Сиёсий воқеаларнинг давоми: Олимлар, собиқ вазирлар ва депутатлар Жапаровга мурожаатнома йўллади

Kecha 22:152 daqiqa

Мурожаатнома ортидан ҳибсга олишлар бошланган. Улар оммавий тартибсизликларни ташкил этишда гумон қилинмоқда.

Сиёсий воқеаларнинг давоми: Олимлар, собиқ вазирлар ва депутатлар Жапаровга мурожаатнома йўллади

Қирғизистонда муддатидан олдин президентлик сайловларини ўтказиш бўйича президентга мурожаат тайёрланди. Уни имзолаган уч нафар фуқаро қўлга олинган. Бу ҳақда мамлакат Ички ишлар вазирлиги маълум қилди.

Қайд этилишича, улар оммавий тартибсизликларни ташкил этишда гумон қилинмоқда.

«Бугун тергов доирасида мурожаатда кўрсатилган 75 нафар фуқаро ИИВ Тергов хизматига олиб келинди. Жиноят ташаббускорлари ва фаол иштирокчилари сифатида 1955 йилда туғилган Т. Б. ва У. Э. ҳамда 1960 йилда туғилган Д. К. аниқланди. Улар вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилди», — дейилади вазирлик хабарида.

Гумонланувчиларнинг хонадонларида тинтув ўтказилган, ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Мурожаат мазмуни: Олимлар ва собиқ арбоблар талаби

9 феврал куни интернет нашрлари ва оммавий ахборот воситаларида 75 нафар фуқаронинг Садир Жапаров ҳамда Жўқорғу Кенгеш спикери Нурланбек Тургунбек уулуга йўллаган мурожаати тарқалган эди. Унда дархол янги президентлик сайловларини ўтказиш ташаббуси билан чиқиш талаб қилинган. Мурожаатга олимлар, собиқ бош вазирлар, собиқ депутатлар ва жамоат арбоблари имзо чеккан.

Мазкур ҳолат юзасидан Қирғизистон Жиноят кодексининг 278-моддаси («Оммавий тартибсизликлар») билан жиноий иш қўзғатилган.

Конституциявий талқинлар ва баҳслар

Қирғизистон президенти Садир Жапаров 2021 йилда амалдаги эски Конституция бўйича 6 йил муддатга сайланган эди. Бироқ кўп ўтмай янги таҳрирдаги Конституция қабул қилиниб, унда президентлик муддати 5 йил этиб белгиланди. Шунга қарамай, амалдаги қонунчилик унинг ҳозирги ваколатини янги Конституция бўйича «биринчи муддат» сифатида ҳисобга олган.

Айни шу ҳолат турлича талқинларга сабаб бўлмоқда: айримлар президентлик муддатини янги Конституцияга мувофиқлаштириш учун муддатидан олдин сайловлар ўтказиш зарур деб ҳисобласа, бошқалар президент қонуний равишда сайлангани боис олти йиллик муддатни тўлиқ якунлаши керак деган фикрда.

Мурожаатда қайд этилишича, ҳуқуқшунослар ва сиёсатчилар ўртасида ҳам бу борада якдиллик йўқ — баъзилар сайловни юзага келган вазиятдан чиқишнинг ягона йўли деб билса, бошқалар олти йиллик муддат тугашини кутишни таклиф қилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid