add

Ўзбекистон ташқи савдоси: 2025 йилда мамлакат кимлар билан олди-берди қилди?

2025 йилда республиканинг ташқи савдо айланмаси (ТСА) 81 млрд АҚШ долларидан ошди. Бу кўрсатгич 2024 йилга нисбатан 13 928,4 млн АҚШ долларига ёки 20,7 фоизга кўп.

Ўзбекистон ташқи савдоси: 2025 йилда мамлакат кимлар билан олди-берди қилди?

2025 йил январь–декабрь ойларида Ўзбекистон Республикасининг ташқи савдо айланмаси 81,2 млрд АҚШ долларига етди. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 13,9 млрд долларга ёки 20,7 фоизга ошди. Савдо фаоллигининг ўсиши иқтисодиётда ишлаб чиқариш, логистика ва ташқи бозорлар билан алоқаларнинг кенгайиши билан боғлиқ бўлди. Ҳисобот даврида ташқи савдо баланси 13,5 млрд доллар миқдорида манфий сальдо билан якунланди.

1

Экспорт ва импорт нисбати

Йил давомида экспорт ҳажми 33,8 млрд АҚШ долларини ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 24 фоизга ўсди. Импорт эса 47,4 млрд долларга етиб, 18,5 фоизлик ўсиш қайд этилди. Импорт ҳажмининг юқорилиги асосан инвестициявий товарлар ва технологик ускуналар олиб кирилиши билан изоҳланади.

Асосий савдо ҳамкорлари

Ўзбекистон 2025 йилда жаҳоннинг 210 та давлати билан савдо муносабатларини амалга оширди. Ташқи савдо айланмасида энг катта улуш Хитойга тўғри келиб, 21,2 фоизни ташкил этди. Кейинги ўринларда Россия (16,0 фоиз), Қозоғистон (6,1 фоиз), Туркия (3,7 фоиз) ва Корея Республикаси (2,1 фоиз) қайд этилди.

2

Экспорт таркиби ва асосий товар гуруҳлари

2025 йилда Ўзбекистон экспорти таркибида товарлар улуши 71,1 фоизни ташкил этди. Экспорт қилинган маҳсулотлар орасида саноат товарлари 11,8 фоиз билан етакчи ўринни эгаллади. Шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар улуши 8,7 фоизни, кимёвий воситалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар 6,3 фоизни, ҳар хил тайёр маҳсулотлар эса 5,0 фоизни ташкил қилди.

3

Экспорт географияси ва асосий ҳамкорлар

2025 йил январь–декабрь ойларида товарлар ва хизматлар экспорти бўйича асосий ҳамкор давлатлар қаторида Россия (12,8 фоиз), Хитой (7,3 фоиз), Қозоғистон (4,6 фоиз), Афғонистон (4,5 фоиз), Туркия (3,4 фоиз) ва Франция (2,6 фоиз) қайд этилди. Шунингдек, Қирғиз Республикаси, БАА, Тожикистон ва Покистон ҳам муҳим экспорт бозорлари ҳисобланди. Ушбу давлатлар ҳиссасига умумий экспортнинг 40 фоиздан ортиқ қисми тўғри келди.

4

Мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти

Ҳисобот даврида мева ва сабзавот маҳсулотлари экспорти сезиларли ўсишни намоён қилди. 2025 йилда 2,16 млн тонна мева ва сабзавот экспорт қилинди, бу ўтган йилга нисбатан 6,2 фоизга ёки 126,6 минг тоннага кўпдир. Қиймат ифодасида ушбу маҳсулотлар экспорти 2,12 млрд АҚШ долларига етди ва 36,9 фоизлик ўсиш қайд этилди. Натижада мева-сабзавот маҳсулотларининг жами экспортдаги улуши 6,3 фоизни ташкил қилди.

5

Тўқимачилик маҳсулотлари экспорти

2025 йил якунида тўқимачилик маҳсулотлари экспорти 2,63 млрд АҚШ долларига тенг бўлиб, умумий экспортнинг 7,8 фоизини ташкил этди. Шу билан бирга, ушбу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 8,2 фоизга камайди. Экспорт қилинган тўқимачилик маҳсулотлари таркибида тайёр тўқимачилик маҳсулотлари 54,3 фоиз, ип-калава эса 27,0 фоиз улуш билан асосий ўринни эгаллади.

6

Хизматлар экспортида ўсиш

2025 йил январь–декабрь ойларида хизматлар экспорти ҳажми 9,76 млрд АҚШ долларини ташкил этиб, жами экспортнинг 28,9 фоизига тенг бўлди. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 28,9 фоизга ўсди. Хизматлар экспорти таркибида сафарлар 50,0 фоиз, транспорт хизматлари 33,0 фоиз, телекоммуникация, компьютер ва ахборот хизматлари 9,4 фоиз улуш билан етакчи йўналишлар бўлиб қолди.

7

Импорт ҳажми ва таркиби

2025 йил январь–декабрь ойлари якунига кўра импорт ҳажми 47,4 млрд АҚШ долларига етди ва 2024 йилга нисбатан 18,5 фоизга ўсди. Импорт таркибида энг катта улуш машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари ҳиссасига тўғри келиб, улар умумий импортнинг 33,8 фоизини ташкил этди. Шунингдек, саноат товарлари (15,3 фоиз) ҳамда кимёвий воситалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар (11,8 фоиз) импортда салмоқли ўрин эгаллади.

8

Товар ва хизматлар импорти динамикаси

Товарлар импорти динамикасига кўра, 2025 йилда импорт қилинган товарлар ҳажми ўтган йилга нисбатан 6,8 млрд АҚШ долларига ошди ва 42,1 млрд долларга етди. Бу ҳолат иқтисодиётда инвестициявий фаоллик сақланаётгани, саноат ва инфратузилма соҳаларида талаб юқорилигини кўрсатади. Хизматлар импорти ҳажми эса 5,27 млрд доллар бўлиб, жами импортнинг 11,1 фоизини ташкил этди.

10

Импорт географияси ва асосий ҳамкорлар

2025 йилда Ўзбекистон 180 дан ортиқ давлатдан товар ва хизматлар импорт қилди. Асосий ҳамкор давлатлар қаторида Хитой (31,2 фоиз), Россия (18,3 фоиз), Қозоғистон (7,2 фоиз), Туркия, Корея Республикаси, Германия ва Ҳиндистон қайд этилди. Ушбу давлатлар ҳиссасига жами импортнинг 60 фоиздан ортиқ қисми тўғри келди, хизматлар импортида эса сафарлар ва транспорт хизматлари устун бўлди.

Teglar

Mavzuga oid