб, Марказий банк муҳим тўлов ташкилотига ажратиб олади ва буни мутаносиб назорат қилади.

«Бу барқарор ривожланишга олиб келади. Биринчидан, кичик тўлов ташкилотларига нисбатан шу бозорга кириш учун шартлар сал енгилроқ. Бозорда фаолият юритиш енгилроқ бўлганлиги учун кичик ташкилотларда ҳам йирикроққа айланишга имконият бўлади. Йирик ташкилотларни қатъийроқ назорат қилганимиз орқали эса нафақат ривожланиш, балки барқарор ривожланиш бўлади деган фикрдамиз», – деди Санжар Носиров.

Маълумот учун, бугунги кунда тўлов хизматлари бозорида 44 та тўлов ташкилотлари фаолият кўрсатяпти ва улар томонидан 333 триллион сўмлик тўловлар ўтказилганлиги қайд қилинган. Амалдаги тартибга кўра, барча тўлов ташкилотлари тенг шартлар асосида фаолият кўрсатади ва Марказий банк буни мувофиқлаштиради ва тенг талаблар билан уларга талабларни белгилайди. Янги қонун 7¹-моддаси билан тўлдирилмоқда ва 10-, 11-моддалар орқали муҳим тўлов ташкилоти тушунчаси киритиляпти.

Teglar

Mavzuga oid

Ўзбекистонда «муҳим тўлов ташкилоти» тушунчаси жорий этилмоқда | Vaqt.uz