add

Доллар сўнгги ўн йилликда энг кескин йиллик пасайди: бунга сабаб нимада?

Bugun 08:584 daqiqa

АҚШ доллари 2017 йилдан бери энг кескин йиллик пасайишни қайд этди. Уолл-стрит банклари 2026 йилда ҳам у янада заифлашишини тахмин қилмоқда. Бу ҳолат Федерал захира тизими (ФЗТ) фоиз ставкаларини пасайтиришда давом этаётган бир пайтга тўғри келмоқда.

Доллар сўнгги ўн йилликда энг кескин йиллик пасайди: бунга сабаб нимада?

Долларнинг пасайиши

Жорий йилда АҚШ доллари асосий валюталар саватчасига нисбатан 9,5 фоизга арзонлашди. Бу ҳолат АҚШ президенти Доналд Трамп бошлаган савдо урушидан сўнг юзага келди. Ушбу уруш дунёдаги энг йирик иқтисодиёт тақдири юзасидан хавотирларни келтириб чиқарди ва долларнинг анъанавий равишда инвесторлар учун «ҳимоя макони» эканлиги шубҳа остига қўйилди, деб ёзмоқда Financial Times.

Асосий валюталар орасида евро энг кўп мустаҳкамланди — заифлашиб бораётган долларга нисбатан 14 фоизга ошиб, 1,17 доллар чегарасидан ошиб кетди. Бу кўрсаткич сўнгги марта 2021 йилда кузатилган эди.

«Бу эркин айирбошлаш курсига эга бўлган валюталар тарихи давомида доллар учун энг ёмон йиллардан бири бўлди», — деди Deutsche Bankнинг глобал валюта таҳлилчилари раҳбари Жорж Саравелос. Унинг таъкидлашича, гап — нархларни бозор белгилайдиган, валюта қиймати олтинга боғланмаган сўнгги ярим асрлик давр ҳақида бормоқда.

Дастлаб долларнинг заифлашувига 2025 йил апрелида Трампнинг АҚШнинг савдо ҳамкорларига нисбатан агрессив божлар жорий этиши сабаб бўлди — у пайтда доллар асосий валюталарга нисбатан 15 фоизга тушиб кетган эди, сўнг бироз тикланди. Бироқ ФЗТ сентябрда фоиз ставкаларини яна пасайтира бошлаши унинг қийматига босимни давом эттирмоқда.

 

Таҳлилчилар нима дейишмоқда?

Таҳлилчилар ва сармоядорлар фикрига кўра, келаси йили АҚШ Марказий банки — Федерал захира тизими (ФЗТ) томонидан яна фоиз ставкаларининг пасайтирилиши, шу билан бирга Европадаги марказий банклар, жумладан, Европа Марказий банки (ЕМБ) ставкаларни сақлаб қолиши ёки янада ошириши долларнинг қийматсизланишига олиб келади.

Трейдерлар 2026 йилнинг охиригача ФЗТ ставкани 2 ёки 3 марта — ҳар бири 0,25 фоиз пунктга пасайтириши мумкин, деб тахмин қилмоқда. Шу билан бирга, ЕМБ раҳбари Кристин Лагард жорий ойда «барча вариантлар муҳокама учун очиқ» эканини айтди. ЕМБ ставкаларни ўзгаришсиз қолдирган бўлса-да, иқтисодий ўсиш ва инфляция бўйича прогнозларини оширди.

Уолл-стрит банклари евро 2026 йил охирига бориб 1,20 долларгача мустаҳкамланишини, фунт эса ҳозирги 1,33 доллардан 1,36 долларгача ўсишини кутмоқда.

«Федерал захира тизими дунёнинг бошқа марказий банкларидан фарқли йўл тутаяпти… у ҳанузгача юмшатиш сиёсатини олиб бормоқда», — деди ING’нинг бош халқаро иқтисодчиси Жеймс Найтли.

Дунё миқёсида етакчи валюта саналган долларнинг ҳаракати компаниялар, инвесторлар ва марказий банклар учун катта аҳамиятга эга. Бу йилги кучсиз доллар АҚШ экспортчилари учун қулай бўлса-да, даромадининг бир қисмини АҚШ бозорида қиладиган кўплаб европалик компаниялар учун муаммоли бўлди.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, 2026 йилда долларнинг тақдири Трамп томонидан тайинланадиган ФЗТ янги раҳбарига ҳам боғлиқ бўлади. Агар Жером Пауэллнинг ўрнини эгаллайдиган номзод Оқ уй босими остида фоиз ставкаларини янада пасайтирса, доллар яна қийматсизланиши мумкин.

Financial Times хабарига кўра, инвесторлар АҚШ Молия вазирлигига Пауэллнинг ваколати 2026 йил майида тугаши муносабати билан Кевин Ҳассеттни янги раҳбар сифатида тайинлаш ҳақидаги гап-сўзлардан хавотир билдиришган. Уларга кўра, Ҳассетт Трампга маъқул келиши учун ставкаларни туширишни танлаши мумкин.

Жеймс Найтлига кўра, янги раҳбар ФЗТни «интервенцион ва агрессивроқ» ташкилотга айлантириши, ставкаларни кескин пасайтиришга мойил бўлиши ва кўпроқ интуицияга суяниши мумкин.

Агар ФЗТ Оқ уй таъсири остида қолса, бу яна АҚШ сиёсати юзасидан ишончсизликни оширади — бу ҳолат апрелда Трамп томонидан эълон қилинган «озодлик божлари»дан кейинги ҳафталарда долларга жиддий босим келтирган эди.

Доллар сентябрдаги йиллик энг паст нуқтасидан 2,5 фоизга тикланган. Бу қисман савдо уруши иқтисодиётни рецессияга олиб келади, деган тахминлар ўзини оқламагани билан боғлиқ.

Долларнинг янада ўсишини кутаётганлар таъкидлашича, сунъий интеллектга инвестициялар АҚШ иқтисодиётини Европаникидан тезроқ ўсишига олиб келади. Бу эса ФЗТга ставкаларни чуқур пасайтириш имконини чеклайди.

Бироқ айрим таҳлилчилар фикрига кўра, АҚШ акциялари 2026 йилда ҳам ўсишда давом этса-да, бу долларни қўллаб-қувватламаслиги мумкин.

Гарчи доллар апрелдаги турбулентликдан сўнг барқарорлашган бўлса-да, таҳлилчилар Трампнинг беқарор сиёсати хорижий инвесторларни доллар хатарларини ҳежлашга ундаганини қайд этмоқда.

 

Нега доллар тушяпти?

Deutsche Bank таҳлилчиси Саравелос фикрига кўра, долларнинг тушишига сабаб — глобал инвесторлар, айниқса Европада, ҳежланмаган доллар позицияларига «структуравий қайта баҳо» бермоқда.

Инвесторлар дериватив битимлар орқали хатарларни хедж қилишни кучайтиргани долларга босимни янада кучайтирмоқда.

Teglar

Mavzuga oid